“Адолат” социал-демократик партияси ва Наманган давлат университети ҳамкорлигида “Глобал билим майдонида Янги Ўзбекистон ёшларининг муносиб иштирокини таъминлашда STEAM таълимининг аҳамияти” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Кўтарилган мавзу илм-фан ва амалий инновацияларни уйғунлаштириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Конференцияда республикамизда фаолият юритаётган олий таълим соҳаси вакиллари, профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, партия фаоллари, ёш олимлар ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Рахмонов, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳамда университет ректори Абдуғаффор Қирғизбоев партия ва университет ўртасидаги ҳамкорлик таълимни модернизация қилиш, замонавий педагогик ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлашди. Шунингдек, STEAM таълимига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани қайд этилди.
Конференциянинг пленар мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларидаги олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари маъруза билан иштирок этиб, масаланинг туб моҳияти, STEAM таълимининг миллий тараққиётдаги ўрни, уни амалиётга тўлиқ жорий қилишдаги муаммолар ҳақида сўз юритдилар.
Дарҳақиқат, сўнгги 8 йилда мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Олий таълим муассасалари сони ортди, қабул квоталари кенгайди, илмий тадқиқотларга ажратилаётган грантлар ҳажми сезиларли даражада ошди. Энг муҳими, таълим соҳасида очиқлик, рақобат ва тенг имконият тамойили қарор топа бошлади. Жараёнда STEAM таълимига эътибор кучайиб, давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.
STEAM таълими замонавий дунё талабларига жавоб берадиган, илм-фан билан амалий ҳаётни, назария билан тажрибани, технология билан ижодни уйғунлаштирувчи таълим моделидир. Ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам таълим тизимини айнан STEAM асосида шакллантириш инновацион иқтисодиётга пойдевор ҳисобланади.
“Адолат” СДП Сайловолди дастурида таълим соҳасига устувор йўналиш сифатида эътибор қаратилган. Партия таълим сифатини ошириш, замонавий дарс методикаларини жорий этиш, рейтинг тизимини такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибани миллий таълим муҳитига интеграция қилиш ташаббусларини илгари суриб келмоқда. Шунингдек, замонавий хорижий адабиётлар хариди ва уларни ўзбек тилига таржима қилиш масалалари ҳам таълим сифатини оширишда муҳим омил сифатида баҳоланади.
Конференция куннинг иккинчи ярмида шўъбаларда давом этди. Қарши давлат университети профессори, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова “Замонавий STEAM таълимида математик моделлаштиришнинг аҳамияти” мавзусида сўзга чиқиб, математик фикрлаш, моделлаштириш ва таҳлил қилиш кўникмалари инновацион иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Фарғона давлат университети профессори Набижон Темиров эса “STEAM технологиясининг таълим сифатини оширишдаги аҳамияти” мавзусида фикр юритиб, STEAM ёндашуви ўқувчиларда муаммоли вазиятларга ечим топиш қобилиятини шакллантиришини илмий асослар билан очиб берди.
Анжуманда бошқа олим ва мутахассислар ҳам STEAM таълими, педагогик инновациялар, таълимда рақамли технологиялар, муҳандислик ва ижодий фанларни интеграция қилиш масалалари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Айни пайтда конференцияга юртимизнинг турли ҳудудларидан 300 га яқин илмий мақола келиб тушгани таъкидланди. Физика-техника фанлари, биоинженерия, IT, санъат таълими, математик моделлаштириш, педагогика ва психология каби йўналишларни қамраб олган ушбу мақолалар мамлакатимизда STEAM таълимига бўлган қизиқиш юқори эканидан далолат беради.
Шундан сўнг иштирокчилар Наманган шаҳридаги “STEAM PLAZA” нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан танишишди.
Муассаса таниқли тадбиркор, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Мадина Мўминова таъсисчилигида ташкил этилган бўлиб, ёшларга илм-фан, технология, муҳандислик ва математика фанларини уйғунлаштирган ҳолда замонавий билим бериши билан ажралиб туради. Асосийси, ўқувчиларга ўзлаштирилган билимни амалиётда қўллай олиш, компьютер технологияларидан унумли фойдаланиш, ҳам жамоавий, ҳам мустақил ташаббусларни илгари суриш асосида ўргатиб борилади. Ўқув дастурлари STEAM асосида шакллантирилган, болаларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда инновацион методика ишлаб чиқилган.
Иштирокчиларга замонавий лаборатория, робототехника, муҳандислик ва дастурлаштириш бўйича ўқув муҳити, инновацион таълим усуллари намойиш этилди. Бу эса анжуман мавзусининг амалий мазмун билан бойитилишига хизмат қилди. Бугунги кунда ўқув маркази 500 нафарга яқин ўқувчини бағрига олган. Болалар икки ёшдан қабул қилинади, машғулотлар рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Конференция иштирокчилари ўқув жараёнини бевосита кузатиш имконига эга бўлишди. Хусусан, технология дарсида Шавкатжон Ривожиддинов раҳбарлигидаги 4-синф ўқувчилари “Оққуш” роботини намойиш этишди. Биология дарсида эса Феруза Иминова Чарлз Дарвиннинг эволюцион таълимоти ҳамда Альфред Нобел томонидан динамит ихтиро қилиниши воқеаларини болалар онгига мос, қизиқарли шаклда тушунтириб берди.
– STEAM алоҳида фан ёки йўналиш эмас, балки замонавий таълим тизимининг асосий ядросидир, – дейди муассаса таъсисчиси Мадинахон Мўминова. – У болада нафақат билим, балки ташаббускорлик, ижодкорлик ва масъулиятни ҳам шакллантиради. Энг муҳими, STEAM таълими ҳар бир боланинг иқтидорини, салоҳиятини очишга хизмат қилади.
Таълимга замонавий ёндашув “Адолат” социал-демократик партиясининг ғоя ва мақсадларига ҳам уйғун. Яъни, фарқларни чуқурлаштириш эмас, балки тенг имкониятлар орқали ҳар бир болага ўз иқтидорини рўёбга чиқариш воситаси сифатида қаралади.
Конференция якунида иштирокчилар томонидан бир қатор амалий таклифлар илгари сурилди. Анжуман ўз ишини илмий ғоялар алмашиш, амалий таклифлар ишлаб чиқиш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш руҳида якунлади.
