Ташаббускор ДЕПУТАТ
Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Комила Умарова фаолияти мобайнида фуқаролар билан очиқ ва доимий мулоқотлар олиб бормоқда. Депутатнинг асосий мақсади — аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва амалий ечимлар топиш. Унинг фаолиятида хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, кам таъминланган оилаларга кўмак бериш устувор йўналиш сифатида белгиланган.
Депутат кўмаги натижасида бир қатор фуқаролар доимий иш билан таъминланди. Жумладан, Г.Саидова ва К.Юнусова “Оқ олтин” оилавий шифокорлик пунктида иш бошлади, О.Абралов эса 35-умумтаълим мактабида қоровул лавозимига ишга жойлаштирилди.
Иш билан таъминланган Г.Саидова ўз миннатдорлигини шундай изҳор қилди:
– Узоқ вақт иш қидирдим, лекин натижа кўринмади. Депутат мурожаатимни эътиборсиз қолдирмади. Энди оиламнинг иқтисодига мен ҳам ўз ҳиссамни қўша оламан.
”Кўкгумбаз” маҳалласидаги тўрт нафар ёшларга эса “Ёшлар дафтари”га киритишда кўмаклашилди. Улар олий таълим муассасаларидаги контракт тўловлари учун амалий ёрдам олдилар. Бу каби кўмаклар ёшларнинг таълим олиш ва келажакда иш билан таъминланишига имкон яратмоқда.
Депутат томонидан ”Кўкгумбаз” ва ”Хитойпойон” маҳаллаларида ҳам сайёр қабуллар ўтказилди. Ушбу қабулларда аҳолининг ижтимоий, таълим ва маиший масалалари жойида кўриб чиқилди. Масалан, 35-, 15- ва 16-умумтаълим мактабларида айрим дарсликлар етишмовчилиги юзасидан тегишли ташкилотларга сўровлар юборилди.
“Қанғли” маҳалласида аҳоли учун тиббий кўрик ташкил этилиб, тор соҳа мутахассислари ҳам жалб этилган ҳолда аҳоли саломатлиги ўрганилди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи 10 та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим қилиниб, бир оиланинг турар жой кадастр ҳужжатлари билан боғлиқ муаммоси ижобий ҳал этилди. Депутат ташаббуси билан ўтказилаётган хайрия тадбирлари ҳам аҳоли ўртасида мамнуният уйғотмоқда.
Албатта, бу каби амалий ишлар халқ ва депутат ўртасида ишончни мустаҳкамлаб, ҳақиқий маънода “депутат — халқ билан, халқ дарди билан” деган тамойилни ҳаётга татбиқ этмоқда.
Самарқанд вилоят кенгаши матбуот хизмати
Халқ вакили бўлиш – масъулият
“Адолат” СДПдан сайланган Жалақудуқ туман кенгаши депутати Одинахон Холмуратованинг кўп йиллар таълим соҳасида ишлагани, фуқаролар билан мулоқот қилишда катта тажрибага эга эканлиги унга қўл келди.
– Аввало, депутат ким ўзи, деган саволга жавоб беришимиз керак, – дейди О.Холмуратова. – Айримлар катта мартаба, деб қарашидан кўз юмиб бўлмайди. Аслида халқ вакили бўлишнинг ўзи масъулият. Сайловчилар билдирган ишончга муносиб бўлиш учун ишлаш лозим. Агар улар билан ҳамнафас, муаммоларига эътиборли бўлмасанг, чеккага чиқиш керак. Буни фуқароларнинг депутатлик институтига бўлган муносабати ҳам кўрсатиб турибди.
О.Холмуратова депутат этиб сайланган 5-Қўштерак сайлов округининг ҳудуди “Қўштепа” ва “Қўштерак” МФЙларидан иборат. Ҳар икки маҳалланинг ҳаёти ўзига хос. Аҳоли асосан тадбиркорлик ва деҳқончилик билан шуғулланади. МФЙ еттилиги томонидан фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар сиёсати борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Депутат МФЙ фаоллари билан ҳамкорликда доим юқоридаги масалаларга эътибор қаратиб келади. Ҳафтанинг бир кунида ҳар икки МФЙ еттилиги билан йиғилиб, амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинади, олдинда турган вазифалар белгилаб олинади.
Бугун тадбиркорлик “Қўштепа”нинг драйверига айланган, деб айтиш мумкин. Фуқаролар турмуш фаровонлигининг ўсиши, ишлаб чиқаришнинг ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашда тадбиркорлик алоҳида ўрин эгалламоқда. Депутат, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашда хусусий сектор раҳбарлари билан биргаликда ишлайди.
Қўштепада ютуқлар билан бирга муаммолар ҳам йўқ эмас. Муаммоларни бартараф этиш учун фаоллик, аниқ режа асосида иш ташкил этиш лозим. Депутат ўз фаолиятининг асосини мана шунда деб билади.
