Ўзбек адабиёти кўп асрлик тараққиёт йўлини босиб ўтган, инсоният тафаккури, онгу-идрокига, маънавият, маърифат такомилига хизмат қиладиган кўплаб асарларни бағрига тўплаган беназир адабиёт ҳисобланади. Унинг хазинасида етук асарлар жамланишига ХХ аср ижодкорлари ҳам баракали ҳисса қўшдилар. Ана шундай ижодкорлардан бири атоқли адиб, шоир, драматург, таржимон, публицист Асқад Мухтор эди. Асқад Мухтор бу фоний дунёда 77 йил (1920 йил туғилиб, 1997 йил вафот этди) умргузаронлик қилди. Ҳаётининг салкам 60 йилини адабиётга, ижодга бағишлади. Унинг 30-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ёзган “Тилак”, “Тонг эди”, “Соғиниш“ каби илк шеърларидан тортиб “Пўлат қуювчи”, “Ҳамшаҳарларим”, “Раҳмат, меҳрибоним”, “Чин юракдан” шеърий китоблари, “Дарёлар туташган жойда”, “Қорақалпоқ қиссаси”, “Бухоронинг жин кўчалари” қиссалари, “Опа-сингиллар”, “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор”, “Аму” романлари, “Чин юракдан”, “Ҳаётга чақириқ”, “Дунё болалари” ҳикоялар тўпламлари, “Мардлик чўққиси”, “Яхшиликка яхшилик”, “Самандар” сингари драматик асарлари, Софокл, Пушкин, Лермонтов, Тагор, Горький, Шевченко, Блок, Маяковский, Корнейчук асарлари таржималаригача халқимизнинг маънавий бойлигига айланди. Адиб нафақат ижоди билан, балки ижтимоий соҳада —Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири сифатида ҳам самарали фаолият юритди. Ижодий фаолияти учун “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” унвонига ва Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Асқад Мухтор орамизда бўлмаса ҳам номи, асарлари, адабий мероси билан халқимиз кўнглида ҳамиша барҳаёт. Устоз адиб билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бирга ишламоқ бахтига муяссар бўлганман. Шунинг учун адибнинг газетада кечган фаолиятидан айрим лавҳаларни ёдга олишни маъқул топдим.
1981 йилнинг 6 мартида “Ўзбекистон маданияти” газетаси таҳририятига Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг котиби Оқил Салимов бошчилигида бир гуруҳ раҳбарлар келишди. Жамоани бош муҳаррир хонасига йиғишди. Котиб гапни қисқа қилди. Республикамизда адабиёт, санъат ва маданиятнинг тарғиботини кучайтириш мақсадида “Ўзбекистон маданияти” газетасини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигига айлантириш, уни 8 саҳифалик ҳолатда икки рангда чиқариш, ададини кўпайтириш, газетанинг ҳам адабий-бадиий, ҳам ғоявий нашр сифатида нуфузини ошириш хусусида сўз юритди. Ва ҳафталикка атоқли адиб Асқад Мухтор бош муҳаррир қилиб тайинланди. Янги бош муҳаррир жамоа билан танишиш, газетада иш бошлашни байрамдан кейинга қолдирди.
Ўша пайтда Асқад Мухторни яхши билардик. Ахир кўплаб романлар, қиссалар, ҳикоялар, шеърлар ёзган, халқ чин дилдан яхши кўрган адиб ва шоирни ким ҳам билмайди, дейсиз? Бунинг устига ўша йилларда “Гулистон” журналини нафақат Ўзбекистоннинг, балки Ўрта Осиёнинг энг яхши ойномаларидан бирига айлантирган, кўплаб ёшларга ғамхўрлик кўрсатган ижодкор сифатида ҳам машҳур эди. Шунинг учун Асқад Мухторнинг ҳафталик газетага бош муҳаррир қилиб тайинланиши кўпчиликни қувонтирди. Лекин Асқад аканинг юз-кўзида бундай қувонч йўқ эди. Аксинча, ҳорғинлик, толиқиш, аллақандай ҳафсаласизлик бор эди. Бошқаларни билмадим-у ўша топда адибнинг “Гулистон” журналига бош муҳаррирликка сайланиш билан боғлиқ хотиралари ёдимга тушди.
Адиб шундай деб ёзганди:
“Ўша йиллари Комил Яшин Ёзувчилар уюшмасининг раиси, мен муовини эдим… Бир куни Комил Яшин мени Марказқўмга бошлаб борди. Шароф Рашидов чақиртирган экан. Гапнинг авзоидан билдимки, мақсад – “Гулистон” журнали муҳаррирлигини бўйнимга қўйиш… Унамадим. Кўнишмади.
– Йўқ, – деди Шароф Рашидов гапни вазминлик билан чўзиб, жилмайган, мулойим бир оҳангда. – Бизга йўқ, демайсиз…
Икки томон ҳам ўйловда қолдик. Оғир жимлик чўкди.
– Унда… шартларим бор, – дедим охир тилга кириб. Кўп йиллар “Шарқ юлдузи”да бош муҳаррирлик қилган, бу ишнинг ғалвалигини билардим. Ҳаммаси гир-гир кўз ўнгимдан ўтди…
– Айтинг… – деди Шароф Рашидов.
– Шартим шуки, тематик чегаралар олиб ташланади!
– Бу нима деганингиз?…
– “Гулистон” оммабоп бўлсин!
Шароф Рашидов узоқ ўйланиб, Комил Яшинга қаради. Сўнг менга юзланиб, “майли”, демади-ю:
– Тағин, – деди.
– Журналга ходимларни ўзим танлайман, – дедим.
У киши очилиб кетди.
– Ҳа, албатта-да! Ўзингиз танлайсиз!..
– Йўқ, мен партиявийлигига қараб ўтирмайман, коммунист бўлса-бўлмаса, керакли ходимни ишга оламан, демоқчиман… Энг яхши шоир, адиб, журналистлар жалб этилади!
Шароф Рашидов яйраб кулди. Комил Яшин суҳбат давомида:
– Ай-яй-яй!.. – деб бош ирғаб ўтирди.
– Тағин?..
– Журнал тўрт рангли бўлиши керак!
– Ҳозир неча рангли?
– Икки рангли…
– Майли, бу осон. Ададини ҳам кўпайтириб берамиз…
– Йўқ, униси ўзимизга қолсин. Одамлар излаб ўқийдиган бўлсин. Сиз айтсангиз мажбуриятга айланиб кетади.
Шароф ака кулди.
– Ўзи эплайди. Асқад ишига пухта. Кўп йиллардан буён уюшмада ҳамкорлик қиламиз, – деб ўртага тушди Комил Яшин.
– Э, бу киши билан ишлашмоқни биздан сўранг! Бу гаплар бекорга бўлаётгани йўқ! – деди Шароф Рашидов.
Дарҳақиқат, ўттизинчи йиллар охирида Самарқанд давлат дорулфунуни (ЎзДУ)да Шароф ака билан бирга ўқиганмиз. Каттақўрғон сув омбори қурилишида биргалашиб газета чиқарганмиз. Идорамиз бозор ичида десангиз, одамлар унинг олдига эшак боғлаб кетишади. Уйқу қочганда, басма-бас шеър машқ қиламиз. (Шароф Рашидов кейинчалик ўша шеърларни кўп жилдлик асарлар тўпламининг учинчи жилдида чоп эттирди). У киши “Қизил Ўзбекистон”га бош муҳаррир этиб, тайинланганида, қўярда-қўймай мени ҳам олиб кетди. Ёзувчилар уюшмасига раис бўлганида, мени уюшма нашри – “Шарқ юлдузи”га масъул котиб қилиб қўйди. Хуллас, тарихимиз узоқ. Ҳалиги баҳслар Шароф Рашидов олдида озгина эркалигим борлигидан, талаблар… ҳаддим сиққанидан эди. Сезганимдек, “Гулистон”да иш осон кўчмади…”
Асқад Мухторни “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррирликка тайинлаш учун Марказқўмга, Шароф Рашидов ҳузурига олиб боришганда яна юқоридаги каби ҳолат такрорланади. Адиб бош муҳаррир бўлишга унамайди. Бунинг сабаблари бор эди. Аввало, “Гулистон” журналида ишлар яхши йўлга қўйилган. Таҳририятга етук, иқтидорли ходимлар танланган, журнал халқ орасида танилган. Журналга талаб катта эди. Бундай жойдан силжиш адибга хуш келмасди. Қолаверса, ёши 60 дан ошиб қолган Асқад ака давлат ишидан кўра ижодий ишни, хотиржам ҳолда асарлар ёзишни мақбул кўрарди. Ҳафтада бир чиқадиган газетада иш ойда бир чиқадиган журналга нисбатан кўп бўлиши аниқ. Шу билан бирга газетани ҳажми, шакл, мазмун жиҳатидан бутунлай янги қиёфада нашр этишни йўлга қўйиш талаб этиларди. Бу янги газета чиқариш билан тенг эди. Ана шунда Шароф Рашидов Асқад акани икки-уч йил ичида газетани оёққа қўйиб бериш шарти билан бош муҳаррирликка тайинлайди.
