Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ходимлари.
Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, Янги йилнинг дастлабки кунлари кимнингдир кайфиятини бузиш, байрамга ярашмаган гапларни гапириб, сизларнинг ҳам кўнглингизни хижил қилиш ниятим йўқ эди.
Афсуски, вазият шунга мажбур қилди.
Ўтган йилнинг 10 декабрь куни аёлим ва келинлар Янги йил олди невараларга совға-салом олиш мақсадида пойтахтнинг “Абу Сахий” бозорига борадиган бўлишди. Уларга пластик карточкамни бердим. Картамда 1 500 000 (бир миллион беш юз минг сўм) пул бор эди. Соат 13.08 да қўл телефонимга картамдан 1 010 000 (бир миллион ўн минг) сўм нақд пул ечиб олингани ҳақида хабар келди…
Орадан ярим соатлар ўтиб, аёлим картамда мен айтган сумма йўқлигини айтди. Унга ярим соат аввал пластик картадан 1 010 000 (бир миллион ўн минг) сўм нақд пул ечиб олинганини айтдим…
Ҳаммаси шундан кейин бошланди.
Менга маълум қилишларича, келиним бозор ҳудудига ўрнатилган “APEX” банкка тегишли банкоматдан 1 000 000 (бир миллион) сўм нақд пул олмоқчи бўлган. Банкомат “Амалиёт амалга ошмади”, деб жавоб бергач, шу жойнинг ўзидаги айнан шу банкка тегишли бошқа бир неча банкоматга борган. Гапнинг қисқаси, банкоматларнинг ҳаммасида амалиёт амалга ошмаган…
Энг қизиғи эса, келиним бошқа банкка тегишли банкоматга борганида пластик картадан пул ечиб олингани маълум бўлган…
Бундай пайтда нима қилинади? Тўғри топдингиз, биз ҳам “APEX” банкнинг колл марказига қўнғироқ қилдик. Марказдагилар айтишдики, “Аризангиз қабул қилинди, беш иш кунида пластик картангиздан ноқонуний ечиб олинган маблағ сизга қайтарилади”.
Беш кунда пулингизни қайтариб беришаркан-ку, шунга ҳам ота гўри қозихонами, дейишга шошманг. Чунки, аввалига биз ҳам шундай ўйлаган эдик. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади…
Беш кундан кейин телефон қилдик. Жавоб берувчилар ҳам, жавоблар ҳам ҳар хил: “Ўрганаяпмиз…”, “Жавобини айтамиз…”, “Инкассация жараёни кетаяпти…”
Хуллас, орадан ўн кун ўтди ҳамки пул йўқ. Биз аввал бошда банкдагиларга ваъда қилинган беш иш кунида муаммомиз ҳал бўлмаганини айтамиз, бунга жавобан яна юқоридаги баҳоналар такрорланади…
Ниҳоят, пластик картамдан ноқонуний пул ечиб олинганининг ўн иккинчи куни, яъни 22 декабрда соат эрталабки 10 лар чамаси яна банк колл-марказига қўнғироқ қилиб, савол бердим: “Агар пластик карта бирор бир кекса, касалманд кишига тегишли бўлиб, у дори олиш учун ўз пулини нақд қилмоқчи бўлган бўлса-ю, менинг бошимга тушган ташвиш унинг ҳам бошига тушса, ўша одамнинг ҳоли нима кечиши ҳақида ўйлаб кўраяпсизларми, ўзи?!”
Жавоб жуда оддий бўлди: “Инкассация бўлаяпти. Сизга ўзимиз қўнғироқ қиламиз…”
Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтиб, бизга “қадрдон” бўлиб қолган банк колл-маркази рақамидан қўнғироқ бўлди. Хурсанд бўлиб кетганимдан шоша-пиша телефонни кўтардим. Гўшакдаги овоз совуққина оҳангда “ҳукм” ўқиди:
– Ички ишлар бўлимига мурожаат қилинг!..
Хўш, йиғлайинми, кулайинми, ўзим ҳам билмай қолдим. Ўн икки кун кутганим бир ёқли бўлди-ю, олган жавобим бир ёқли бўлди…
Узоқ сўраб-суриштириб англаганим шу бўлдики, менинг пластик картам ишлатилганда “амалиёт амалга ошмади”, деб жавоб берган банкомат, орадан бир неча соат ўтиб, шу банкоматдан фойдаланмоқчи бўлган фуқарога менга тегишли пулни чиқариб берибди.
Шу гапга сиз ишонасизми?! Тўғри, ишонмайсиз. Мен ҳам ишонмадим. Лекин ишонган-ишонмаганимдан нима фойда. Куппа-кундуз куни мени бир миллион сўмимни “уриб” кетишди. Пулимни ўғрига олиб бергани учун банк мендан яна ўн минг сўм хизмат ҳаққи ҳам олган. Ўғри эса…
Энди мен Ички ишлар идораларига мурожаат қилиб, шусиз ҳам ишлари бошидан ошиб ётган ИИБ ходимларини овора қилишим керакми? Аслини олганда пулни нақдлаштириб бераётгани учун бир фоизлик устамани қуртдек санаб олаётган банк ўз банкомати учун ўзи жавоб бериши керак эмасми?
Сиз бунга нима дейсиз?
МИЖОЗ …26 13
ТАҲРИРИЯТДАН. Мурожаатни ўқиб чиқиб, биз ҳам ёқамизни ушладик. Кўнглимизда бир қатор саволлар туғилди. Хўш, қайсидир бир банк томонидан ўрнатилган банкоматнинг айби учун нега мижоз овора бўлиши керак?! “Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун”, деган дабдабали шиоримиз қаерга йўқолди?! Нега банкнинг ёки банк томонидан ўрнатилган банкоматнинг хатоси учун мижоз идорама-идора югуриши керак?! Нега банкоматдан 10 декабрь куни пул ечиб олинганини аниқлаш учун мижоз 22 декабргача, яъни ўн икки кун овора-ю сарсон бўлди?!
Қизиқ, қачондан бери мижозларнинг оғирини енгил қилишга мўлжалланган банкоматлар талончилик воситасига айланиб қолди? Ва айнан улкан бозор марказида қаторлашиб қаққайиб турган банкоматларнинг ҳаммаси бирданига ишламай қолиши сизда шубҳа уйғотмаяптими?
Умид қиламизки, юқоридаги саволларга мутахассислардан тез орада жавоб оламиз.
Ҳа, айтганча, бизда аризачининг исм-шарифи, яшаш манзили, банк картаси тарихи, хуллас, ҳамма-ҳаммаси бор…
