Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги XVIII Пленуми бўлиб ўтди. Йиғилишда партиянинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлилий ва танқидий руҳда сарҳисоб қилиниб, ташкилий-партиявий, мафкуравий, парламент ҳамда жамоатчилик билан ишлаш йўналишларида амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ҳудудларда партия лойиҳалари самарадорлигини янада оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Пленум ишида партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар кенгашлари раислари, шунингдек, ZOOM платформаси орқали партиянинг ҳудудий кенгашлари вакиллари, «Замондош аёллар» клуби ҳамда «Ёш адолатчилар» ҳаракати республика кенгашлари фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Пленумни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова очиб, мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат бошқарувини такомиллаштириш, инсон қадрини улуғлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ва адолат тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ушбу жараёнда партиянинг сиёсий майдондаги ўрни ва масъулияти тобора ортиб бораётгани алоҳида қайд этилди.
– Ҳисобот даврида партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, парламент ва депутатлик назоратини изчил амалга оширди, қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сурди, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этди. Бугунги Пленум ана шу ишларни атрофлича сарҳисоб қилиш, шу билан бирга, келгусидаги устувор вазифаларимизни белгилаб олишда муҳим босқич ҳисобланади, – деди партия раҳбари.
Кун тартибига мувофиқ, пленумда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг ҳисоботи, шунингдек, ташкилий, мафкуравий, ахборот-коммуникация ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишларига оид муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Дастлаб партия Сиёсий Кенгаши раисининг сиёсий-мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Абдукамол Рахмонов ҳисобот берди. Маърузада партиянинг Сайловолди дастурида белгиланган ғоя ва мақсадларни аҳолига етказиш, жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотни кучайтириш ҳамда партия ташаббусларининг ижтимоий таъсирчанлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида партия Сайловолди дастури доирасида ўндан ортиқ лойиҳа асосида республика миқёсида 29 минг 371 та мафкуравий тадбир ўтказилиб, уларда 564 минг 208 нафар фуқаро қамраб олинди. Биргина 2026 йилнинг биринчи чорагида 5 минг 964 та тадбир ташкил этилиб, 140 минг 344 нафар иштирокчи бевосита жалб қилинди.
Партия томонидан коррупцияга қарши курашиш, одам савдосининг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш каби йўналишларда тизимли тарғибот ишлари олиб борилди. Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» эълон қилиниб, партия Ижроия Қўмитаси ва фракциясининг қўшма йиғилишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ойлик доирасида 9 минг 262 та тарғибот тадбири ташкил этилди.
Партия Сиёсий Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ишлар ва кадрлар бўйича ўринбосари Озода Парпибаева ўз маърузасида ҳисобот даврида партия сафининг кенгайиб бораётгани, бошланғич партия ташкилотлари фаолияти ва ҳудудий Кенгашлар масъулияти масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда партия аъзолари сони 1 миллион 333 минг 352 нафарга етди. Уларнинг 53,9 фоизи – хотин-қизлар, 39,1 фоизи эса ёшлардир. Бошланғич партия ташкилотлари сони 9 минг 81 тани ташкил этмоқда.
Хотин-қизлар йўналишида «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида 1 минг 371 марта давра суҳбати ташкил этилди, 20 минг 450 нафар хотин-қиз билан мулоқот қилинди. Улардан 510 нафарига турли йўналишларда амалий ёрдам кўрсатилди. Зўравонликка учраган 93 нафар аёлга «Ҳимоя ордери» расмийлаштириш бўйича ҳуқуқий маслаҳат орқали кўмак берилди. «Биз зўравонликка қаршимиз!» шиори остидаги акция доирасида ўтказилган тадбирларда қарийб 18 минг нафар иштирокчи қамраб олинди.
Аёллар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида ҳам амалий натижалар салмоқли. «Саратонни эрта аниқла – ҳаётингни сақла» акцияси доирасида республика бўйича 500 та тиббий кўрик ташкил этилди. Уларда 25 минг нафар хотин-қиз иштирок этиб, 247 нафарида касалликнинг турли босқичлари аниқланди. Бу рақамлар партия лойиҳалари қоғозда эмас, инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ реал натижаларга хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.
«Ёш адолатчилар» қаноти томонидан 5 минг 430 та тадбир ўтказилиб, 232 минг 191 нафар ёш қамраб олинди. «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акциясида 18 минг 644 нафар кўнгилли иштирок этди. Акция давомида 10 минг 976 нафар донор қатнашиб, 5 тоннадан зиёд донорлик қони йиғилди.
Шу билан бирга, Пленумда мавжуд камчиликлар ҳам очиқ айтилди. Бошланғич партия ташкилотларини ташкил этиш бўйича айрим ҳудудларда ўсиш суръатлари республика ўртача кўрсаткичидан ортда қолаётгани, аъзоликка қабул қилиш борасида Тошкент вилояти Кенгаши кўрсаткичи нисбатан пастлиги, «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик акциясини ташкил этишда Андижон, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари етарли фаоллик кўрсатмагани танқидий руҳда қайд этилди. Бу эса, аввало, ҳудудий ташкилотлар ишини жонлантириш, ташаббускорликни ошириш ва ҳар бир партия фаолининг масъулиятини кучайтиришга жиддий киришилаётганидан далолатдир.
«Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида» лойиҳаси доирасида 17 минг 376 та мактабгача таълим муассасасида тиббий кўриклар ташкил этилди. Жами 1 миллион 364 минг 960 нафар бола яссиоёқлик ва сколиоз хасталикларини аниқлаш бўйича кўрикдан ўтказилди. Натижада 18 минг 243 нафар болада яссиоёқлик, 3 минг 607 нафарида эса сколиознинг дастлабки аломатлари кузатилди. Бу маълумотлар болалар саломатлиги масаласида профилактик ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатди.
Маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари томонидан масъулларга 2 минг 661 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг 1 минг 751 таси, яъни 65,8 фоизи ижобий ҳал этилди. Депутатлар сайловчилар билан 3 минг 610 марта учрашув ўтказиб, 253 минг 161 нафар фуқаро билан якка тартибда мулоқот қилди. Аҳолидан келиб тушган 4 минг 59 та мурожаатнинг 3 минг 128 таси ижобий ечим топди.
Партия Сиёсий Кенгаши раисининг ахборот ва ижтимоий коммуникациялар бўйича ўринбосари Ислом Ҳамроев матбуот хизмати, партия нашри ва ижтимоий тармоқлардаги ахборот сиёсати самарадорлиги ҳақида маъруза қилиб, Матбуот хизмати фаолияти ҳар жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Партия Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, cунъий интеллект, киберхавфсизлик, ижтимоий тармоқлардаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ахборот маданияти ва жамоатчиликни ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича мунозара клублари, видеоподкастлар ҳамда таҳлилий-танқидий материаллар кенг аудитория эътиборига ҳавола этилди.
Партия Матбуот хизмати томонидан ўндан ортиқ мунозара клуби ва подкаст тайёрланди. Жумладан, «Фармацевтика соҳасининг аҳоли саломатлигини таъминлашдаги роли: халқаро ва Ўзбекистон тажрибаси» мавзусидаги мунозара клуби «O‘zbekiston 24» ва «O‘zbekiston» телеканалларида намойиш этилиб, 50 дан ортиқ сайтда ёритилди. Мазкур материал бўйича 575 минг 683 та шарҳ билдирилиб, умумий қамров 1 миллион 845 мингдан зиёд кишига етди.
Хусусий тиббиёт соҳасидаги муаммоларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқишда фракция аъзоси, депутат Гулнора Абдувоҳидованинг Соғлиқни сақлаш вазирига йўллаган депутатлик сўрови кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Ушбу йўналишдаги расмий материаллар жами 10 миллионга яқин кўрилди. Кейинчалик «Хусусий клиникалардаги нохуш ҳолатларга қачон чек қўйилади?» мавзусидаги мунозара клуби 80 дан ортиқ сайтда ёритилиб, кўришлар сони 8 миллион 670 минг 900 тага, изоҳлар сони 817 минг 583 тага етди.
Айниқса, партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг партия веб-сайти ва «Adolat» газетаси саҳифаларида эълон қилинган «Эркатой ҳайдовчиларни тийиб қўйиш вақти келмадими?!» сарлавҳали таҳлилий мақоласи ҳамда унинг мантиқий давоми сифатида чоп этилган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш барчамизнинг бурчимиз» мақолалари ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Материаллар нафақат мамлакатимиз фуқаролари, балки хориждаги ватандошларимиз томонидан ҳам фаол қўллаб-қувватланди. Натижада уларнинг умумий қамрови қарийб 20 миллион кишига етди.
Айнан мана шундай оммавий резонанс ҳамда жамоатчилик томонидан билдирилган кескин талаблар натижасида партия Матбуот хизмати томонидан мавзуни янада чуқурроқ ва кенгроқ ёритиш мақсадида айни мавзуда кетма-кет икки марта Мунозара клуби ташкил этилди.
«Бугун йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик неча фоиз автоҳалокатларга сабаб бўляпти?» мавзусидаги Мунозара клубини ҳам 90 дан ортиқ сайт ёритди. Telegram каналларида видеолар вирусдек тарқалди. Кўришлар – 3 миллион 450 мингдан зиёд, изоҳлар – 1 миллион 386 мингдан ошди.
Шунингдек, «Йўл ҳалокатлари: инсон ҳаёт ва ўлим чорраҳасида» мавзусидаги Мунозара клуби ҳам жуда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Кўрсатувнинг қамрови кутилганидан зиёд бўлди – жами кўриш ва ўқишлар сони 15 миллион 890 минг 600 маротаба, изоҳлар эса 2 миллион 183 минг 649 тага етди.
Ҳисобот даврида партия томонидан тайёрланган материаллар билан 35 миллиондан ортиқ киши танишди, 8 миллионга яқин изоҳ ва шарҳлар билдирилди. Бу кўрсаткичлар партия ахборот сиёсатининг жамоатчилик фикри билан бевосита ишлаш, долзарб масалаларни очиқ муҳокамага олиб чиқиш ва ечимга йўналтирилган ижтимоий мулоқотни кучайтириш борасида янги босқичга кўтарилганини кўрсатади.
