Фуқаро Зуҳриддин Азимов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2021 йилдан буён Яккасарой туманида умумий овқатланиш шохобчасини ташкил қилган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганди. Аммо фаолиятининг тўртинчи йилида у таъмагирликка дуч келди.
Гап шундаки, бир куни Яккасарой туман ДСИ Солиқ назорати шўбаси бошлиғи лавозимида ишловчи Умирбек Ҳолиқхўжаев унга қўнғироқ қилиб, танишлари овқатлангани боришларини айтган ҳолда улар учун жой ҳозирлаб қўйишини илтимос қилади. Шу боис З.Азимов унинг илтимосини бажо келтиради. Бироқ айтилган меҳмонлар 2.300.000 сўмлик еб-ичишса-да, ҳисобни тўламасдан чиқиб кетишади. Бинобарин, Зуҳриддин бу пулни Умирбекдан сўрайди. Лекин тадбиркор такрор-такрор сўраганидан кейингина У.Ҳолиқхўжаев пулни бериб юборади.
Аммо шундан кейин мазкур ошхонада солиқчилар томонидан текшириш ўтказилади. Қолаверса, ДСИ солиқ бош инспектори Содиқжон Абдукаримов келгусида безовта қилмаслик, яъни тадбиркорлик субъектида текшириш ўтказмаслик эвазига ҳар ой учун 100 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилиб, бу Умирбек Ҳолиқхўжаевнинг топшириғи эканлигини айтади.
-Кучингиз етса, бира тўла 6 ой учун ҳисоб-китоб қилиб юборинг,-дейди С.Абдукаримов очиқ-ойдин.
Бироқ З.Азимов бу таъмагирликни ҳазм қилолмайди. Шунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига мурожаат қилади. Оқибатда мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Содиқжон Абдукаримов ундан 600 АҚШ долларини олган вақтда ушланади. Сўнгра иккала солиқчига нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди эса У.Ҳолиқхўжаев ва С.Абдукаримовларни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45-моддаси тартибида уларга 3 йил муддатга солиқ соҳасида, шунингдек раҳбарлик, моддий ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Баҳромжон БЕРДИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси.
