Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 сентябрдаги қарори билан дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш паспортига ўзгартиш киритилди. Унга мувофиқ, республикамизда дорихоналар босқичма босқич электрон рецепт тизимига ўтказилади. Содда қилиб айтганда, энди шифокор ёзиб берадиган “D-Med” рецептисиз айрим дориларни харид қилиб бўлмайди. Қайд этиш жоизки, “Адолат” СДП ушбу тизимни ишга тушириш масаласини кўп йиллардан бери илгари суриб келаётганди. Хусусан, партия Сайловолди дастурида ҳам дорихоналарни ривожлантириш, рецептсиз сотиладиган дори воситалари рўйхатини қисқартириш ҳамда дорихоналар сонини мақбуллаштириш устувор мақсад сифатида белгиланган. Мавзунинг долзарб экани, мазкур тизим халқимизга янгилик бўлгани учун турли саволлар юзага келаётганини ҳисобга олиб, соҳада узоқ йиллик тажрибага эга бўлган шифокор Тозагул Холиқова билан суҳбат қилдик.
– Барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиз тиббиёт тизимига ҳам замонавий тартиб-тамойиллар, янгича ёндашувлар кириб келмоқда. Электрон рецепт амалиётини ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин. Аммо жамоатчилик орасида ушбу тизимга нисбатан турли фикрлар янграётгани ҳам бор гап. Умуман олганда, электрон рецепт нима ва у анъанавий қоғоз рецептлардан қай жиҳатлари билан фарқ қилади?
– Электрон рецепт тизими шифокор томонидан беморга белгиланадиган дори воситалари ҳақидаги маълумотларни махсус рақамли платформа – “D-Med” ахборот тизими орқали расмийлаштириш ва сақлаш амалиётидир. Ўз номи билан у электрон шаклда бўлади ва қоғозга ёзилмайди, махсус ахборот базасида қайд этилади.
Анъанавий қоғоз рецептлардан фарқли жиҳати, аввало, ишончлилик ва хавфсиз эканида. Оддий қилиб айтганда, қоғоз рецепт йўқолиши, бузилиши ёки сохталаштирилиши мумкин. Электрон рецепт эса ягона тизимда сақланади ва сохталаштириш эҳтимоли мавжуд эмас. Иккинчидан, назорат ва шаффофлик ўрнатилади. Тизимда қайси беморга, қайси шифокор томонидан, қандай дори ва қай муддатга белгилангани аниқ кўриниб туради. Бу дори айланмасини назорат қилиш имконини ҳам беради.
Масаланинг яна бир ўта муҳим жиҳати бор. Электрон рецепт шифокорларда тиббий масъулиятни оширади. Чунки у шифокорнинг электрон имзоси билан тасдиқланади. Натижада шифокор жавобгарлик ҳиссини туяди, бу эса нотўғри, янглиш дори белгилаб қўйиш эҳтимолини пасайтиради. Бемор саломатлигига жиддий ёндашувни таъминлайди.
Демак, янги тизим нафақат рақамлаштириш, балки аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, дори бозорида тартиб ва қонун устуворлигини таъминлашда ҳам муҳим қадамдир.
– Фикрингизча, беморлар учун бу тизим қанчалик қулай бўлади? Хусусан, кекса ёшдаги фуқаролар ёки рақамли технологиядан кам фойдаланадиганлар, фойдаланиш имконига эга бўлмаган инсонлар ундан қандай фойдаланади? Ётиб қолган беморлар ва поликлиникага бора олмайдиган фуқаролар бор, уларга дори шошилинч керак бўлса-чи? Янги тизимда бу жиҳатлар ҳам инобатга олинганми?
– Бу жуда ўринли ва кўпчиликни ўйлантираётган савол. Электрон рецепт тизими, аввало, беморлар учун қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Демак, биринчи навбатда, аҳолининг барча қатламлари манфаати ҳам инобатга олинган.
Қайд этиш жоизки, беморнинг ўзи электрон тизимдан фойдаланмайди. Электрон рецепт шифокор томонидан расмийлаштирилади, бемор эса фақат ўз паспорти ёки ID-картасида акс этган шахсий идентификацион рақам ёхуд шифокор берган электрон идентификатор маълумоти асосида дорихонадан дори олади. Бунда беморда смартфон, интернет ёки махсус илова бўлиши шарт эмас. Бемор хоҳ ёш, хоҳ кекса бўлсин, ундан рақамли саводхонлик талаб қилинмайди.
Жисмоний ҳолати сабаб тиббиёт муассасасига кела олмайдиган ва ётиб қолган беморлар учун эса дори воситалари яқин қариндошлари ёки қонуний вакиллари томонидан электрон рецепт асосида олинади.
Шошилинч ҳолатларда тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилиниши ҳам мумкин. Шунингдек, дори воситаларини шошилинч равишда ёки зудлик билан бериш зарур бўлган тақдирда, рецепт бланкасининг юқори қисмига “cito” (шошилинч) ёки “statim” (зудлик билан) белгиси қўйилади. Жараён қоғоз рецептга қараганда тезроқ кечади.
– Сурункали касалликка чалинган ва доимий дори қабул қиладиган беморлар билан қандай йўл тутилади? Улар ҳар бир қабул учун шифокорга бориб, алоҳида рецепт оладими?
– Йўқ. Сурункали хасталиги бор беморларга амбулатор шароитда рецепт ёзилганда, анаболик фаолликка эга айрим дори воситалари истисно тариқасида 60 кунлик, баъзи дори воситалари эса 90 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда белгиланади.
Шунингдек, бундай беморларга электрон рецепт бўйича кафолатланган пакетга киритилган дори воситалари дорихоналар томонидан реимбурсация дастури асосида 30 кунлик даволаш курсига етарли миқдорда, бепул берилади.