Адиб бу жараён билан боғлиқ масалалар хусусида кейинчалик “Тундаликлар”ида “Меҳнатни роҳатга айлантиришни хаёл қилар эдик, роҳат меҳнатга айланди”, деб кўнглидаги фикрларни қисқагина ифодалаганди.
Бош муҳаррир ҳафталик 13 апрелдан бошлаб нашр этилишини маълум қилди. Шунгача газетани шакллантириш, бир сони эмас, бир неча сонлари учун материалларга буюртма мақолалар бериш масаласини ўртага қўйди. Таҳририят ходимлари аввал қайси бўлимда ишлаган бўлсалар фаолиятини давом эттиришларини, иш жараёнига қараб янги бўлимлар очиш, кимнинг қайси бўлимда ишлашини белгилашини билдирди. Лекин бу гап айтилар-айтилмас баъзи ходимлар бу бўлимда эмас, бошқа бўлимда ишлайман, деб норозилик билдирдилар. Сал ўтмай норозилик жанжалга, жанжал эса бош муҳаррирга пичоқ кўтариб югуришга бориб етди…
Асқад ака бировга дардини достон қиладиганлар, ташвиши учун бировлардан ёрдам сўрайдиганлар хилидан эмасди. “Пичоқбозлар”га масалани ётиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилди. Улар тушунишни исташмади. Шунда ҳам уларга ариза ёзиб ишдан кетинглар, демади, ишлашни истамасангизлар ишлаётганларга халақит қилманглар, деди. “Тундаликлар”даги “Аҳмоқ аҳмоқлигини билмай ўлиб кетади, чунки буни ҳеч ким унинг юзига айтмайди”, деган сўзлар ўша пайтларда кўнглида туғилган бўлса ажаб эмас.
Бош муҳаррирнинг ишлаш тартиби бошқача, ўзига хос эди. У бирор узоқроқ жойда йиғилиш, анжуман, мажлисларга боришдан ташқари хизмат машинасидан фойдаланмасди. Эрталаб икки-уч километрлик йўлни пиёда босиб ўтиб, ишхонага келарди. Ишни одатдагидек эрталаб 9 дан эмас, 8 дан бошларди. Биз таҳририят ходимлари ишга келганимизда Асқад аканинг столи устида жиддий таҳрирдан чиққан ўнлаб материаллар тахт турарди. Материалларни таҳрир қилиш жараёни ҳам ўзгача эди. Одатда бирор мақола, публицистик асар, эссе ёки шеър газетада ёритиладиган бўлса, улар аввал ўқиб чиқилиб, кейин таҳрирга киришилади. Асқад ака эса уларни ўқиб чиқмасдан бирдан таҳрирни бошлаб юборарди. Материал яхши бўлса охирига қадар таҳрир қиларди. Агар таҳрирга ярамаса, мақола бўш бўлса, бўлимга қайтариб берарди. “Муаллиф мақолани қайтадан ёзсин ёки янги мақола берсин”, деб таклиф айтарди.
Бош муҳаррирнинг таклифи билан таҳририятда янги бўлимлар ташкил этилди. Ҳафталикнинг ҳар бир саҳифаси бўлимларга бўлиб берилиб, янги номлар билан аталди. “Биринчи саҳифа газетанинг юзи, қиёфаси, у қанчалик чиройли, бунинг устига мазмундор бўлса, газетхонни ўзига жалб қилади. Муштарий биринчи саҳифаданоқ газетани иштиёқ билан, қизиқиб ўқиши керак”, дерди адиб. Кейинги саҳифа публицистика бўлимига ажратилганди. Учинчи саҳифа ижодкорлар, санъаткорларнинг адабий ўйлари, маънавият, маърифат хусусидаги фикрлари, хотиралари, абадий ҳаёт хусусида хулосаларини айтиш учун минбар қилиб белгиланди. Тўртинчи саҳифа адабий танқид ва адабиётшунослик, бешинчи саҳифа наср ва назм саҳифаларига айлантирилди. Олтинчи саҳифа санъатга оид материаллар учун ажратилди. Еттинчи саҳифада янгиликлар, хабарлар чоп этилса, саккизинчи саҳифа “Шум боланинг чойхонаси” деб аталиб (бу ном Асқад аканинг таклифи билан қўйилди), сатирик ва ҳажвий асарлар бериладиган бўлди. Ҳафталик учун тузилган бу мундарижа нафақат Асқад Мухтор раҳбарлик пайтида, балки кейинги бош муҳаррирлар даврида, то газета номи ўзгаргунча давом этди.