– Ҳудудларда нега маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаолияти жамоатчилик эътирофига сазовор бўлмаяпти, нега ҳудудий Кенгашлар раислари кескин чиқишлар билан халқимиз олқишига сазовор бўлиб, жойлардаги муаммоларни ечишга ҳисса қўшишмаяпти, деган саволларга жавоб топиш вақти келди, – дея ҳудудий раҳбарлар олдига жойлардаги муаммолар юзасидан дадил ва принципиал позиция билдириш вазифаси қўйилди маърузачи томонидан.
Кун тартибидаги навбатдаги масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси раҳбарининг ўринбосари Муҳаммаджон Валиев маъруза қилди. Унда фракциянинг партия электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни қонун ижодкорлиги ва парламент назорати орқали ҳаётга татбиқ этиш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди.
Қайд этилганидек, ўтган даврда фракция аъзолари суд-ҳуқуқ, коррупцияга қарши курашиш, таълим ва тиббиёт соҳаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар олиб борди. Ҳисобот даврида фракция аъзолари жами 10 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишда ҳамташаббускор бўлди. «Фракция – марказ – вилоят – туман» тизими орқали 20 дан ортиқ қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, фуқароларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазалари масъул қўмиталарга тақдим этилди.
Ўтган даврда 2 та парламент эшитуви, 2 та «Ҳукумат соати» ўтказилди, 1 та парламент сўрови йўлланди. Жумладан, Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Маҳкамованинг, адлия вазири А.Ташкуловнинг ахборотлари эшитилди. Спорт вазири А.Икрамов эса соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш юзасидан депутатлар саволларига жавоб берди.
Айниқса, фракциянинг 2026 йил учун давлат бюджети муҳокамасидаги фаол иштироки муҳим аҳамият касб этди. «Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди» учун дастлаб режалаштирилган 30 миллиард сўм маблағ мавжуд эҳтиёжни қоплашга етарли эмаслиги асосли далилланиб, натижада 2026 йилда мазкур фонд учун ажратиладиган маблағ 97 миллиард 387 миллион сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, Хоразм вилояти перинатал марказига 300 миллион сўмлик офтальмоскоп ускунаси ҳамда реанимация бўлими учун қўшимча 30 та койка ажратилиши тасдиқланди. Фракция ташаббуси билан Тошкент шаҳри, Фарғона ва Навоий вилоятларида хоспислар ташкил этиш учун 50 миллиард сўм йўналтирилди. Конимех тумани аҳолиси учун қўшимча тез ёрдам автомобили ажратиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.
Ҳисобот даврида давлат органлари мансабдор шахсларига жами 30 та депутатлик сўрови юборилди. Фракция аъзолари томонидан 18 та тадбир, жумладан, 4 та семинар, 8 та давра суҳбати, 4 та конференция ва 2 та брифинг ўтказилди.
Жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқот ҳам тизимли йўлга қўйилди. Фракция аъзолари 11 та ҳудудда ўрганишлар ўтказиб, 4 минг нафардан ортиқ фуқаро ва тадбиркор билан учрашди. Ҳар ой сайлов округларида 2 минг 668 та учрашув ташкил этилиб, 38 минг 478 нафар аҳоли, жумладан, 3 минг 218 нафар тадбиркорлик субъекти вакиллари қамраб олинди. 1 минг 234 та хонадон, 755 та тадбиркорлик субъекти, 1 минг 274 та ижтимоий соҳа объекти ва 819 та маҳалла фуқаролар йиғини ўрганилди.
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида Оққўрғон, Янгийўл, Чиноз, Паркент ва Ғиждувон туманларида парламент назорати тартибида ўрганишлар ўтказилиб, Иқтисодиёт ва молия, Соғлиқни сақлаш, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ҳамда АТБ «Агробанк»ка аниқ таклифлар киритилди.
Сиёсий Кенгаш раиси Робахон Махмудова Пленум якунида партия фаолиятини «Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!» Сайловолди дастури, «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида белгиланган устувор йўналишлар ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгашининг XVIII Пленуми партия фаолиятининг барча асосий йўналишлари бўйича холис, очиқ ва танқидий таҳлил майдонига айланди. Унда эришилган натижалар билан бирга, мавжуд камчиликлар ҳам рўйирост айтилди, ҳудудий ташкилотлар ва масъуллар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
Энг муҳими, Пленум партиянинг кейинги фаолиятида ташаббускорлик, очиқлик, ҳисобдорлик ва халқ манфаатларига садоқат асосий мезон бўлиб қолишини яна бир бор намоён этди. Зеро, «Адолат» партияси учун халқ овозини эшитиш, унинг дарду ташвишларига ҳуқуқий ва сиёсий ечим излаш, жамиятда адолат тамойилларини қарор топтириш устувор вазифадир.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати
