“Қизим итга боғланиб қолди”
Ўз соҳасида таниқли олима бўлган танишим қизи ҳақида гапириб қолди:
– Магистратураниям битирди, ишлари ёмон эмас. Фақат… мана, ўттиздан ошди, турмушга чиқмайман, дейди. Ёмон яшамадим, обрў ҳам, мукофотлар ҳам топдим. Етмишга қараб боряпман, энди асосий ташвишим мана шу икки болам… Ўғлимнинг, шукр, ўғли, қизи бор. Ҳозир бошим ўйдан чиқмайди… Мулоҳаза қилиб кўрсам, хато ўзимдан ўтган…
Бундай пайтда савол беришгаям шошмайсан, чунки “ҳамсуҳбатим дардини чуқурлаштириб, янгилаб қўймай” деган истиҳола бор. Танишим гапида давом этди:
– Мен қизимга бир пайтлар кичкина кучукча совға қилгандим, ўшанда унинг хурсанд бўлганидан қувониб юргандим.
– Кўп қаватли уйда яшайсизлар-ку, – дедим икки хонали уйда кучук бирга яшашини тасаввур қила олмай.
– Ҳа, энди… ўшанда баъзи бир замонавий яқинларимиз тор уйлардаям ит, мушук боқишаётганини кўриб, қизимнинг жуда ҳаваси келганди-да… Ўша кучук ҳозир катта ит бўлган. Қизим итга боғланиб қолди, бўш вақтларини асосан шуни кўчада сайр қилдириш, ювинтириш, овқатлантириш билан ўтказади.
Тўғриси, охирги гапдан ғалати бўлиб кетдим.
– Катта ит билан битта уйда яшаш бошқаларгаям ноқулай бўлса керак?
– Шунинг учун қизим алоҳида квартирада яшайди.
Бу гапдан янаям ҳайронлигим ошди:
– Адашмасам, ўғлингиз оиласи билан алоҳида бўлиб чиқиб кетган. Эрингиз вафот этганигаям анча йил бўлиб қолди. Қизингиз ҳам бошқа уйда бўлса, ўзингиз ёлғиз турасизми?
– Қизимгаям, менгаям алоҳида-алоҳида яшаганимиз яхшироқ. Узоқ гаплашсак, фикримиз фикримизга тўғри келмай, баҳслашиб қоламиз…
Юқоридаги гапларни ўйлаб топганим йўқ. Эшитганларимни анча юмшатиб, қолипга солиб ёзяпман. Шу пайтгача ўша танишимнинг кийиниши, юриш-туриши, оиласи, касби, жамиятга муносабатларидаги дадиллиги, биринчилар сафида юриши, ўз фикрларини ҳар қандай шароитда ўтказишга усталигига ҳавасим келган. “Қачонгача иккиланишлар исканжасида “Ким нима деркин?” деб яшаш мумкин? Тўғри қилади!” деб уни оқлаган пайтларим кўп бўлган. Аммо… оқибати кексайганда ўз болаларинг сен билан келишишни, бирга яшашни, билиб-билмай айтиб юборишинг мумкин бўлган гапларингни мулоҳазаю тушунувчанлик билан қабул қилишни истамай қолишига олиб келадиган замонавийлик меҳру мурувват таназзулининг илдиз ота бошлагани эмасми?
Болани танбалликка ўргатиш замонавийликми?
Анча йиллар олдинги яна бир ҳолат ёдимга тушди: журнал таҳририятида ишлардик. Рассомимиз аёл киши, бир қиз, бир ўғли бор эди. Суҳбатларида олтмиш ёшлардан ўтган ҳамкасбимнинг болаларига ҳар куни ўзи овқат пишириб, идишга солиб дастурхонга олиб келишидан тортиб, таомланиб бўлишганидан кейин ювиқсиз идишларниям ўзи йиғиштириб, ювиши маълум бўларди. Мен ҳайрон қолардим, аммо рассом она учун бири рассомликка, иккинчиси ҳайкалтарошликка ўқиётган болаларининг чойини дамлаб бериб, пиёласигача ювиб қўйиши оддий ҳолат эди. Атрофдагиларнинг наздида улар ўша даврнинг энг маданиятли, замонавий оилалари вакиллари эди. Ҳозирги пайтда замонавийликнинг бу кўринишига этимиз ўлиб бўлди: “Болам инглиз тили (мусиқа, компьютер, рассомлик, спорт…) билан шуғулланяпти. Яхши ўзлаштириши учун шароит яратишим керак” деб, кап-катта ўғилу қизлари бўлишига қарамай, хонадоннинг барча ишларини зиммасидан туширмаётганлар, боласининг ўрин-кўрпаларигача йиғиштириб, боласи овқатланганидан кейин унинг оғзини артиб қўйишдан бошқа ҳамма дастёрликка кўнган ота-оналар, айниқса, марказий ҳудудларда беҳисоб.
Мундоқ қарасанг, 40, 50 ёшлилар учун бу жуда қийин юмуш эмас. Ҳатто ота-она етмишдаям (зарур бўлса, бундан кейин ҳам) боласига ғамхўрлик қилиш учун куч топади. Лекин гап бунда эмас-да: болалигу ўсмирлик, ёшлик даврида қўлидан келган иш, юмушларни сидқидилган бажариб, катталарнинг оғирини енгил қилишга ўрганиб, кўникиб, ўзи ва ўзгаларни хурсанд қилишни билмаган бола қай бир куни тонгда тасодифан бошқача – ота-онасини ҳурматлаб эҳтиётлайдиган, уларнинг оғирини енгил қилишни бурч деб биладиган фарзанд бўлиб уйғониши мумкинми?!
Қиёфага эмас, қалбга зеб берилса!
“Замонавийлик”нинг яна бир кўриниши сувчечак каби кўпайиб боряпти.Яъни, боғчада, мактабнинг бошланғич синфларида бўладиган турли байрам тадбирларига қизларининг сочларини сартарошхонада жингалак қилиб, ҳурпайтириб, яна ялтир-юлтурлар сепдириб, эгниларига чет элларда тикилган ўлчами кичкина-ю, аммо бичими катталарнинг кийимларига ўхшаган либослар кийдириб бориш оддий ҳолатга айланяпти. Ёш қизларнинг катталарга ўхшаш иштиёқи шунчалар кучлики, кўпинча бир варақ қизиқ китоб ўқишга қунт, сабр қилмаган ёш юраклар кимёвий бўёқлар анқиб ётган сартарошхоналарнинг сочларни жингалак қиладиган иссиқ темир “қалпоқ”лари остида камида бир-бир ярим соат ўтириб, яна сартарошнинг анча-мунча тараш, тортиш, ялтиратиш каби ишларига чидайдилар. Кимёвий усуллар билан ўтказиладиган бу “сунъий чирой яратиш” жараёнларининг болаларнинг ҳали ўсиб ривожланишда бўлган, ёш ва таъсирчан терисига салбий таъсири бир томон… Шу ёшиданоқ кийиниш, соч турмаклашда онаси, атрофидаги ёши улуғ аёллар билан тенглашишга, улардан ўзишга интилган, имконият излаган қизалоқлар, қизлар руҳиятидаги табиийликни инкор этиб, сохталикка ҳавас, иштиёқ, кучли қизиқиш уйғониши бир томон…
Кўпинча алоҳида тайёргарчилик, югур-югурларга айланиб кетадиган, яхшигина харажатлар эвазига бўладиган бу хатти-ҳаракатлар келажакда оналикдек масъулиятни зиммага олиши керак бўлган қизларнинг соғлигини мустаҳкамлаш, билимини ошириш, ақлу фаросатини мукаммаллаштиришга қаратилса, қанийди! Йўқ, бола-да, ташқи чиройга интилиш касалига чалингач, қизалоқлар айтганини қилдиришга уринадиган қайсар, баъзида гапуқмас ва ҳатто ёлғон ишлатишдан ҳам уялмайдиган бўлиб қолишлари – ҳаётий ҳақиқат…
Бу “ўсиш” тўхтаб қолмайди: ўтган йилнинг тўққиз ойи ичида юртимиз туманларидан бирида (ҳа, биттагина туманда) мактаб ўқувчиларидан ўндан ортиғи ҳомиладор бўлиб қолгани расман қайд этилиб, ижтимоий тармоқда таҳлиллари бўляпти… Бу аччиқ оқибатларнинг боғча, мактаб ёшидан бошлаб қизларимизни беғубор, соддаю самимий, табиий болалик дунёсидан “юлиб” олиб, катталарга ўхшатиб “замонавийлаштириш”, уларнинг ота-онаси ёнида ўтириб замонавий киною сериалларни кўриши, муҳокамаларини эшитиши билан боғлиқ томонлари йўқ, деб ўйлайсизми?..
