“Адабиётни, таъбир жоиз бўлса, одил судловга қиёслаш мумкин. Табиийки, одил судлов деганда адолатни фақат шиор қилиб олган-у, бошқа бир идоранинг ёки қўли узун мансабдорнинг етовида ҳукм қиладиган эмас, Ҳақ ва ҳақиқатни устун биладиган, чинакам адолатга таянадиган тизим назарда тутиляпти. Бинобарин, одил судлов жиноят ва қабоҳат устидан қонуний ҳукм чиқарса, адабиёт жаҳолат ва ёлғон устидан бадиий-фалсафий ҳукм ўқийди. Одил судлов бир ёки бир гуруҳ жиноятчилар қилмишини тафтиш ва таҳлил қилиб, муносиб жазо тайинласа, адабиёт нафсу ҳаво қулига айланган алоҳида кимсаларгина эмас, ҳирсу ҳавас ботқоғига ботган нобоп жамият устидан ҳам бадиий-фалсафий ҳукм қилиш имконига эга. Одил судлов асосан ашёвий далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари билан иш кўрса, адабиёт инсоннинг ботин оламидаги қабоҳатни, руҳиятидаги сохталик ва шууридаги ёлғонни ҳам ҳақиқат тарозисига торта билади”.
Ажойиб ўхшатиш, шундай эмасми? Кутилмаган, лекин ҳаққоний мушоҳада. Ҳикмат муаллифи эса кўпчилигимиз яхши биладиган, неча-неча йиллардан буён ўшал энг одил ҳакамга ҳалол-пок, ўзининг таъбири билан айтганда, Ҳақ ва ҳақиқатни устун билиб, чинакам адолатга таянган ҳолда хизмат қилиб келаётган билимдон, фидойи, меҳнаткаш, ҳар бир масала юзасидан ўз нуқтаи назарига эга, нуктадон олим Нурбой Жаббордир.
Шубҳасиз, ҳаммамизга аён, Нурбой аканинг мақола-тадқиқотларида бундай қуйма, теран, кўламдор мулоҳазалар кўпдан-кўп учрайди. Камина эса, томчида қуёш акс этгани каби, бу улкан хирмондан кўнглимга яқинроқ биттасини танлаб олдим, холос.
Энди икки оғиз олим билан қандай танишганимиз борасида.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ўрталари. “Ёшлик” журналида ишлаб юрган кезларим. Тўғриси, Фурқат ижоди ва ҳаётидан оз бўлса ҳам хабарим бор, деб юрардим. Аммо ёш бир тадқиқотчи олимнинг шоир ҳақида кетма-кет тақдим этаётган, ҳаяжон ва илҳом билан ёзилганлиги шундоққина кўриниб турган мақолаларини ўқирканман, бу борада билганларимдан билмаганларим мўл эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Мақолаларки, таҳририят кўзга суртиб олса арзийди: сермазмун, янгиликлар жамланган, бирон жумла таҳрирталаб эмаслиги муаллифнинг юқори малакасини кўрсатиб турибди, имло хатосини эса кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Тап-тайёр!
Ташқи кўриниши ўзимизнинг чўл йигитларига ўхшаш, дўриллоқ овозли, сермулоҳаза, серандиша, ўзининг ҳам, ўзганинг ҳам вақтини қизғанадиган тадқиқотчи билан бир-икки марта Фурқат хусусида мириқиб гурунглашдик, суҳбат асносида ўзимнинг кўп саволларимга батафсил жавоблар олдим. Шундай кунларнинг бири “ойнаи жаҳон”да тасодифан Нурбой домланинг оқшом кенг далада, гулхан ёнида дўмбира чалиб қўшиқ айтаётганини кўриб қолдиму, “Э, бу киши ўзимиздан экан-у!” деб юбордим беихтиёр. Илло, бобом бахши ўтган, бу санъатдан отамга ҳам оз-моз юққан-да…
Вақт югуриб ўтаверди. Бу орада тиришқоқ Нурбой Жабборнинг ўнлаб, юзлаб мақолаларини ўқидик, домланинг ўзи фан доктори, профессор, университетда декан бўлди. Бизни ҳайратлантиргани – олимнинг ҳам мумтоз, ҳам замонавий адабиёт бўйича чуқур билимга эгалиги эди. Адабиётда неки янгилик бор – Нурбой домла барчасидан бохабар. Ёдимда, университетга бир танишимиз билан боргандик. Йўлакда кетарканмиз, туйқусдан деканат эшиги очилди ва бизнинг девдай гавдали Нурбой домламиз важоҳат билан қучоқ очиб келаверди: “Фалон асарни ёзган муаллифни бир бағримга босмасам бўлмайди…”
Истеъдодли одам ҳар томонлама истеъдодли бўлади. Сўнгги йилларда Нурбой Жабборни биз кучли публицист сифатида кашф этдик. Замона зайли билан домла “Нурбой Жаббор сабоқлари” номли телеграм-канал очган. Унда эълон қилинаётган бири-биридан қизиқарли, ибратли, мулоҳазага чорловчи мақолаларни узлуксиз ўқиб борамиз. Ҳатто ўзимизга жуда маъқул бўлиб кетганларини шартта газетамизда чоп этамиз ҳам. Тап-тайёр материал-да. Сўнг, узр сўраб (“зўр нарса экан, кўпроқ одам ўқисин дедик-да”) домлага газетанинг PDF вариантини юбориб қўямиз. Нурбой домла ўзига хос бағрикенглик билан бизнинг гуноҳимиздан ўтади, ҳаттоки миннатдорлик билдириб ҳам қўяди.
Ахир аслини олганда ҳам домланинг “Улуғликка китобсиз эришиб бўлмайди”, “Адабиётнинг кучи”, “Адабиёт – олий ҳакам”, “Бизни кемиргувчи иллатлар”… каби мазмун-моҳияти баланд мақолалари, маърузалари иложи борича кўпроқ ўқирманлар қўлига етиб бориши керак эмасми?.. Шу ўринда домланинг шундай чиқишларидан биридан кичик иқтибос келтириб ўтмасам бўлмас: “Ўзим гувоҳи бўлган воқеа: бир қанча йиллар муқаддам маҳалламизда яшайдиган камхарж бир қўшнимиз қиз узатди. Тўйнинг барча жиҳати гўё “рисоладагидек” ўтди. Натижа шундай бўлдики, тўйдан кейин беш хонали уй уч хоналига алмаштирилди. Иккинчи қизини узатгач эса шаҳар чеккасидаги икки хонали уйга кўчиб ўтди. Худди шу одам (бошқа кўпчилик ҳам) фарзандларининг илм олиши, салоҳиятли мутахассис бўлиб етиши учун тўйга ҳаракат қилганичалик ғам чекмайди. Бу ҳол, Беҳбудий тўғри таъкидлаганидек, тўй васвасаси “бизни кемиргувчи иллат”га айланганидан далолат беради. Айтинг-чи, қачон қутуламиз бу каби иллатлардан? Илм-маърифатни дабдабабозликдан устун қўйишни ўрганмас эканмиз, мутараққий миллатлар даражасига юксала олмаслигимиз аён”.
Домла билан икки-уч йил бурун Зоминда дам олишда бирга бўлдик. Торроқ даврамиздаги самимий гурунг маҳаллари у кишининг зиёлилар ҳаётидан айтиб берган, аниқроғи, шундоққина қаҳрамонлари образига кириб кўрсатиб берган ичакузди ҳангомалари ҳали-ҳамон ёдимизда. Ўзиям, кулавериб ётиб қолгандик… Албатта, бу энди алоҳида мавзу.
Хуллас, ёзаверсак гап кўп. Муддаога ўтсак, бунга ишониш қийин, аммо тақвимга кўра бугунги адабий жараёнда ўзига хос ва мос овозига, ўз ўрнига эга Нурбой Жаббор домла умрининг олтмишинчи довонига чиқай деб турибди. Сизни қарши олаётган муборак ёш қутлуғ бўлсин, олим бобо!
