Ҳар қандай мустақил давлатнинг барқарор тараққиёти, тинчлиги унинг хавфсизлик кафолатлари билан чамбарчас боғлиқ. Бу кафолатларни таъминлайдиган асосий куч эса миллий армиядир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари нафақат ҳарбий тузилма, балки мустақиллигимизнинг мустаҳкам пойдевори, халқ осойишталигининг қалқони ҳисобланади.
Ҳар йил 14 январь – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилган сана Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиши ҳам бежиз эмас. Бу кун мустақил Ўзбекистон ўз тақдирини, келажагини ўзи белгилаш йўлида қўйган энг муҳим қадамлардан бирининг рамзий ифодасидир. Зеро, ҳар қандай суверен давлат учун ўз Қуролли Кучларига эга бўлиш мустақилликнинг ажралмас шарти ҳисобланади.
Ўтган асрнинг 90-йиллари дунё миқёсида ўта мураккаб, зиддиятли ва нотинч давр эди. Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан Марказий Осиё минтақасида янги геосиёсий воқелик шаклланаётган, хавфсизлик билан боғлиқ масалалар эса ҳар қачонгидан ҳам долзарб тус олганди. Шундай шароитда миллий давлатчиликни сақлаб қолиш, ҳудудий яхлитликни таъминлаш, ташқи ҳамда ички таҳдидларга қарши муносиб туриш учун кучли армияга эҳтиёж юзага келади.
Шу боис ҳам мустақилликка эришилганидан кўп ўтмай – 1992 йил 14 январь куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилди. Бу қарор тасодифий ёки шошма-шошарлик билан қабул қилинган эмас, балки ўша даврнинг қатъий талаби, миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган стратегик қадам эди. Республика ҳудудида жойлашган Туркистон ҳарбий округи таркибидаги қисмлар, қўшинлар, техника ва қурол-аслаҳалар Ўзбекистон тасарруфига ўтказилди. Шу тариқа мустақил давлат ўз хавфсизлик тизимини барпо этишга мустаҳкам замин яратди.
Бу жараён, албатта, осон кечмаган. Илк йилларда моддий-техника таъминоти, кадрлар масаласи, бошқарув тизимини шакллантириш каби кўплаб муаммолар мавжуд бўлиши табиий эди. Бироқ мураккаб шароитга қарамай, миллий армияни шакллантириш, уни давлат ва халқ манфаатларига хизмат қиладиган даражага олиб чиқиш бўйича изчил ишлар амалга оширилди.
Ўтган 34 йиллик янги тарих давомида Қуролли Кучларимиз шарафли йўлни босиб ўтди. Бу давр шаклланиш, такомиллашиш, тажриба орттириш ва янги босқичларга кўтарилиш даври бўлди. Армиямиз ўз олдидаги асосий вазифа – Ватан мустақиллиги, юрт тинчлиги ва чегаралар дахлсизлигини таъминлаш борасида шарафли бурчини аъло даражада уддалаб келмоқда.
Айниқса, мамлакатимиз чегараларини ҳимоя қилиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, минтақавий хавфсизликни таъминлашда Қуролли Кучларнинг ўрни беқиёсдир. Бугун Ўзбекистон ўзининг тинч, барқарор ривожланаётган давлат сифатида намоён этаётгани, шубҳасиз, армиямиз салоҳияти билан ҳам боғлиқ.
Миллий армия фақат жанговар вазифаларни бажариш билан чекланиб қолмаяпти. Фавқулодда вазиятларда аҳолига ёрдам кўрсатиш, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, тинчликпарварлик вазифаларида иштирок этиш орқали ҳам Қуролли Кучлар халқ билан елкадош эканини амалда намоён этаётир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Қуролли Кучларини ривожлантириш борасида янги босқич бошланганини алоҳида қайд этиш лозим. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсати, иродаси сабаб мудофаа тизимимиз замонавий қиёфа касб эта бошлади. Армиянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, бошқарув тизимини такомиллаштириш, энг муҳими, ҳарбий хизматчиларнинг касбий-тактик ва маънавий тайёргарлигини оширишга катта аҳамият берилмоқда.
Бугун ҳарбий хизматчиларга қўйилаётган талаблар фақат жисмоний тайёргарлик ёки интизом билан чекланиб қолмайди. У замонавий фикрлай оладиган, ахборот технологияларини ўзлаштирган, стратегик қарор қабул қилиш қобилиятига эга мутахассис бўлиши лозим. Шу маънода ҳарбий таълим тизими тубдан янгиланиб, ҳарбий академиялар, ўқув марказлари фаолияти замон талабларига мослаштирилди.
Натижада, Қуролли Кучларимиз тобора профессионал, ҳаракатчан ва самарали тузилмага айланди. Халқаро жамоатчилик томонидан Ўзбекистон Қуролли Кучларининг минтақадаги энг салоҳиятли ва илғор армиялардан бири сифатида тилга олинаётгани бежиз эмас.
Бир вақтлар турли йўллар билан ҳарбий хизматга боришдан бўйин товлаш ҳолатлари учрагани бор гап. Афсуски, тартиб-интизомнинг қониқарли бўлмагани ўша замонларда юзлаб ўзбек йигитларининг армиядан тобутда келишига сабаб бўлгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Аммо мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар бугун хизматга боришни йигитлар учун шараф даражасига кўтарди. Қолаверса, ҳарбий хизматдан қайтган аскарларга турли имтиёзлар берилиши армия жозибадорлигини ҳам оширмоқда. Жумладан, муддатли ҳарбий хизматни намунали хулқ ва жисмоний тайёргарлик даражаси билан ўтаган йигитлар олий таълим муассасаларига киришда қўшича имтиёзларга эга бўлади. Бу келгусида офицерлар таркибини баркамол авлод билан тўлдириб боришда ҳам қўл келяпти.
Ҳар қандай ислоҳот амалда натижа кўрсатсагина самарали ҳисобланади. Сўнгги йилларда ҳарбийларимизнинг халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг меваси десак, адашмаймиз. Айниқса, ўтган 2025 йил бундай ютуқларга бой бўлди. Покистон Ислом Республикасида ўтказилган VIII Халқаро “Жамоа руҳи” мусобақасида ўзбек разведкачилари 95% натижа билан тарихий рекорд ўрнатгани, Жанубий Кореяда бўлиб ўтган халқаро мерганлар мусобақасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси АҚШ, Германия, Руминия, БАА, Таиланд, Вьетнам, Қатар, Мўғулистон каби давлатларнинг 16 та жамоасидан ўзиб кетгани, АҚШнинг Миссисипи штатида ўтган “Энг илғор жангчи – 2025” мусобақасида ғолибликни қўлга киритгани фикримиз тасдиғидир.
Бу каби мусобақалар фақат куч синаш майдони эмас, балки тажриба алмашиш, замонавий ҳарбий ёндашувларни ўрганиш, касбий маҳоратни ошириш учун ҳам муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон ҳарбийларининг бундай тадбирларда муносиб иштирок этиши армиямиз тайёргарлик даражасининг халқаро мезонларга жавоб бераётганини кўрсатади.
Энг муҳими, бу ютуқлар ортида тизимли тайёргарлик, интизом, масъулият ва Ватанга бўлган садоқат мужассам. Ҳар бир ғалаба нафақат ҳарбийларнинг, балки бутун халқимизнинг ғуруридир.
Бугунги глобал дунёда хавфсизлик тушунчаси тобора долзарблашиб бормоқда. Анъанавий ҳарбий таҳдидлар билан бир қаторда киберхавфлар, ахборот хуружлари, трансмиллий жиноятчилик, экстремизм каби омиллар ҳам олдимизга янги вазифаларни қўяяпти. Ана шундай мураккаб ва таҳликали шароитда Қуролли Кучларнинг ўрни ва аҳамияти янада ошиб боради.
Шу маънода ҳар бир суверен давлат учун Ватанга, халққа ва қонуний раҳбариятга садоқатли ўғлонлар зарур. Чунки армия фақат техника ёки қурол билан эмас, балки инсон омили билан кучли. Ватанни ҳимоя қилишга тайёр, маънан баркамол, онгли ҳарбий хизматчилар бор экан, мамлакат хавфсизлиги ишончли қўлларда бўлади.
Қуролли Кучлар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим ўрин тутишини унутмаслик керак. Армия сафида хизмат қилиш ёшлар учун ҳаёт мактаби вазифасини бажаради. Бу ерда интизом, масъулият, жамоа билан ишлаш, қийин шароитларда тўғри қарор қабул қилиш каби ҳаётий кўникмалар эгалланади.
Шу боис ҳарбий хизмат нафақат бурч, балки шарафли вазифа сифатида қабул қилиниши лозим. Бугун ёшлар орасида ҳарбий касбга қизиқиш ортиб бораётгани, ҳарбий таълим муассасаларига талаб юқорилиги юртимизда ватанпарварлик руҳи мустаҳкамланаётганидан дарак беради.
Ватан ҳимоячилари куни арафасида ҳар биримиз
миллий армиямиз билан фахрланишга, ҳарбий хизматчиларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга ҳақлимиз.
Чунки уларнинг тинч кунларимиз, осуда ҳаётимиз учун қилаётган хизматлари ҳар қандай эътирофга муносиб.
Ишонамизки, Ўзбекистон Қуролли Кучлари келгусида ҳам мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва тараққиётимиз йўлида ўз шарафли бурчини сидқидилдан адо этишда давом этади.