Танланг: ўзликми ёки пул?
Бир маҳалладошимизнинг ўғли ўн беш йиллардан буён хорижда яшаб, ишлаб юрарди. Ота-онаси, бобосию бувиси раҳбарлик лавозимларида эътибор қозонган, олий таълим даргоҳида талабаларга дарс берган устозлар эди. Бола юртимизга кам келарди, энди у ўша ёқда қолиб кетса керак, деб ўйлардик.
Яқинда шу маҳалладош йигит билан кўчада учрашиб қолдим. Авваллари салом-алик қилиб ўтиб кетардик. Бу сафар йигит қўлини кўксига қўйиб, салом берганича яқинлашиб келаверди. Унинг мулозаматига шунчаки бир оғиз калом айтиб ёки бошингни силкиб ўтиб кетиш мумкин эмасди. Ҳол-аҳвол сўрашдик, у шошилмасди, кўзимга тикилиб кулимсираб турарди. Яқиндан қараганда, анча улғайибди, фақат ранги-рўйи… “Чарчагандир”, деб ўйладим. Қизиғи, у хайрлашишга шошилмас, ўзим, ишларим, болаларим ҳақида тўхтамай савол берарди. Дилимдан: “Она тилимизда юртдошлари билан гаплашишни соғинибди шекилли”, деган фикр ўтди, мен ҳам ўзимни қизиқтирган нарсалар ҳақида сўрадим:
– Қачон келдингиз? Яна қайтиб кетарсиз?
– Йўқ, кетмайман, – деди у мени ҳайрон қолдириб.
Чунки мен у йигитни хорижга шунчаки пул ишлагани эмас, балки ўз соҳасида катта ишлар қилиб, обрў-эътибор топиш ниятида кетган, деб ўйлардим. Фикримни яширмай айтдим:
– Биз сизни… шундай обрўли, илму маърифатли одамларнинг набираси, фарзанди ажойиб ишларингиз билан чет элликларниям ҳайрон қолдирасиз, обрў топасиз, деган фикрдамиз…
– Йў-ўқ… – гапимни бўлди йигит. – Чет элда обрў, эътибор топиш, катта мансабларга кўтарилиш муҳожирлар учун осон эмас. Бошқа жойларни билмадим, аммо мен ўн беш йил дунёнинг энг ривожланган мамлакатида юриб чиқарган хулосам шу бўлди, уларнинг мартабали давралари, қатламлари сени ўз қаторларига олишлари учун жуда узоқ, ҳар томонлама кузатишаркан. Қисқа қилиб айтганда, миллийлигинг, дининг, юриш-туришинг, еб-ичишинг, яшаш тарзинг… Ўзлигингни сақлаб қоламан десанг, ё ўртамиёна ишчи-хизматчи, ё хизматкор бўлиб юраверасан.
Шу пайт хорижга кетган яқин қўшним ёдимга тушди. Мана шу йигит билан битта юртда эдилар. Ўша бола ҳақида сўрадим.
– Ҳа, уям юрибди, – деди суҳбатдошим. – Ҳайдовчилик қилади.
