Ёшликни умр баҳорига менгзашади. Сабаби, бу олтин давр ҳар биримиз учун шижоат, интилиш, ўзгариш асосида шахсий муваффақиятга эришишда ва жамият ҳаётида муносиб ўрин эгаллашда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шуни аниқ айтиш мумкинки, ёшлигимизда бизга бугунгидек имконият ва шароит яратиб берилмаган. Танлов имкониятимиз ҳам бу қадар кенг бўлмаган.
Бугунги кун ёшлари – миллатимиз фарзандлари – давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида камолга етмоқда. Уларга ҳар бир соҳада ўз салоҳиятини намоён этиши, билим олиши, касб ўрганиши, тадбиркорликка қадам қўйиши, спорт ва инновация соҳасида ютуқларга эришиши учун тизимли шароитлар яратилмоқда.
Президентимизнинг Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган фаол ёшлар билан мулоқоти ҳам давлатимизнинг ёшлар сиёсатига янгича суръат бахш этиши шубҳасиз. Бундай учрашувлар ёшларимиз интиқ кутадиган, очиқ мулоқот ва амалий қарорлар қабул қилинадиган муҳим анъанага айланганини эътироф этишимиз даркор. Ёшларни демографик қатлам сифатида эмас, балки мамлакат тараққиётининг ҳал қилувчи стратегик кучи сифатида баҳолаш ёндашуви жараённинг ўзига хос жиҳати бўлди, албатта.
Учрашувда юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёш улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий салоҳият ресурси экани алоҳида қайд этилди. Сўнгги йиллардаги ютуқлар эса бу ёндашувнинг амалий натижасини кўрсатмоқда. Жаҳон фан олимпиадаларида қўлга киритилган олтин медаллар, дунёнинг энг нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар сонининг ортиши, жумладан, Гарвард, Ел, Принстон, Колумбия, Корнелл университети каби масканларда таҳсил олаётган фарзандларимиз инсон капиталига йўналтирилган сиёсатнинг самарасидир. Яна бир муҳим жиҳат – ёшлар тадбиркорлигининг кенгайиб бораётгани. Ҳар йили 600 минг нафар ёш меҳнат бозорига кириб келмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткич янада ортиши кутилмоқда.
Демак, иш ўринлари яратиш, ёшларни даромадли фаолиятга жалб этиш масаласи давлат сиёсатининг марказий йўналишига айланган, деб айта оламиз. Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган бандлик таъминоти учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилиши, кредит миқдорларининг оширилиши, инновацион стартапларга инвестиция киритиш имкониятларининг кенгайтирилиши ҳам юқоридаги фикрларимизнинг исботидир.
Ёшлар томонидан яратилган ўнлаб стартапларнинг АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига чиққани эса миллий ғоя ва интеллектуал маҳсулотларимиз глобал майдонга дадил кириб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, хорижий экспертлар томонидан мамлакатимизнинг Ёшлар тараққиёти глобал индексида энг тез суръатларда ривожланаётган давлат сифатида эътироф этилиши ислоҳотларимизнинг халқаро миқёсдаги баҳосидир.
Ҳар йили қарийб 270 мингта янги оила ижтимоий ҳаётимизга кириб келмоқда. Бу рақамлар мамлакат демографик салоҳияти улкан эканини англатади. Аммо демография ўз-ўзидан тараққиётга айланмайди, уни тўғри сиёсат, аниқ механизм ва самарали қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодий ва ижтимоий кучга айлантириш зарур. Шу нуқтаи назардан, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш масаласи стратегик аҳамият касб этиши билан эътиборлидир. Давлатимиз раҳбари ипотека дастури доирасида кредит ставкасининг 14 фоиздан ошган қисми бюджет ҳисобидан қоплаб берилишини эълон қилгани минглаб ёш оилаларнинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлайдиган кафолат бўлди. Зотан, уй-жой – барқарорлик, ижтимоий ишонч ва фарзанд тарбияси учун мустаҳкам муҳит, демакдир.
Учрашувда ёшлар интеллектуал салоҳияти ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди.
Бугун – ахборот хуружлари кучайиб бораётган глобал муҳитда ёшлар маънавиятини мустаҳкамлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис юртимизда китобхонликни оммалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар янги босқичга олиб чиқилмоқда. “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш” жамғармаси орқали истеъдодли ёзувчиларга ижодий буюртма бериш, энг сара асарларни таржима қилиш харажатларини қоплаш, мактаб ва техникумларга 100 та энг яхши асардан иборат тўплам етказиш ёшлар тафаккурини бойитишга қаратилган тизимли сиёсатдир. Энг фаол китобхон ўқувчиларни рағбатлантириш, кутубхона ва “book cafe”лар очаётган тадбиркорларни имтиёзли молиялаштириш механизмлари жорий этилиши эса китобни маънавий қадрият билан бирга иқтисодий айланманинг ҳам фаол қисмига айлантиришга хизмат қилади.
Кўпчилигимизга маълум, бугун дунё аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғи волонтёрлик билан шуғулланмоқда.
Қайд этиш жоиз, кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам волонтёрликнинг ҳуқуқий меъёрлари яратилди. Жумладан, Волонтёрлар мактаби, олий ўқув юртларида марказлар ташкил қилинганининг ҳисобига юртимизда бундай кўнгилли ёшлар сони беш карра кўпайди.
Хусусан, экология, тиббий хизмат, таълим, фавқулодда вазиятларда кўмаклашиш йўналишидаги волонтёрлар сони 100 мингдан ошди.
Бундай ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вазирлик ва идоралар раҳбарлари, фаол кўнгилли ёшлардан иборат Волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш бўйича Васийлик кенгашини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бунинг учун учун Ёшлар ишлари агентлигида “Волонтёрликни қўллаб-қувватлаш” жамғармаси ташкил этилади. Мазкур жамғармага ҳар йили бюджетдан 20 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бунга қўшимча равишда вилоят ҳокимлари ҳам маҳаллий бюджетдан 3 миллиард сўм ажратади.
Бу маблағлар ҳисобидан ёшларнинг волонтёрлик лойиҳаларига 100 миллион сўмгача грант берилади.
Партиямиз Сайловолди дастури ҳам мазкур стратегик ёндашув билан уйғун эканини қайд этиш жоиз. Партиямиз аъзоларининг салкам ярмидан кўпи ёшлардан иборат. Бу биз учун нафақат фахр, балки катта масъулият ҳамдир. Шу мақсадда уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга жиддий бел боғлаганмиз. Ушбу йўналишда партиямиз қошида “Ёш адолатчилар” қанотини ташкил этиб, ўтган йилда тузилма фаолиятини янгича асосда ва таркибда қайтадан йўлга қўйдик. Қанот аъзолари мамлакатимиз бўйлаб ўз тенгдошларининг фикрини эшитиш, сиёсий жараёнларга жалб этиш, таклиф ва ташаббусларини амалга оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар парламентидаги вакиллик корпусимиз эса қонун ижодкорлиги ва депутатлик институти фаолиятида бевосита иштирок этмоқда, тажриба тўпламоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ёшлар сиёсатини фақат бир йўналишда эмас, балки билим, маънавият, иқтисодиёт ва миллий ўзликни англаш асосида ривожлантиришга қаратилган барча таклиф-ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Бунинг учун демографик ўсишни иқтисодий кучга, интеллектуал салоҳиятни глобал рақобатбардошликка, маънавий барқарорликни миллий тараққиётга айлантириш ишларида янада фаол бўлишимиз керак. Чунки ёшлар сиёсатидаги ҳар бир натижа — бугунги юксалишнинг мустаҳкам асосидир.
