Ижтимоий адолат барқарор бўлган қудратли келажак барпо этишни мақсад қилган ҳар қандай миллат, аввало, аёллар ва болалар ҳуқуқини кафолатли ҳимоя қилиши зарур. Шу маънода, “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент Фармони мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ижтимоий адолат тамойилларини амалда таъминлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Фармон аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка мутлақо муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Чунки мамлакатимиз қонунчилигида илк бор аёл ва бола ҳуқуқининг маънавий асослари муфассал белгилаб берилмоқда.
Бунда, аввало, эрта никоҳ ва вояга етмаганлар ўртасидаги никоҳ ҳолатларининг олдини олишга қаратилган янги чоралар жорий этилмоқда. Хусусан, никоҳ ёшини пасайтиришга доир истисно ҳолатларини қўллаш тартиби янада қатъийлаштирилади. Бунда ҳар бир ҳолатда ёшларнинг ҳуқуқий, жисмоний ва руҳий манфаатлари устувор мезон сифатида баҳоланади. Эрта никоҳ кўпинча таълимнинг узилиши, ижтимоий ҳимоясизлик, саломатликка хавф ва иқтисодий қарамликка олиб келади. Демак, мазкур чора келажак авлоднинг соғлом ва билимли бўлиб камол топишини таъминлашга хизмат қилади.
Фармонда 16 ёшгача бўлган қизларда ҳомиладорлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, бу ҳақда тегишли органларга ахборот бериш мажбурияти белгиланмоқда. Бу орқали яширин ҳолатларни барвақт аниқлаш, жиноят таркибини ўз вақтида баҳолаш ва жабрланувчини ҳимояга олиш механизми кучайтирилади. Мазкур тартиб ҳуқуқбузарликларни “оилавий масала” сифатида яшириш амалиётига чек қўяди. Ўз навбатида, бундай жиноятлар ҳақида хабар берганлик учун рағбат механизми ишлаб чиқилади.
Эрта никоҳни ёки вояга етмаганлар ўртасидаги мажбурий муносабатларни яширган мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилаётгани алоҳида аҳамиятга эга. Бу давлат органлари ва таълим муассасалари зиммасига юклатилган масъулиятни янада оширади.
Фармонда таълим олиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилган муҳим янгиликлар ҳам назарда тутилган. Жумладан, ҳомиладор талабалар ёки уч ёшгача фарзанди бор аёлларга таълимни узлуксиз давом эттириш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Масофавий таълим шаклларини кенгайтириш, академик таътил бериш тартибини соддалаштириш, индивидуал ўқув режаларини қўллаш каби механизмлар жорий этилади. Ушбу ўзгариш аёлларнинг билим олиш ҳуқуқини реал кафолатлаб, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш борасида ҳам мутлақо янги ёндашув белгиланмоқда. Хусусан, ҳимоя ордери берилган аёллар учун тезкор ёрдам чақирув тизими — махсус мобил иловалар орқали “SOS” сигнали юбориш имконияти жорий этилади. Бу механизм хавф туғилган вазиятда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилишга имкон беради. Натижада, зўравонлик оқибатларини бартараф этиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган профилактик тизим кучаяди.
Фармонда зўравонлик содир этган шахсларни мажбурий руҳий диагностикадан ўтказиш бўйича тартиб ишлаб чиқилиши белгиланган. Бу ёндашув жиноятни фақат жазолаш билан чекламасдан, унинг илдизларини аниқлаш ва келгусида такрорланишининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Психологик коррекция дастурлари жорий этилиши ҳам зўравонликка мойил шахслар билан тизимли ишлаш имконини беради.
Фармон билан жиноят ва маъмурий қонунчиликка киритилаётган ўзгаришлар орқали жисмоний, руҳий ва иқтисодий зўравонлик учун жавобгарлик чоралари аниқлаштирилмоқда. Айниқса, педофилиядек жирканч иллатга умрбод қамоқ жазоси қўллаш назарда тутилаётгани, такроран содир этилган зўравонлик ҳолатларига нисбатан жазо чораларининг кучайтирилиши айни халқимиз кўнглидаги гап бўлди.
Эндиликда аёллар ва болаларга оид ишлар бўйича ихтисослашган терговчилар ва судьялар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Амалиёт шуни кўрсатадики, бундай ишлар умумий тартибда кўрилганда, жабрланувчининг руҳий ҳолати етарлича инобатга олинмаслиги мумкин. Ихтисослашув эса адолатли ва сифатли тергов ҳамда суд муҳокамасини кафолатлайди.
Шунингдек, Фармон талабига кўра, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш вазифаси қўйилмоқда. Бу жамоатчилик назоратини ошириш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва зўравонликка нисбатан муросасиз ижтимоий позицияни шакллантиришга хизмат қилади.
“Адолат” социал-демократик партияси ўз дастурий мақсадларида ижтимоий адолат, тенг ҳуқуқлилик ва қонун устуворлигини таъминлашни устувор вазифа деб билади. Мазкур Фармон айнан шу тамойилларни амалда қарор топтиришга хизмат қилаётгани билан биз учун ғоят аҳамиятлидир.
Аёл — жамият таянчи, бола — миллат келажагидир. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинмаган жамиятда барқарор тараққиёт ҳақида сўз юритиш мумкин эмас. Шу маънода, мазкур фармон нафақат ҳуқуқий ҳужжат, балки маънавий-сиёсий аҳамиятга эга стратегик қарор ҳисобланади.
Ишончимиз комилки, мазкур ташаббуслар натижасида мамлакатимизда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқий ҳимояси янада мустаҳкамланади, зўравонлик ҳолатлари кескин қисқаради ва оила институти янада соғлом асосларда ривожланади.
Адолатли жамият, аввало, заиф қатлам ҳуқуқлари ишончли ҳимоя қилинган жамиятдир. Мазкур фармон ана шундай адолатли жамият барпо этиш йўлидаги мустаҳкам қадамдир.
