Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш маркази томонидан 2025 йил давомида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятини мустаҳкамлаш йўлида тизимли ишлар амалга оширилди. Асосий мақсад маҳаллий вакиллик органларининг самарадорлигини ошириш, депутатларнинг билим ва кўникмаларини юксалтириш ҳамда қонунчиликдаги янгиликларни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашишдир.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятини услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор Сенатнинг тегишли қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгаш депутатларининг қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиликлардан бохабарлигини оширишга қаратилди.
Биринчидан, Сенат қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгаш депутатларининг ўз соҳалари бўйича қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар юзасидан билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўтказиладиган семинарлар режалари тасдиқланди. Ушбу режаларга мувофиқ, 2025 йил давомида 90 дан ортиқ семинар, учрашув ва муҳокамалар ташкил этиш белгилаб олинган эди. 2025 йилнинг тўққиз ойи мобайнида маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари ҳамда котибиятлари учун 70 га яқин семинарлар ўтказилди. Бундан ташқари, депутатлар ва масъул ходимлар иштирокида учрашувлар ва муҳокамалар ташкил этилди. Сенат қўмиталари томонидан соҳага оид долзарб қонун ҳужжатларининг моҳияти ва уларни амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан 56 та муҳокама ўтказилди. Бу эса қонунларнинг тўғри ва самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилди. Марказ томонидан эса маҳаллий Кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш, намунавий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини чуқурроқ тушунтириб бериш йўналишида 13 марта ўқув-семинарлари ўтказилди. Бу семинарлар маҳаллий вакиллик органларининг иш юритиш тизимини такомиллаштиришда муҳим ўрин тутди. Депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш эса уларнинг ўз вазифаларини сифатли бажариши учун замин яратди.
Иккинчидан, Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар жараёнида маҳаллий ҳокимият органларининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда. Халқ билан мулоқотни кучайтириш, аҳоли муаммоларига ечим топиш ва ҳудудлар ривожланишини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатлари асосий бўғин вазифасини ўтайди. Айнан шу мақсадларга хизмат қилиш, янги сайланган маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаолиятини тўғри ва самарали ташкил этишга кўмаклашиш учун амалий қўлланма ишлаб чиқилди. Ушбу муҳим нашр республикамизнинг барча маҳаллий вакиллик органларига етказилгани аҳамиятлидир. Бу ҳар бир депутатнинг ўз иш фаолиятини профессионал даражада олиб бориши учун зарур билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига имкон яратди. Қўлланма маҳаллий Кенгашнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, унинг таркибий қисмлари, шунингдек, ҳар бир депутатнинг ваколат доираси, ҳуқуқлари ва масъулиятини аниқ белгилаб беради. У депутатлар учун ўз ўрни ва вазифаларини англаб етишда муҳим пойдевор бўлади. Маҳаллий Кенгаш доимий комиссияларининг тузилиши, вазифалари, фаолиятини ташкил этиш тартиби, улар орқали қонунчилик ҳужжатларини муҳокама қилиш ва қарорлар қабул қилиш механизмлари батафсил ёритилган. Депутатнинг назорат-таҳлил фаолияти бўлими депутатларнинг ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш, ҳудудий ривожланиш дастурлари ижросини таҳлил қилиш, муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш бўйича амалий усулларни ўз ичига олади. Қўлланмада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, фуқароларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишда депутатларнинг роли алоҳида таъкидланган. Депутат сўрови – депутатлик назоратининг муҳим воситаларидан бири. Қўлланма бу механизмдан тўғри ва самарали фойдаланиш, ижро органларидан зарур маълумотларни олиш ҳамда жавобгарликни ошириш тартибини тушунтиради. Жамоатчилик ишончига сазовор бўлиш, шаффофлик ва адолат тамойилларига риоя қилиш ҳар бир депутат учун асосий мезон ҳисобланади. Ушбу бўлимда депутатларнинг хулқ-атвор нормалари, этик қоидалар ва коррупцияга қарши кураш масалалари ёритилган.
Замонавий технологияларнинг жорий этилиши маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада шаффоф ва тезкор қилиш имконини беради. Қўлланма бу борадаги илғор ечимлар ва уларни амалда қўллаш усулларини кўрсатади. Депутатлик фаолиятида расмий ҳужжатлар билан ишлаш муҳим ўрин тутади. Қўлланма маҳаллий Кенгашлар фаолиятида қабул қилинадиган қарорлар, мурожаатлар, хулосалар каби ҳужжатларнинг намуналарини ва уларни юритиш тартибини тақдим этади. Ушбу амалий қўлланманинг жорий этилиши маҳаллий Кенгаш депутатлари учун нафақат билим ва кўникмалар манбаи, балки уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун мустаҳкам таянч бўлади. У республикамизда маҳаллий ҳокимият органлари тизимида янги, янада самарали даврни бошлаб беради, депутатларнинг масъулиятини оширади ва халқ манфаатлари йўлида фаолият юритишида муҳим туртки бўлади. Натижада маҳаллий ҳокимият фаолияти янада шаффоф, адолатли ва фуқаролар эҳтиёжларига йўналтирилган бўлади.
Учинчидан, мамлакатимизда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг очиқлиги ва халққа яқинлигини таъминлаш борасидаги изчил ислоҳотлар давом этмоқда. Ана шундай муҳим қадамлардан бири сифатида маҳаллий Кенгашларнинг 2025 йил учун намунавий иш режалари ишлаб чиқилиб, барча маҳаллий Кенгашларга ўз иш режаларини тайёрлашда фойдаланиш учун етказиб берилди. Бу ташаббус Кенгашлар фаолиятини тизимлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш ва халқ манфаатларига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур намунавий иш режалари нафақат маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятини режалаштириши учун асос бўлади, балки Халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашларининг ҳам самарали иш юритишига хизмат қилади. Жами 164 та банддан иборат бўлган ушбу режалар ҳар бир Кенгашга ўз ҳудудининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда, ўз иш режаларини ишлаб чиқишда йўриқнома вазифасини ўтайди. Унинг таркибида Кенгаш фаолиятининг барча асосий йўналишлари қамраб олинган бўлиб, жумладан, сессияда муҳокама қилишга киритиладиган масалалар, Кенгашнинг асосий йиғилишларида кўриб чиқиладиган стратегик масалалар, қарорлар ва муҳим ҳужжатлар рўйхатини ўз ичига олади. Мазкур масалалар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган бўлади. Қолаверса, Кенгашнинг асосий ишчи органлари бўлган доимий комиссиялар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, аҳоли билан бевосита мулоқотни таъминловчи сайёр мажлислар ва турли даражадаги Кенгашлар ёки бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтирувчи қўшма мажлислар орқали масалаларни ҳал этиш механизмлари ҳам киритилган.
Режада Кенгаш фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кенг ўрин олган. У депутатларнинг малакасини ошириш, аҳоли билан учрашувлар, Кенгаш аппаратининг ишини оптималлаштириш, сайловчилар билан мунтазам алоқа ўрнатиш каби йўналишларни ўз ичига олади. Намунавий иш режаларининг ишлаб чиқилиши қарор қабул қилиш жараёнларини тизимлаштиради, депутатларнинг масъулиятини оширади, аҳоли билан мулоқотни кучайтиради ва Кенгаш фаолиятининг ҳисобдорлигини таъминлайди, Кенгашларнинг иш юкламасини оптималлаштириш, вақт ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради, шунингдек, фаолиятнинг шаффофлигини оширади. Бу янгилик Кенгашларнинг келгуси йилдаги фаолиятини янада режали, самарали ва халқчил бўлишига замин яратади.
