Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакат тараққиётида стратегик аҳамиятга эга бўлган сиёсий ҳужжат ҳисобланади. Мурожаатномада 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, ислоҳотлар натижадорлиги чуқур таҳлил қилинди, мавжуд муаммоларга очиқ баҳо берилди, ўрта муддатли истиқбол учун аниқ мақсад ва вазифалар белгиланди.
Илгари сурилган ҳар бир ташаббус замирида инсон қадрини улуғлаш, иқтисодий ўсишни ижтимоий адолат билан уйғунлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва давлат бошқарувида ҳисобдорликни кучайтириш ғоялари борлиги эътиборга молик. Қайд этиш жоизки, ушбу ёндашув Янги Ўзбекистон тараққиётининг концептуал асосини ташкил этмоқда.
Мурожаатномада мамлакатимиз иқтисодиёти барқарор ўсиш траекториясида экани қайд этилди. Мураккаб геосиёсий вазият, ташқи бозорлардаги беқарорликка қарамай, ялпи ички маҳсулот 145 миллиард АҚШ долларидан ошгани ҳам ушбу фикрларни тасдиқлайди.
Қолаверса, инвестициялар ҳажмининг 43 миллиард долларни ташкил қилгани ҳамда саноат ва хизматлар соҳасида минглаб янги иш ўринлари яратилгани ҳам иқтисодий сиёсатнинг изчиллигини кўрсатади. Шу билан бирга, Президент иқтисодий ўсишда рақамларнинг ўзи етарли эмаслигини, улар аҳоли ҳаёт сифатида реал ўзгаришларга айланиши шартлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, иқтисодий тараққиётнинг марказида инсон манфаатлари туриши лозим. Агар иқтисодий ўсиш натижалари жамиятда адолатли тақсимланмаса, ҳудудлар ва аҳоли қатламлари ўртасидаги тафовутлар қисқармаса, бундай ўсиш барқарор бўлмайди.
Бу жараёнда маҳалла орқали манзилли ижтимоий ёрдам, бандликни таъминлаш дастурлари, касбий қайта тайёрлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби механизмлар алоҳида аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилишни таклиф этди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “Маҳалла – жамиятнинг юзи. Агар маҳалла обод бўлса, бутун мамлакат обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса, демак, бутун жамият ўзгаряпти”. Демоқчимизки, йилнинг бундай рамзий ном олиши замирида давлат бошқарувини бевосита халққа яқинлаштириш, одамларнинг дарду ташвиши билан яшашдек олий масъулият мужассам.
Мурожаатномада парламентнинг ролини кучайтириш масаласи алоҳида устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу ёндашув давлат бошқарувини демократлаштириш, қарорлар қабул қилишда очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Қайд этилганидек, 2026 йилда ижро ҳокимияти тизими раҳбарларининг парламент олдидаги ҳисобдорлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланади. Давлат бюджети ижроси устидан парламент назорати янада кучайтирилади. Бунда эътибор қаратиш зарур бўлган энг муҳим жиҳат, давлат кафолати остида ташқи қарз олишни маъқуллаш билан боғлиқ. Бундан буён ушбу ваколат парламентга тегишли бўлиши таъкидланди.
Қолаверса, давлат харидларида товар, иш ва хизматларни тўғридан-тўғри сотиб олиш мумкин бўлган ҳолатлар фақат қонун билан белгиланиши қайд этилди. Депутат сўровлари ижроси ҳар чоракда таҳлил қилиниб, сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар бўйича прокуратурага тақдимнома киритиб бориш амалиёти жорий этилмоқдаки, бу мамлакатимизда вакиллик органлари нуфузи ва таъсирчанлик салоҳиятининг янада ошишига хизмат қилади.
Президент коррупцияга қарши кураш масаласига яна эътибор қаратди. Коррупция нафақат иқтисодий ривожланишни секинлаштиради, балки жамиятда қонунга, давлатга ва адолатга бўлган ишончни издан чиқаради. Айниқса, жадал тараққиёт босқичига ўтаётган Янги Ўзбекистон учун бундай ижтимоий иллат жиддий хавф туғдиради. Шуни ҳисобга олган ҳолда 2026 йилда мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш бўйича фавқулодда ҳолат” эълон қилинди.
Ушбу хайрли, аммо ғоят улкан масъулият ва қатъий ирода талаб этадиган жараёнга демократик институтлар ҳам бош қўшиши зарур. Том маънода коррупция иллатидан жамиятимизни халос этиш мақсадини умуммиллий ҳаракатга айлантиришимиз лозим.
Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунда, аввало, жараёнларни “Рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этиш, терговни рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш зарурлиги айтилди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда тергов судьялари иш бошлагани халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. 2026 йилдан бошлаб тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади. Бу халқаро майдонда ҳам Ўзбекистонни суд мустақиллиги таъминланган мамлакат сифатида тан олинишига замин яратади.
Юртимизда таълим масаласи миллий тараққиётнинг пойдевори ҳисобланади. Жорий йил ушбу соҳага давлат бюджетининг қарийб 30 фоизи йўналтирилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Мурожаатномада 2026 йилда ҳам тизимли ислоҳотлар давом эттирилиши таъкидланди. Хусусан, мактаб таълими сифатини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги фарқни қисқартириш, касбий ва техник таълимни меҳнат бозори талабларига мослаштириш, олий таълимда қамров ва сифатни ошириш билан бирга, ижтимоий адолатни таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Президентимиз таълимни ижтимоий лифт сифатида ривожлантириш ғоясини илгари сурди. Бу, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёшлар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутиши билан аҳамиятлидир.
Бунда, айниқса, касбий таълимга алоҳида урғу берилди. 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 та техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос жиҳозланиши, Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилиши таъкидланди. Келгуси йил 7 та вилоятда, 2027 йилдан эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва Касблар шаҳарчаси фаолияти йўлга қўйилиши айтилди.
“Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз”, – деди Президент.
Соғлиқни сақлаш соҳасига оид ташаббуслар ҳам эътиборга молик. Тизимни рақамлаштириш бўйича ишлар жадал давом эттирилиши, тиббиёт муассасаларини ягона ёндашув асосида ташкил этиш учун “мастер режа” ишлаб чиқилиши халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда янги ва замонавий ёндашувлардан фойдаланиш имконини тақдим этади.
Бундан ташқари, инфаркт, инсульт, онкологик, нефрологик каби юқумли бўлмаган касалликлар ҳамда трансплантация, вакцинация, она-бола саломатлиги йўналишларига 3,5 триллион сўм ажратилиши қайд этилди.
Ушбу хайрли ташаббуслар соғлиқни сақлаш тизимида ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлайди. Тиббиёт тизимини коррупциядан холи соҳага айлантиришда ҳам қўл келади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг ушбу Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва инсон қадрини юксалтиришга қаратилган дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.
“Адолат” социал-демократик партияси таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизими, ижтимоий ҳимоя ва коррупцияга қарши кураш соҳаларида белгиланган ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этади. Зеро, бизнинг мақсадимиз халқимизнинг фаровон турмуш кечириши учун барча шароит ва имкониятларни яратиб беришдан иборатдир.