– Нимага, олий маълумотли, магистратураниям битирган эди-ку.
– Шунақа, ҳайдовчиликка кўникиб кетган. Тўғри, яхши маош олади, аммо у жойда яшашу еб-ичиш харажатлари ҳам маошга қараб катта.
– Фарзандларининг тақдири бошқача бўлар балки…
– Билмадим. Кўрганим, билганим шу: икки давлатнинг келишуви билан борган мутахассислар илмда, бошқа соҳаларда обрў топиши мумкиндир. Аммо ўз ихтиёри билан ишлашга, яшаш учун борганлар орасида пул топганларни кўрдим, бироқ жамиятда эътироф этилиб, нуфузли лавозимга тайинланганларни кўрмадим. Болаларининг тақдири ҳам шундай…
“Лоп” этиб хаёлимга йигирма йиллар олдин бир талаба билан боғлиқ воқеа тушди. Ўша талаба Европа давлатларидан бирида икки йил ишлаб келиш учун суҳбату имтиҳондан яхши ўтганини унга чет тилини ўргатган устози айтганди. Аммо талабаларни саралаб олган европалик мутахассисга қандайдир ҳужжатни топширгани кетган ҳалиги йигит “Мен бормайман. Ишиям, пулиям керакмас”, деб қайтиб келса бўладими? Ҳамма ҳайрон, ота-онасию ўқитувчиларигача уни фикридан қайтаришга роса уринишган. Бошқалар наздида “бошига қўнган бахт қушини ўзи учириб юбораётган” ўша талабанинг мана бу гапи эсимдан чиқмайди: “Бугун билдим, бизни танлаб олган одам бориб ишлашимиз керак бўлган ферманинг бошлиғи экан. Муомаласидан бизни менсимаётгани, паст назар билан қараётгани сезилиб турибди. Ҳозир шунақа муносабатда бўлса, қўл остида ишлаганимизда нима қиларкин? Бормайман. Хоҳласам, шу ердан ҳам иш топилади”. Қаранг, орияти кучли, эркини баланд тутган ўғлон экан-да!
Аммо кўпчилик масаланинг бу жиҳатига эътибор бермайди. Дилим ғаш бўлди. Ахир, дунёнинг тўрт томонида яхши ҳаёт излаб юрган илмли, иқтидорли, ташаббускору ғайратли ўзбекистонликлар камми? Одам ажратиш деманг-у, ахир, билим ва малакали муҳандис, шифокор, ўқитувчи, санъату маданият ходими, тадбиркор… одамлар ҳайдовчи, юк ташувчи, фаррош, идиш ювувчи, бола ёки кексаларга энага, қоровул бўлиб юриши, юмшоқ қилиб айтганда, олтиннинг мисдек қадрсизланиши эмасми?
Бу фикримга “Энди, бу ерда эҳтиёжу хоҳишига яраша пул топиш мумкин бўлган иш кам-да!” дейдиганларнинг гапида, албатта, жон бор. Муаммонинг илдизлари аввало жамиятимиздаги коррупция, қариндош-уруғчилик, маҳаллийчилик каби иллатлардан бошланади – бу алоҳида оғриқли масала.
Хаёлга берилибман. Рўпарамда юзимга тикилиб турган суҳбатдошим худди йўқотиб топган жигаримдек туюлди.
– Демак, кетмайсиз?
– Кетмайман. Тўғри, ишлаб келган пулимга уйимизни яхшилаб таъмирлаб олдик. Лекин у ёқда соғлигимни йўқотдим, касалга чалиндим. Агар хорижда даволансам, йиққан-терганларим етармиди, етмасмиди, билмайман. Ўзимизга келиб даволандим, ҳозир ҳам шифокорлар назоратидаман, ҳали анча муолажалар олишим керак…
Йигитнинг ёшига нисбатан анча улғайиб қолгандек кўрингани сабабини тушунгандек бўлдим.