Тўртинчидан, 2025 йилга мўлжалланган режа-графикларга асосан, жорий йилда маҳаллий Кенгашлар котибиятлари ходимларининг Сенатда амалиёт ўташи ташкил этилиб, уларнинг Сенат фаолияти билан яқиндан танишиши ва билимларини ошириши учун кенг имкониятлар яратилди. Бу амалиётнинг асосий мақсади маҳаллий Кенгашлар котибиятлари ходимларининг нафақат назарий билимларини мустаҳкамлаш, балки Сенатнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, халқаро ҳамкорлик ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёнларини амалда кўриши, ўрганиши учун замин яратди. Ушбу тажриба алмашиш ҳудудларнинг муаммоларини Сенат даражасида кўтариш ва уларга ечим топишда муҳим аҳамият касб этади. Амалиёт давомида ходимлар Сенат қўмиталари йиғилишларида иштирок этиш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнларини кузатиш, Сенат аъзолари ва аппарат ходимлари билан мулоқот қилиш, шунингдек, ҳужжатлар билан ишлаш тартибини ўзлаштириш имкониятига эга бўлдилар.
Бешинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари котибиятларидаги жами 12 нафар ходим учун Марказда амалиёт ташкил этилди. Уларнинг Сенат фаолиятига оид билимларини кенгайтириш ва амалий кўникмаларини ошириш бўйича махсус дастурлар амалга оширилди. Бу ташаббуснинг давомийлиги мамлакатимизда парламентаризмни ривожлантириш ва маҳаллий ҳокимият органларининг салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу амалиёт дастури нафақат маҳаллий Кенгашлар котибиятлари ходимларининг касбий маҳоратини оширишга, балки Олий Мажлис Сенати ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Олтинчидан, 2025 йилдан бошлаб маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари учун Сенатнинг тегишли қўмиталарида иш жараёни билан яқиндан танишиш мақсадида ташрифлар йўлга қўйилди. 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларининг 98 нафар доимий комиссиялари раислари Сенат қўмиталарида амалиёт ўтадилар. Бу амалиёт уларнинг профессионал билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатларининг Сенат ялпи мажлисларида иштирок этиши ва муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан ўз фикрини билдириш, ҳудудлардаги таклиф ва муаммоларни кўтариб чиқиш амалиёти жорий этилди. 2025 йилда бундай ташаббуслар натижасида 10 дан зиёд таклифлар ва муносабатлар билдирилди.
Еттинчидан, маҳаллий Кенгашларнинг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ўзаро ижобий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишларини таъминлаш мақсадида депутатлар ва котибият ходимлари ўртасида тажриба алмашинуви ташкил этилди. Ҳисобот даврида ҳудудлар ўртасида 10 та ана шундай тадбир ўтказилиб, уларда 500 нафардан ортиқ депутат иштирок этди. Бу амалиёт вилоятлардаги туман ва шаҳар Кенгашлари ўртасида ҳам жорий этилиб, маҳаллий бошқарув самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Саккизинчидан, маҳаллий Кенгаш депутатларининг қонунчилик ҳужжатларидан хабардорлигини ошириш ва уларнинг тарғиботини ташкил қилишга кўмаклашиш мақсадида Сенат ялпи мажлисларида кўрилган қонунлар бўйича аннотациялар ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмуни юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилиб, мунтазам равишда Кенгашларга юборилмоқда.
Тўққизинчидан, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам муҳим қадам ташланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар Омбудсмани)нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилларининг тегишли ҳудудда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши ҳолати тўғрисидаги маърузасини тайёрлаш бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсиялар Болалар Омбудсманининг минтақавий вакилларига ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига етказилди. Юқоридаги чора-тадбирлар маҳаллий Кенгашларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг Сенат билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш ва пировардида, халқ манфаатларига хизмат қилувчи самарали бошқарув тизимини шакллантиришга қаратилгандир. Ушбу изчил ислоҳотлар Ўзбекистонда очиқ, адолатли ва халқпарвар давлат бошқарувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
