Якунига етган йилда юртимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқелик — давлат раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган дастурий ҳужжат бўлди.
Унда ижтимоий адолат, инсон қадри, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари давлат сиёсати даражасида белгилангани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Унда, айниқса, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка мутлақо тоқатсиз муносабатни шакллантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз бу борада ўзининг қатъий ва принципиал позициясини қуйидаги сўзлар билан ифода этди:
“Хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўйиш, фарзандларимизни ҳимоя қилиш қадим-қадимдан эркаклар учун шаън ва ғурур масаласи бўлиб келган. Лекин жамиятимизда аёллар ва болаларнинг турли зўравонликларга учраётгани буюк тарих, юксак маънавият ва маърифатга эга бўлган, оилани муқаддас деб биладиган халқимизга асло ярашмайди! Ҳеч қачон унутмайлик, оилавий зўравонлик бу фақат оиланинг ички иши эмас, бу бутун жамиятга тегишли масала. Аёлни ўз муаммоси билан ёлғиз ташлаб қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”
Ушбу фикрлар аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ёки муайян идоралар вазифаси эмас, балки жамиятнинг барча аъзолари учун умумий масъулият эканини яна бир бор тасдиқлайди. Шу мақсадда Аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини кучайтириш, барча давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда самарали ишлайдиган яхлит тизимни яратиш вазифаси белгиланди. Президентимиз парламент ва жамоат ташкилотларини ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этишга чақирди.
Таъкидлаш ўринлики, партиямиз сўнгги йилларда ушбу йўналишда кўплаб самарали лойиҳа ва дастурларни ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, ҳуқуқий ва маънавий билимларини юксалтириш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан асрашга қаратилган чора-тадбирлар кўлами йил сайин кенгайиб, жамиятнинг барча қатламларини қамраб олмоқда. Бу эса партиянинг ижтимоий йўналтирилган сиёсат юритишдаги изчил ва масъулиятли позициясини яққол намоён этади.
Шундай экан, Президент Мурожаатномасидан келиб чиқиб, бундан кейин ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик ҳолатларига қарши қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш устувор вазифа бўлиб қолаверади. Бу борада партиямиз давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тизимли ишларни давом эттириб, инсон қадрини улуғлаш ва адолатли жамият барпо этиш йўлида ўз саъй-ҳаракатларини янада кучайтиради. Зотан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлиб, бу йўналишдаги изчил ислоҳотлар барқарор ва фаровон келажак пойдеворини яратишга йўл очади.