Замонавийлик – ҳамма замонларда долзарб масала ва мавзу. Тараққиётнинг бош омилларидан бири ҳам замонавийликни тез англаш ва уни ҳаётга тўғри татбиқ этишдан бошланади. Аммо ҳар қандай замонавийликнинг маҳаллий шароитдан келиб чиқадиган оқибат-натижалари билан боғлиқ меъёри бор.
Яна шуни унутмайликки, замонавийлик фақат янгиликлардан иборат эмас. Бугун савдо тармоқларида сотилаётган турли чиройли халтачаю қутичалардаги сунъий ранг ва таъм шимдирилган (соғликнинг кушандаси) ширин кулчаю қандолатлар эмас, тоза буғдой унидан хамир қориб ёпилган нонларимиз ҳам замонавийдир; баданга тошмаю қичишқоқлар тошдирадиган сунъий матолардан эмас, пахтамиздан тикилган қулай либослар ҳеч қачон замонавийлигини йўқотмайди; таркибига нималар қўшилгани ҳар доим ҳам бизга маълум бўлавермайдиган қимматбаҳо конфетлар эмас, юрагимиздан тортиб қонимизгача қувватли этиб, ошқозону ичакларимизни тозалайдиган туршаклар ҳам замонавийдир. Моддиятга тааллуқли бундай мисолларни кўп санаш мумкин.
Қай бир халқларда оддий ҳолат саналар, аммо бизда одамнинг юзига қараб турганча ёки жамоат орасида сақич чайнаш, ҳар хил егуликларнинг ушоғини сочиб еб ўтириш; йигит ва қизнинг бошқалар кўзи тушадиган жойда севгисини намоён этиб туриши; кексалар орасида тору танқис, очиқ-сочиқ кийиниб, тилга эрк бериш; кечагина туғилган чақалоққа костюм-шимча ёки “барби” кўйлак кийдириб гулдек нозик мурғакни кўз-кўз қилиш… замонавийлик эмас. Чин маънодаги замонавийлик тараққиётга, турмуш соғлом, қулай ва самарадор бўлишига, фойдали илмлар оммалашиб ҳаётга татбиқ этилишига, инсоннинг юксалишига ғов бўлган ҳар қандай иллатлардан қутилиб, ўзининг ижобий имкониятларини амалда қўллаб яшашига восита бўлиши керак.
Китобхонлик ҳамма замонларда замонавийдир
Ижтимоий тармоқлар, мобил алоқа воситаларисиз ҳозирги замонни тасаввур этиш қийин. Бироқ инсонни илму маърифатли, теран фикрловчи, саводхон, юксак маънавиятли, ижодкор қилиб тарбиялашда айни кунда ҳам китоблар энг замонавий восита саналади.
Одамлар савиясини ўтмаслаштириб, дунёқарашини кўлмакдан ҳам торроқ этиб, ахлоқ пардаларини сидириб ташлаётган адабий асарми, қўшиқми, санъат “шедевр”ими… – улар ҳар қанча ялтироғу жумбоқли шаклу шамойилларга солинмасин, янги атамалар билан номланган “тақинчоқлар” билан безатилмасин, қанчалар юқори минбарлардан тарғиб этилмасин, барибир, барибир улар замонавий эмас! Агар замонавийлик мезонларини ўлчайдиган тарозининг битта палласига юқорида таърифланган каби асарларнинг барчасини қўйиб, иккинчи палласига, айтайлик, Ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг:
Одамий эрсанг, демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами –
ёки
Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,
Булбулға тикондек ошиён бўлмас эмиш… –
каби (адабиётимиз уммонида бундай дурдоналарнинг саноғи йўқ!) ҳикматли сатрлари қўйилса, иккинчи палла ҳамиша салобат билан тош босаверади. Чунки бу каби мерослар моҳиятига эзгу ғоя, оқибати хайрли мақсадлар, чиройли тарбия мағзи, инсонпарвар ўгитлар сингдирилганлиги билан келажак асрларда ҳам замонавий бўлиб қолаверади.