– Сизнингча, электрон рецепт тизимининг энг муҳим, асосий аҳамияти нимада?
– Биласизми, айрим юртдошларимизда бир одат борки, бу дориларни ўзбошимчалик билан қабул қилиш, нотўғри даволаниш. Кўпинча, бундай таваккалчилик бемор ҳолатини оғирлаштириб, даволаниш даврининг чўзилишига, баъзан эса турли асоратларга олиб келади. Янги тизим ана шу муаммони сезиларли даражада камайтиради, деб ўйлайман.
Аввало, янги тизим “рецептсиз дори” амалиётини чеклайди. Илгари айрим кучли таъсир қилувчи препаратлар шифокор кўригисиз ҳам сотилгани аччиқ ҳақиқат. Электрон рецепт жорий этилгандан кейин эса бундай дорилар фақат шифокор белгилаган ҳолдагина беморга берилади. Дорихона ушбу тартибга амал қилмаса, жавобгарликка тортилади.
Қолаверса, дориларни меъёрсиз ва нотўғри қабул қилиш назоратга олинади. Тизим беморга қайси дори, қандай дозада ва қанча муддатга белгиланганини аниқ кўрсатади. Беморнинг бир хил дорини ортиқча миқдорда ёки такроран қабул қилиш эҳтимоли чекланади.
Албатта, ҳар қандай тизим каби электрон рецепт ҳам муаммони бутунлай ҳал қилиб юбора олмайди. Бунда аҳолининг тиббий маданияти, шифокор ва фармацевтларнинг масъулияти муҳим аҳамиятга эга.
– Шифокорлар учун ушбу тизим қандай қулайлик ёки масъулиятни юзага келтиради? Бу уларнинг иш юкламасига таъсир қилмайдими?
– Шифокор сифатида платформанинг имкониятларини ҳам, унда мавжуд бўшлиқларни ҳам ўргандик. Тизим янги, албатта, муайян камчиликлардан холи эмас. Хусусан, расмийлаштириш жараёнидаги айрим мураккабликлар вақт йўқотилишига сабаб бўлиши мумкин. Аммо уни қўшимча юклама деб баҳолаш тўғри бўлмайди. Фикримча, тажриба-синов босқичида такомиллаштирилади. Ушбу жараёнда платформа яратган ахборот технологияси мутахассислари тажрибали шифокорлар маслаҳатига ҳам таянишади, деб умид қиламиз.
Шу ўринда яна бир жиҳатни ҳам айтиб ўтсак. Тизим нафақат беморлар, балки биз – шифокорлар манфаатига ҳам хизмат қилади. Амалиётда шундай ҳолатлар бўлганки, даволаниш жараёнида бемор соғлиғида салбий ҳолатлар кузатилиб, даволовчи шифокор жавобгарликка тортилган. Кейинчалик, аслида юзага келган салбий оқибатга мутлақо бошқа асослар таъсир кўрсатгани аниқланган. Электрон рецептда қайси дори, қандай асос билан белгилангани аниқ қайд этилади. Баҳсли ҳолатларда шифокорнинг ҳаракати ҳужжат билан тасдиқланади.
– Айрим юртдошларимиз “энди дори сотиб олиш қийинлашади” деган хавотирли фикрларни билдирмоқда…
– Бу хавотирлар маълум маънода табиий, чунки ҳар қандай янгилик дастлаб савол ва шубҳаларни келтириб чиқаради. Лекин электрон рецепт тизими дори сотиб олишни қийинлаштириш учун эмас, аксинча, уни тартибли ва хавфсиз қилиш учун жорий этилган.
Аввало, барча дорилар ҳам электрон рецептга ўтказилмайди. Фақат кучли таъсир қилувчи, назорат остидаги, нотўғри қўлланганда саломатликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган айрим препаратлар учунгина электрон рецепт талаб қилинади. Кундалик эҳтиёжда қўлланадиган кўплаб дорилар аввалгидек эркин сотилади.
Тўғри, ўзбошимчалик билан дори сотиб олиш имкони чекланади. Бу эса салбий ҳолат эмас, балки аҳоли саломатлиги учун зарур чорадир.
– Электрон рецепт тизими дори бозоридаги шаффофлик, сохта дори воситалари ва нарх-наво масалаларига қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз? Қорабозор авж олишига сабаб бўлиши мумкинми?
– Холис баҳоласак, ушбу тизим дори бозорида шаффофликни оширади, сохта дори воситаларига қарши курашни кучайтиради ва нарх-навога ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Қорабозор авж олиши эҳтимоли эса, аксинча, пасайиши керак.
Биласизми, сохта дорилар назорат заиф бўлган жойда тарқалади. Электрон рецепт эса дори айланмасини тизимга боғлайди. Номаълум манбадан келган, ҳисобга киритилмаган дорини расмий дорихона электрон рецепт асосида сотолмайди. Бу сохта дори учун бозорни қисқартиради.
Албатта, дастлабки босқичда суиистеъмолга уринишлар бўлиши мумкин. Лекин назорат кучайгани, рақамли кузатув такомиллашиб боргани, жавобгарлик аниқ белгилаб қўйилгани сари вазият фақат яхши томонган ўзгаради.
– Юртимизда туризм ривожланиб бормоқда. Табиийки, меҳмон бўлиб турган хорижий давлат фуқаролари ҳам хасталаниши, масалан, тиши ёки боши оғриб қолиши мумкин. Улар қандай йўл тутади?
– Рецептсиз бериладиган дорилар рўйхатига оғриқ қолдирувчи дори воситалари киритилган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланган. Унга кўра, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам тиббий ёрдам олиш учун тиббий муассасаларга мурожаат этишлари мумкин.