Газета янгилангандан кейин унга мақолалар, асарлар, шеърлар оқиб кела бошлади. Уларнинг кўплигидан Асқад ака кун бўйи таҳрир билан банд бўларди. Баъзан таҳрирлардан толиқиб, секретариатга кириб келар, “Кимнингдир ёзганига офарин, кимнингдир ёзмагани учун раҳмат”, деб қўярди.
Ўша йиллари шеърият адабиётимизда етакчилик қиларди. Ҳафталикнинг хазинасида юзлаб шоирларнинг шеърлари навбат кутиб турарди. Бош муҳаррир газетанинг ҳар бир сонида 4-5 та, камида 2 та шоирнинг энг сара шеърларини бериб боришни шарт қилиб қўйди. Шу билан бирга, ўша пайтда адабиётда тимсол шеърият – уларни баъзи олимлар модерн шеърият деб аташди – намуналарини бериб боришга имконият яратиб берди. Шу йўналишда дастлаб Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Шайхзода, Миртемир каби шоирларнинг туркум шеърлари эълон қилинди. Улардан кейин Рауф Парфи, Омон Матжон, Асқар Қосим, Усмон Азим, Хуршид Даврон ва бошқа ёш шоирларнинг шеърлари газетхонлар эътиборига ҳавола этилди.
Орадан кўп ўтмай ҳафталикда тимсол (модерн) шеърият хусусида баҳс-мунозара бошланди. Дастлаб газетхонларни шеъриятнинг бу ўзига хос йўналиши ҳақидаги фикрлари, шоирлар асарларида тимсолларнинг ишлатилиши билан боғлиқ мулоҳазалари берилди. Шоирлар шеърларидаги тимсоллар, образлар тадқиқ этилди. Кейинчалик гап Рауф Парфи шеъриятига бориб тақалди. Нафақат газетхонлар фикрларида, баъзи адиблар, шоирлар, олимлар мақолаларида ҳам Рауф Парфининг шеърларини тушуниш қийинлиги ҳақида сўз юритилди. Унга “шеърларингизни тушунтириб беринг”, деган талаблар қўйила бошлади. Ҳатто шоир шеърлари шеъриятдан йироқ, ўзбек миллий шеъриятига хос эмас, деган танқидий фикрлар ҳам айтилди. Ана шунда Асқад ака адабиётшунос олимлардан бу баҳс-мунозара ҳақида, хусусан, Рауф Парфи шеърияти борасида холислик билан баҳо берилган мақола ёзиб беришни илтимос қилди. Афсуски, бундай мақола ҳафталикка келмади. Натижада ана шундай мақолани Асқад аканинг ўзи ёзди. Ёзганда ҳам шеъриятнинг бу йўналиши азалдан мавжудлигини, Шарқ шеъриятида ҳам бу йўналишда кўплаб асарлар яратилганини таъкидлади. Рауф Парфи шеъриятида тимсоллардан фойдаланишдаги ютуқлар ҳақида тўхталиб, шеъриятнинг бу йўналиши борасида холис мулоҳазалар билдирди. Бошқачароқ айтганда, шеъриятни бир хил қолип билан ўлчашга ўрганиб қолган мухолифлардан Рауф Парфини ҳам, унинг шеърларини ҳам ҳимоя қилди. Мақола эълон қилингач, таҳририятнинг навбатдаги йиғилишида шеърият ҳақидаги фикрларини якунлаб, “Шеърни таҳлил қила бошласалар, ғашимга тегади. Баҳорги соф ҳавонинг кимёвий таркибини ҳам текшириш мумкин. Аммо ундан кўра, шундай кўкрак тўлатиб нафас олган яхшироқ эмасми?”, деди. Асқад Мухторнинг бу мақоласи Рауф Парфини нафақат ўринсиз хуружлардан ҳимоя қилди, балки шоир асарларининг адабиётимизда тутган юксак ўрнини ҳам белгилаб берди.
