Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси турли давраларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда билдирилаётган бир-бирини инкор қилувчи фикрлар, уларга ёзилаётган изоҳлар кўпчиликни бефарқ қолдираётгани йўқ. Чунки Мурожаатномада мамлакат келажагига дахлдор масалалар, 2025 йилда амалга оширилган ишлар, ислоҳотларнинг кейинги босқичи борасида сўз борди.
Мурожаатномадаги икки жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш жоиз. Биринчиси – очиқлик, сўз ва матбуот эркинлиги масаласида давлат раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси яна бир бор намоён бўлди. Хусусан, Президент “Кенг кўламли янгиланишлар даврида очиқлик сиёсатидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш устувор вазифамиз бўлиб қолади”, дея таъкидлади.
Иккинчи аҳамиятли жиҳат эса коррупцияга қарши курашиш бўйича “Фавқулодда ҳолат” эълон қилингани бўлди. “Лавозимим, унвоним бор, менга ҳеч ким тегмайди”, деганлар адашади. Қонун олдида ҳамма тенг! Комплаенс хизматининг фаолиятига тўсқинлик қилганлар – коррупцияга шерик, деб баҳоланади”, дея қайд этилди. Бу 2026 йилда коррупция иллатига қарши курашиш мамлакатимизда янада кескин ва муросасиз тус олишидан дарак бермоқда.
Коррупция давлатни заифлаштириб, ижтимоий адолат тамойилларига зарба берадиган, халқ ишончини йўққа чиқарадиган ва иқтисодий тараққиётга тўсиқ бўладиган иллатдир. Шу маънода, ислоҳотлар самарадорлиги коррупцияни бартараф этиш билан чамбарчас боғлиқ.
Шу ўринда очиқлик ва коррупцияга қарши курашиш бир-бири билан узвий боғлиқ эканини қайд этиш жоиз. Зеро, очиқлик хавф эмас, аксинча, у давлат учун ҳимоя воситаси ҳисобланади. Очиқлик, матбуот эркинлиги, том маънода, коррупциянинг энг асосий кушандасидир. Чунки шаффоф муҳитда мансабдор шахс ҳам, коррупциялашган тизим ҳам жамоатчилик назоратини ҳис қилиб туради. Натижада ўз-ўзидан айрим кўзини ёғ босган мансабдорларнинг амалини суиистеъмол қилишга уриниши камаяди, масъулият ортади.
Яна такрор айтаман. Матбуот ва сўз эркинлиги очиқликнинг энг таъсирчан воситасидир. Зеро, эркин журналистика муаммони кўтариш, жамоатчилик диққатини жалб қилиш, мансабдор шахсларнинг халқ ва жамият олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, демакдир.
Жаҳон тажрибасида ҳам сўз эркинлиги таъминланган жамиятда коррупция илдиз отмаслиги ўз исботини топган. Сингапур, Жанубий Корея, Германия, Нидерландия, Скандинавия мамлакатларини олсак, улар коррупцияга қарши курашда сўз эркинлигидан самарали қурол сифатида фойдаланганини кўрамиз.
Сингапур коррупцияга қарши қатъий қонунлари билан машҳур. Лекин муваффақиятнинг яна бир калити оммавий ахборот воситаларининг таъсирчанлигида бўлган. Давлат харидлари, бюджет сарфи, мансабдорларнинг даромадлари ҳамиша жамоатчилик назоратида ушлаб турилгани Сингапур мўъжизасига замин яратган.
Жанубий Кореяда ҳам юқори мартабали мансабдорлардан йирик компания раҳбарларигача коррупцияда айбланиб, очиқ судланган ҳолатлар кўп учрайди. Бу жараёнларда ҳам матбуот ҳал қилувчи роль ўйнаганини таъкидлаш жоиз. Корея жамиятида эркин журналистика “мансабдор дахлсиз эмас” деган қарашни шакллантирган.
Европа давлатларида эса ахборот олиш ҳуқуқи – муқаддас қадрият даражасига кўтарилган. Шунинг учун яширин иқтисодиётга ўрин қолмаган.
Президентимизнинг “Қонунда ҳамма тенг”, “Бирорта идора назоратдан четда қолмайди” деган фикрлари ана шу тажриба ва таҳлиллар натижаси бўлса ажаб эмас.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга ошаётганини қайд этиш жоиз. Сўнгги йилларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кураш бўйича ҳуқуқий механизмлар шакллантирилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия ва Миллий кенгаш фаолияти йўлга қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш йўналишида бир қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди. Давлат хизматларининг рақамлаштирилиши коррупция хавфини сезиларли даражада камайтирди.
Ана шу жараёнда фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларига эркинлик берилгани жамоатчилик назоратини янги босқичга кўтаришга имкон яратганига эътибор қаратиш керак. 2026 йилнинг коррупцияга қарши курашиш борасида “Фавқулодда ҳолат” йили деб эълон қилиниши ушбу тизимли ишларнинг янги босқичга кўтарилишидан дарак беради.
Ўз навбатида, бу жамоатчилик зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Чунки очиқ ва шаффоф сиёсат юритилаётган давлатда жамият сукут сақламаслиги керак. Коррупцияга қарши муросасиз муҳит яратиш умуммиллий мақсадга айланиши лозим.
Шу ўринда чиқишлари билан ўзларича ижтимоий тармоқларни “портлатаётган”, ўзларидан АДОЛАТ ва ҲАҚИҚАТ ҳимоячиси ясаб олиб, “Бизнинг Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ!” дея ҳайқириб, кимларгадир ёқишга уринаётган, давлатимиз раҳбарининг матбуот эркинлиги ҳақидаги фикрларига киноя билан ёндашаётган айрим ижтимоий тармоқ “фаол”ларига журналист сифатида бир-икки саволим бор.
Сиз бугун ижтимоий тармоқларда баралла айтаётган фикрларингизни бундан ўн йил аввал айта олармидингиз?
Сиз “Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ”, деб жар солганингиз учун сизга бирон-бир давлат идораси томонидан босим бўлдими?
Энди юқоридаги саволларга ўзим жавоб бериб қўя қолсам.
Сиз бундан ўн йил аввал бугун бемалол айтаётган фикрларингизни нафақат ижтимоий тармоқларда, ҳатто ўз уйингизда ҳам эмин-эркин айта олмас эдингиз.
Агар бундан ўн йил бурун ижтимоий тармоққа чиқиб, мамлакат шаънини ерга урувчи бирон-бир фикр айтсангиз, ҳаттоки, ҳақ бўлган тақдирингизда ҳам, ўша куни сизни махсус идоралар чақириб олар ёки олиб кетар эди…
Юқоридаги икки савол ва уларга жавобнинг ўзиёқ Ўзбекистонда сўз эркинлиги қай даражада эканлигини очиқ-ойдин кўрсатиб бера олади, деб ўйлайман.
Шундай экан, энди тирноқ остидан кир қидиришни тўхтатиб, хайрли мақсадларни амалга ошириш йўлида бир ёқадан бош чиқариб ишласак, мамлакат тараққиётига хизмат қилсак, айни муддао бўлар эди.
Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг сўз эркинлиги ва коррупцияга қарши курашишга оид фикрлари, ташаббуслари жамиятдаги демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган навбатдаги муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.
Ислом Ҳамроев,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари
