Миллий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган дастурлар тасодифий жараён эмас. Аксинча, узлуксиз саъй-ҳаракат, пухта режалаштирилган чора-тадбирлар ва замонавий талабларга мос натижаларнинг ҳосиласи десак, ўринли бўлади. Айтиш керакки, ҳозирда мазкур тизим нафақат давлат сиёсати, балки жамият эътиборидаги асосий масалага айланиб улгурди. Мактабгача ва мактаб таълими атрофидаги мунозаралар, муҳокамалар, ижтимоий фикрлар тобора кенгаймоқда.
Ота-оналар боласини боғчага қўйишдан тортиб, унинг таълим-тарбияси ва мактаб муҳити юзасидан ўз саволлари, позициясига эга. Педагоглар ва соҳа мутахассислари эса дарсликлар, замонавий методика ва ўқув юкламаси масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу, ўз навбатида, таълимдаги аниқ ва сезиларли ўзгаришларни яққол намоён этади. Хўш, якунига етаётган йилда бу соҳада яна қандай чора-тадбирлар амалга оширилди? Боғча ва мактабларда таълимга муносабат қай даражада ўзгарди? Ота-оналар, педагоглар, тарбиячилар ва ўқитувчилар ягона маслак — “Учинчи Ренессанс”га муносиб баркамол авлодни тарбиялаш йўлида бир мушт, ҳамфикр бўла оляптими? Шу каби саволларга жавоб топиш, соҳадаги янгиликлар ва амалий натижалар билан яқиндан танишиш мақсадида тизимнинг асосий бошқарув модели — Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигида бўлдик.
Қамров ва кадрлар масаласи: натижа қаердан бошланяпти?
Таълимдаги ҳар қандай ислоҳот, аввало, боланинг тизимга кириши билан бошланади. Чунки қамров таъминланмас экан, сифат ҳақида гапириш қийин. Шу нуқтаи назардан, жорий йилда мактабгача таълим билан қамров даражасининг 77,5 фоизга, 6 ёшли болалар қамровининг эса 98 фоизга етказилгани муҳим кўрсаткичдир. Бу натижа ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Йил давомида 103 та янги боғча қурилиб, 12 920 та ўрин яратилди. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган 104 та боғча 12 610 та ўрин билан қамровни кенгайтирди. Шунингдек, оилавий шаклдаги 1 187 та боғча 50 040 та ўрин, 248 та хусусий боғча эса 16 769 та ўрин билан тизимга қўшимча имконият киритди. 50 та туман ва шаҳарда иш бошлаган “Илк ривожланиш марказлари” эса 5,2 минг болани қамраб олди. Бу рақамлар ортида, энг муҳими, ота-оналар учун танлов имконияти кенгайгани. Маълумки, авваллари боғчага жойлашиш масаласи кўплаб оилалар учун ташвиш бўлиб келган. Қамровнинг кенгайиши эса бу муаммо таъсирини кескин юмшатди.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, таълим тизимида асосий юк ҳар доим ўқитувчи ва тарбиячи зиммасида бўлади. Шу боис жорий йилда педагог кадрлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Баҳорги ва кузги малака тоифа синовларида жами 354 397 нафар педагог иштирок этди, шундан 177 866 нафари баҳорги синовларга тўғри келди. Касбий сертификатлаш назорат синовларида эса 4 836 нафар стажёр-ўқитувчи қатнашди. Бу жараёнлар фақат ҳисобот учун эмас. Амалиёт шуни кўрсатяптики, малака ва сертификат талаблари ўқитувчининг ўз устида ишлашига туртки бермоқда. Шу билан бирга, она тили ва адабиёти ҳамда тарих фанлари бўйича сертификатга эга бўлган 21 616 нафар педагогга ҳар ойлик иш ҳақига 50 фоиз миқдорида қўшимча устама тўланиши меҳнатни рағбатлантиришнинг янги механизмига айланди.
Баҳолаш, дарслик ва муҳит: таълим фақат синфда чекланиб қолмаяпти
Таълим тизимида рақамлаштириш масаласи сўнгги йилларда жадаллашди. Жорий йилда 1-синфга қабул жараёнлари онлайн шаклда амалга ошириладиган туман ва шаҳарлар сони 64 тага етказилди. Солиштириш учун айтганда, 2024 йилда бу кўрсаткич 43 тани ташкил этган эди. Бу янгилик орқали қабул жараёнларида шаффофлик таъминланиб, оворагарчилик камайди. Ўқув натижаларини аниқ баҳолаш масаласида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 3 434 тага етказилди. Натижада ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси 53,2 фоиздан 71,7 фоизга ошди. Бу кўрсаткичлар баҳолаш усули ўзгариши ўқув жараёнига бевосита таъсир қилаётганини кўрсатади. Шуни ҳам тан олиш жоиз, таълим сифати нафақат ўқитувчи, балки ўқув муҳити билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Шу боис жорий йилда ўқув жараёнини мазмунан янгилаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро тажрибалар асосида 423 номда 60,2 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик мажмуалар нашр этилиб, мактабларга етказиб берилди. Бу дарсликлар мазмунини замон талабларига мослаштириш, ўқувчини фақат ёдлашга эмас, фикрлашга ундашга қаратилган ёндашувнинг мантиқий давомидир. Шу билан бирга, мактабларда рақамли муҳитни шакллантириш мақсадида 1 000 та компьютер синфи, яъни 17 мингдан ортиқ компьютер ўрнатилди. Айрим ҳудудларда бу, оддий қилиб айтганда, боланинг биринчи бор компьютер билан ишлаш имкониятига эга бўлиши демакдир. Бу эса кейинчалик рақамли кўникмаларни ўзлаштиришда муҳим аҳамият касб этади. Яна бир эътиборли масала — самарадорлик кўп жиҳатдан уни бошқараётган раҳбарларнинг тайёргарлигига бориб тақалишидир. Шу туфайли жорий йилда менежерлик ўқув курслари орқали 3 257 нафар директор (шундан 1 830 нафари мактаб, 1 427 нафари боғча раҳбарлари) ҳамда 2 869 нафар номзод (2 210 нафари мактаб, 629 нафари боғча) ўқитилди.
Бу курслар раҳбарларга фақат маъмурий бошқарув эмас, балки жамоа билан ишлаш, таълим сифатини назорат қилиш каби кўникмаларни шакллантиришга хизмат қиляпти. Шунингдек, 183 нафар раҳбар ва педагог ходим хорижий давлатларга стажировка ва малака оширишга юборилди. Бу тажриба орқали улар ўз кўзи билан бошқа мамлакатларда таълим қандай ташкил этилганини кўриб, айрим ечимларни маҳаллий шароитга мослаштириш имкониятига эга бўлмоқда. Аммо бугунги кунда таълим тизими ёпиқ муҳитда қолиб кетмаслиги керак. Шу нуқтаи назардан, иккинчи хорижий тилга ўргатиш амалиёти жорий этилган мактаблар сони 420 тага етказилди (2024 йилда — 208 та). Бу мактабларда халқаро ва миллий сертификатга эга ўқувчилар сони 53 204 нафарни ташкил қилди. Шу билан бирга, таълим сифатига ташқи тажриба киритиш мақсадида мактабларга 600 нафар хорижий мутахассис жалб этилди. Улар нафақат фанларни ўқитади, балки маҳаллий педагоглар билан ишлаш орқали тажриба алмашувини ҳам таъминлайди.
Ижтимоий адолат ва инклюзив ёндашув, эртанги кун манзараси
Таълимда тенг имконият яратиш масаласи йил давомида алоҳида эътибор марказида бўлди. Камбағал оила фарзандларини давлат боғчаларига имтиёз асосида қабул қилиш тартиби тасдиқланиб, жами 355 347 нафар бола боғчаларга қабул қилинди. Бу қарор кўплаб оилалар учун иқтисодий юкни енгиллаштириш билан бирга, боланинг таълимдан четда қолиб кетишининг олдини олди. Жорий йилдан бошлаб илк бор тажриба-синов тариқасида 208 та боғчада инклюзив таълим жорий этилди. Бу қадам таълим тизимида ҳар бир бола имконияти инобатга олиниши керак, деган тамойилни амалда намоён этяпти. Йил якунида эришилган натижалар орасида ўқувчиларнинг халқаро майдондаги ютуқлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Халқаро олимпиадаларда жами 206 та — 40 та олтин, 77 та кумуш ва 89 та бронза медали қўлга киритилди. Бу кўрсаткичлар мактаб таълимидаги ўзгаришлар натижа бераётганини кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон мезбонлигида илк бор 15 дан ортиқ давлат иштирокида ал-Хоразмий номидаги халқаро математика ва информатика ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро кимё олимпиадаларининг ўтказилиши мамлакат таълим тизимининг халқаро майдондаги обрўсини намоён қилди.
Шу билан бирга, мавжуд муаммоларни очиқ тан олиш ҳам муҳим. 2025 йилда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган 570 та объектдан 223 тасида, яъни 39 фоизида ишлар якунланмаган. Келгуси йилда 290 минг нафар 3–7 ёшли боланинг тизимга кириб келиши натижасида қамрови 80 фоиздан паст бўлган туман ва шаҳарлар сони 33 тадан 95 тага ошиши кутилмоқда. Кадрлар масаласида ҳам ечим талаб этадиган жиҳатлар бор: мактабгача таълим ташкилотларидаги 179 507 нафар тарбиячидан 109 706 нафари, яъни 61,1 фоизи ҳануз ўрта махсус маълумот билан ишламоқда. Шунингдек, хорижий мутахассисларни уй-жой билан таъминлаш ва ижара тўловларини ўз вақтида амалга ошириш масалалари ҳам долзарблигича қолмоқда. Ана шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, 2026 йил учун аниқ вазифалар белгилаб олинган. 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 99 фоизга етказиш, “1+5” таълим шаклини жорий этиш, ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчаларини ташкил қилиш шулар жумласидандир. Шу билан бирга, мактабларни компьютер ва интерактив доска билан таъминлаш, янги авлод дарсликларини чоп этиш ҳам режалаштирилган.
Халқимиз азалдан илмни қадрлаб келади. Олиму фузалоларга чуқур ҳурмат кўрсатишдек эзгу анъанамиз ҳозир ҳам бардавом. Бироқ болани илмий, маънавий ва жисмоний ривожланиши фақат вазирлик, мактаб ёки боғчанинг эмас, бутун оила, кенг маънода жамиятнинг фавқулодда муҳим масъулияти ва вазифасидир.
Таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, бугунги ўзгаришлар мамлакатимизда баркамол, маънавий ва билимли авлодни тарбиялаш йўлида янги босқич бошланаётганидан далолат беряпти. Бу эса келгусида замонавий билим ва кўникмаларга эга баркамол авлодни тарбиялаш орқали жамиятда билим ва маърифатни юксалтириш, таълимни интеллектуал драйверга айлантиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
