Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Урбанизация жараёнлари – инсоният тараққиётининг табиий босқичи бўлиш баробарида, давлатлар олдига янги ва мураккаб вазифаларни кўндаланг қўймоқда.
Аҳоли сонининг ўсиши, шаҳарларга кўчиш суръатларининг тезлашуви, уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши, иқлим ўзгариши ва миграция тўлқинлари шаҳарларни оддий яшаш манзили эмас, балки ижтимоий барқарорлик, иқтисодий имконият ва экологик хавфсизликнинг ҳал қилувчи маконига айлантирмоқда.
Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбарининг Бокудаги Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси доирасида ўтказилган Етакчилар саммитида сўзлаган нутқи ҳамда илгари сурган ташаббуслари Янги Ўзбекистоннинг урбанизация масаласига инсон қадри, ижтимоий адолат ва келажак авлодлар олдидаги масъулият асосида ёндашаётганини яна бир бор намоён этди.
Айниқса, Президентимизнинг «барча учун уй-жой» ғоясига урғу бергани партиямиз учун алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, муносиб уй-жой – шунчаки бошпана эмас. Бу инсон саломатлиги, фарзандлар таълими, оила барқарорлиги, меҳнат унумдорлиги, шунингдек, шахснинг жамиятда ўзини тўлақонли аъзо сифатида ҳис этиши билан бевосита боғлиқ ижтимоий ҳуқуқдир.
Президентимиз нутқида келтирилган рақамлар ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг кўламини яққол кўрсатиб турибди. Сўнгги ўн йилда мамлакатимизда қурилаётган уй-жойлар сонининг бир неча баробар ошгани, арзон уй-жой дастурларига сезиларли маблағлар йўналтирилаётгани, 100 мингга яқин хонадонга ҳуқуқий ҳужжатлар расмийлаштириб берилгани – буларнинг барчаси одамларнинг йиллар давомида тўпланиб келган ҳаётий муаммоларига амалий ечим топилаётганидан далолат беради.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни таъкидлаш лозим: урбанизация фақат пойтахт ёки йирик шаҳарларнинг ривожи билан чекланмаслиги керак. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган «мутаносиб урбанизация» тамойилини кенг жорий этиш ташаббуси айнан шу жиҳатдан алоҳида эътиборга эга. Бу – кичик ва ўрта шаҳарларни ҳам замонавий инфратузилма, иш ўринлари, сифатли таълим ва тиббиёт хизматлари, қулай транспорт ҳамда бой маданий муҳит билан таъминлаш, ҳудудлар ўртасидаги имкониятлар тафовутини камайтириш демакдир. Зотан, ижтимоий адолат, аввало, инсон қаерда яшашидан қатъи назар, тенг имкониятларга эга бўлиши билан ўлчанади. Шу маънода, «Янги Ўзбекистон» массивларининг мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётгани – ҳудудий адолатни таъминлаш йўлидаги изчил ва амалий қадамдир.
Бокуда илгари сурилган «Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси»ни ташкил этиш ташаббуси ҳам бугунги давр талабларига тўла мос келади. Рақамли технологиялар шаҳар бошқарувини шаффоф, тезкор ва аҳоли учун қулай қилишга, фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Президентимизнинг экологик барқарор шаҳарлар масаласига алоҳида эътибор қаратгани ҳам ниҳоятда муҳимдир. «Яшил макон», «Тоза ҳаво» дастурлари ҳамда шаҳарларда яшиллик даражасини ошириш бўйича белгиланган вазифалар бугунги ва келажак авлодлар саломатлиги билан бевосита боғлиқ. Шаҳарларимизда барпо этилаётган ҳар бир хиёбон, қурилаётган ҳар бир пиёдалар йўлаги ва соф ҳаво маконлари – инсон саломатлигига киритилаётган инвестициядир.
Шу маънода, БМТ-Ҳабитатнинг «Яшил шаҳар» халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббуси нафақат рамзий, балки чуқур амалий аҳамиятга эгадир. Ушбу ташаббус шаҳарларни экологик масъулият, яшил инфратузилма, энергия тежамкорлиги, чиқиндиларни бошқариш ва аҳоли саломатлиги мезонлари асосида соғлом рақобатга ундайди ҳамда мамлакатлар ва шаҳарлар ўртасидаги илғор тажриба алмашинувини янги поғонага кўтаради.
Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини 2030 йилда Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳамда унинг бош мавзусини «Шаҳарларнинг барқарор ривожланишида маҳалла институтининг ўрни» деб белгилаш таклифи мамлакатимизнинг миллий бошқарув тажрибасини халқаро минбарга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлади. Зотан, маҳалла – халқимиз учун шунчаки маъмурий тузилма эмас, балки ижтимоий ҳамжиҳатлик, ўзаро кўмак, тарбия, масъулият ва жамоатчилик назорати мактабидир. Унинг асрлар давомида сақланиб келаётган қадриятлари бугунги шаҳарсозлик сиёсатига инсонийлик руҳини сингдиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Бокуда илгари сурилган ташаббуслар Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширади ҳамда мамлакатимизда инсон қадрига асосланган, замонавий ва адолатли шаҳарсозлик сиёсатига янги суръат ва янги мазмун бағишлайди.
