Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакат тараққиётида очиқлик, адолат ва инсон манфаатларини устувор қўйишга қаратилган янги ёндашув шаклланди. Иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириш, давлат бошқарувини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида муҳим қадамлар қўйилди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат ҳаётида муҳим сиёсий-ижтимоий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Сабаби, Мурожаатнома нафақат ўтган йилда амалга оширилган ислоҳотлар якунларини таҳлил қилиш, балки келгуси йиллар учун аниқ стратегик мақсад ва устувор йўналишларни белгилаб бериши билан ҳам қимматлидир.
Жумладан, Президент нутқида давлат ва жамият тараққиётининг барча соҳаларини қамраб олган чуқур таҳлил, амалий таклифлар ва халқ манфаатларига қаратилган аниқ вазифалар ўз ифодасини топган. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг илк бор 145 миллиард доллардан ошгани, экспорт ҳажмининг ўсиши, олтин-валюта захираларининг 60 миллиард доллардан ортиққа етгани мамлакат иқтисодиёти барқарор ривожланаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, инвестиция муҳитини яхшилаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, технологик ва инновацион ўсиш моделини жорий этиш келгуси йиллар учун асосий вазифа сифатида белгилаб берилди.
Президент Мурожаатномасида аҳоли фаровонлиги ва ижтимоий ҳимоя масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Камбағаллик даражасининг сезиларли даражада камайгани, миллионлаб инсонлар доимий даромад манбаига эга бўлгани, ишсизликнинг пасайгани олиб борилаётган ижтимоий сиёсат самараси эканини кўрсатади. Айниқса, маҳалла институтининг роли кучайтирилиб, уни жамиятдаги ижтимоий бирдамлик ва тараққиётнинг асосий таянчига айлантириш ғояси Мурожаатноманинг муҳим ғояларидан бири бўлди.
Шу маънода, 2026 йилнинг — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши рамзий ва амалий аҳамиятга эга. Чунки маҳалла – халқ билан давлат ўртасидаги энг яқин бўғин бўлиб, айнан шу ерда инсон муаммолари ҳал этилади, ёшлар тарбияси, ижтимоий ёрдам ва ҳамжиҳатлик таъминланади. Мурожаатномада маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, уни иқтисодий фаол ҳудудга айлантириш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолини ишли қилиш каби аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Яна бир муҳим жиҳат – ёшлар масаласига берилган катта эътибордир. Таълим, илм-фан, спорт, IT ва инновация соҳаларида ёшлар учун яратилаётган имкониятлар Янги Ўзбекистон келажаги айнан билимли ва фаол ёшлар қўлида эканини кўрсатади. Халқаро олимпиадалар, спорт мусобақаларида қўлга киритилаётган ютуқлар, IT хизматлари экспортини ошириш бўйича улкан режалар ёшлар салоҳиятига ишонч ифодасидир.
Шу билан бирга, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши курашни кучайтириш масалаларига оид Президент ташаббуслари, ўйлайманки, мен каби кўплаб юртдошларимизни қувонтирди. Хусусан, Президент томонидан “коррупцияга қарши фавқулодда ҳолат” эълон қилиниши бу иллатга нисбатан муросасиз муносабатнинг яққол кўринишидир. Давлат хизматларини рақамлаштириш, инсон омилини камайтириш, парламент назоратини кучайтириш буларнинг барчаси адолатли ва шаффоф жамият барпо этишга қаратилган ташаббуслардир.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Унда халқ манфаатлари, иқтисодий барқарорлик, ижтимоий адолат, маънавий юксалиш ва глобал рақобатбардошлик ғоялари ўзаро уйғунлашган.
Қолаверса, Мурожаатнома нафақат давлат идоралари учун дастуриламал, балки ҳар бир фуқаро учун масъулият ва фаолликка даъватдир. Шу боис, бирдамлик, меҳнат ва ислоҳотларга ишонч билан ҳаракат қилсак, Мурожаатномада белгиланган улкан мақсадларга, албатта, эришамиз.
