Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакатимизнинг яқин ва ўрта муддатли истиқболдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий тараққиёт векторини белгилаб берувчи тарихий дастуриламал ҳужжат бўлди. Мазкур Мурожаатномада илгари сурилган концептуал ғоялар давлат бошқарувини модернизация қилиш, иқтисодий ўсишнинг сифат кўрсаткичларини таъминлаш ва жамиятнинг институционал асосларини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ёндашуви билан ажралиб туради.
Давлат раҳбари томонидан миллий ғоянинг мазмун-моҳияти Ватан ва аҳоли манфаатлари билан узвий боғлиқ ҳолда талқин қилиниши, жамиятнинг энг қуйи бўғини бўлган маҳаллани ислоҳотлар марказига олиб чиқди. 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ижтимоий бошқарувни номарказлаштиришнинг янги босқичини бошлаб беради.
Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм маблағ ажратилиши ҳамда “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўм йўналтирилиши — бу бюджет маблағларини тақсимлашда бевосита халқ иштирокини таъминловчи демократик механизмдир. Шунингдек, йил якунига қадар барқарор ривожланаётган маҳаллалар сонини 3,5 мингтага етказиш орқали ижтимоий тенгсизликни камайтириш ва миллий бирликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Мурожаатномада мамлакатимиз иқтисодиётини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш бўйича тарихий ва амбицияли мақсадлар белгилаб берилди. Хусусан, жорий йил якунларига кўра, Ўзбекистон тарихида илк бор ялпи ички маҳсулот ҳажми 145 миллиард доллардан ошди. Бу натижа мамлакатимизнинг иқтисодий барқарорлиги ва тўғри танланган тараққиёт йўлининг ёрқин ифодасидир. Давлат раҳбари ушбу суръатни пасайтирмаган ҳолда, 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш вазифасини илгари сурди.
Иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналиши сифатида “яширин иқтисодиёт”га қарши муросасиз курашиш белгиланди. Бу жараён бевосита ижтимоий ҳимоя билан тўлдирилиб, кам таъминланган оилалар даромадини икки бараварга ошириш ва аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари ҳажмини 100 миллиард долларга етказиш орқали фуқароларнинг фаровонлик даражасини юксалтириш мақсад қилинган.
Давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида инсон капиталига инвестиция киритиш, хусусан, касбий таълим тизимини замонавий меҳнат бозори талабларига мослаштириш белгиланди. Тиббиёт соҳасида эътибор ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашга қаратилади. Жумладан, Англиянинг нуфузли “Пирсон” компанияси билан ҳамкорликда тиббиёт техникумларида халқаро стандартлар асосида ҳамширалар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Эндиликда ушбу жараёнга Германия, Швейцария, АҚШ ва Япония каби давлатларнинг таълим дастурлари ҳам татбиқ этилади. Мақсад нафақат юқори малакали, балки хорижий тилларни мукаммал биладиган, дунё тиббиёти талабларига жавоб берадиган янги авлод тиббиёт ходимлари таркибини шакллантиришдир.
Сиёсий тизимда ҳокимиятнинг бўлиниш тамойилини кучайтириш мақсадида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 208 та туман ва шаҳар кенгаши раисларининг ҳокимлардан алоҳида, мустақил равишда сайланиши маҳаллий вакиллик органларининг ижроия ҳокимияти устидан назоратини кучайтиради. Кенгашлар фаолиятининг тўлиқ рақамлаштирилиши эса қарорлар қабул қилиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайди.
Парламентнинг назорат функциялари сифат жиҳатидан янгиланмоқда. Ташқи қарздан фойдаланиш, давлат харидларининг қонунийлиги ва очиқлиги устидан парламент назоратининг ўрнатилиши давлат маблағларининг мақсадли сарфланишини кафолатлайди. Депутат сўровларига жавоб бермаслик ёки юзаки ёндашиш ҳолатлари бўйича прокуратура органларига тақдимнома киритиш ваколатининг берилиши халқ вакилларининг сиёсий мақомини кескин оширади. Энг муҳими, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтириш ҳамда 2026 йилдан коррупцияга қарши курашнинг мутлақо янги ва муросасиз тизимини жорий этиш Ўзбекистоннинг демократик ва ҳуқуқий давлат сифатидаги мавқеини халқаро майдонда янада юксалтиради.
Мурожаатномада илгари сурилган барча ислоҳотларнинг бош мезони — халқ розилигидир. Маҳаллани тараққиёт марказига олиб чиқиш аслида кучли фуқаролик жамияти пойдеворини қўйиш демакдир. Бюджет маблағларининг депутатлар орқали бевосита маҳаллаларга йўналтирилиши «маҳалла — жамият кўзгуси» деган тамойилни ҳаётий ҳақиқатга айлантиради. Зеро, маҳалла обод ва барқарор бўлса, давлат қудратли, миллат эса жипс бўлади. Ушбу стратегик йўл харитаси Ўзбекистонни иқтисодий ва ижтимоий юксалишнинг мутлақо янги сифат босқичига олиб чиқиши шубҳасиздир.