Шу ўринда бир масала. Ичимлик суви таъминоти долзарб масала. “Қўштепа” ва “Қўштерак” МФЙдаги Сойгузар, Аҳиллик, Маслаҳат кўчалари аҳолиси кейинги йилларда ичимлик суви таъминотидаги узилишлардан қийналаётганди. Масъул идораларга қилинган мурожаатлар натижасида янги қудуқ қурилиши бошланган. Бироқ нимагадир бу иш тўхтаб қолди. Фуқаролар бу борада депутатга мурожаат билан чиқди. Натижада муаммо ижобий ечим топиб, янги қудуқ қурилиши якунланиб, яқинда фойдаланишга топширилди.
– Маҳалламиздаги янги кўчаларни ичимлик суви билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб ўз вакилимизга мурожаат қилгандик, – дейди “Қўштепа” МФЙ раиси Суҳроб Жалолов. – Депутат томонидан масъул раҳбарларга қилинган сўров натижа берди. Муаммо ечимини топди. Бундан аҳоли хурсанд.
Бир сўз билан айтганда, сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Бу ишонч депутат зиммасидаги масъулиятни янада оширади, албатта.
Акбаржон Назаров
Фаолият самарали кечмоқда
“Адолат” социал-демократик партияси ўз фаолиятида аҳоли дардини эшитиш, муаммоларни бевосита жойига чиқиб ўрганиш ва соҳалардаги камчиликларни аниқлаб, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ечим топишни устувор вазифа сифатида белгилаб олган. Шу мақсадда амалга оширилаётган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси ҳудудларда амалиётга жорий қилинмоқда.
Хусусан, Термиз туманидаги “Янгиҳаёт” маҳалласида жойлашган 1-сон умумтаълим мактабида қиш мавсуми қандай ўтаётганлиги ўрганилди. Ўрганиш давомида мактабнинг иситиш тизими, синфхоналардаги ҳарорат, болалар хавфсизлиги ва санитар ҳолат каби муҳим йўналишлар партия фаоллари томонидан атрофлича кўздан кечирилди.
Мактаб маъмурияти вакиллари айтишича, мавсум бошланишидан олдин барча иситиш ускуналари профилактикадан ўтказилган, эҳтиёт қисмлар алмаштирилган ва қўшимча хавфсизлик чоралари ишлаб чиқилган.
Шу каби ўрганиш Музработ туманидаги 3-сон умумтаълим мактабида ҳам амалга оширилди.
Шўрчи тумани “Ойнакўл” маҳалласида аҳолига газ баллонларининг ўз вақтида етказилиши бўйича ўрганишлар ўтказилди. Маҳалла аҳолиси баъзан кечикишлар кузатилаётганини, айрим хонадонларга таъминот белгиланган кундан кечроқ келаётганини билдирган.
Партия фаоллари масъул хизмат ташкилотлари билан суҳбатлашиб, мавжуд камчиликлар, техник муаммолар ва логистикадаги кечикиш сабабларини ўрганди. Газ таъминоти ходимлари таъкидлашича, айни пайтда янги графиклар ишлаб чиқилмоқда ва хизматни тезкорлаштириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда.
Ангор тумани “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган ўрганишларда бир қатор мурожаатлар тингланди. Фуқаро Дилноза Давронова қиш мавсуми учун кўмир ажратилишини сўраб мурожаат қилди. Бу муаммо тезкор ҳал қилиниши белгиланди.
Фуқаро Ўғилой Ўктамова болалар нафақаси билан боғлиқ муаммо юзасидан мурожаат қилди. Ишчи гуруҳи ушбу масалани назоратга олиб, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни бўйича фуқарога тушунтириш берди.
Бандихон туманидаги ўрганишларда эса “Фаровон” маҳалласидаги Гулмира Максимованинг оилавий муаммоси партия томонидан жойига чиқилган ҳолда ўрганилди. Унинг айтишича, ноҳақ айбловлар ва маиший зўравонликка дуч келган. Маҳалла фаоллари, партия вакиллари ва тегишли мутасаддилар унинг аҳволини ўрганиб, ҳуқуқий ҳимоя чораларини белгилади, ҳимоя ордери олиш бўйича маслаҳат берилди.
Шунингдек, Шўрчи туманининг “Ойнакўл” маҳалласида фуқаролар газ баллонлари масаласи билан боғлиқ муаммо юзасидан аввалги ўрганишда мурожаат қилишган эди ва муаммо жойида ҳал этилганди. Ушбу масала бу галги ўрганишларда ҳам партия вакиллари томонидан яна бир бор назоратдан ўтказилди. Такрорий ўрганиш — муаммони назоратсиз қолдирмаслик, аввалги тавсияларнинг бажарилишига ишонч ҳосил қилиш учун амалга оширилди.
Ишчи гуруҳлари ўрганишлари давом этмоқда.
