Водий бўйлаб аҳвол тобора танг бўла борди. Ҳеч ердан нажот етмаслиги, истиқбол шуъласи сўниб бораётқаниға амин бўлғач, Шермуҳаммадбек қўл остидағи бир минг етти юз аскардан уч юзу тўқсон олти нафари билан тарки ватан қилиб, Афғонистонға ўтиб кетишка мажбур бўлди.
Фарғона ислом лашкарининг бир қисми ён-атрофдағи қишлоқ ва депараларға тарқаб кеткан бўлса, айримлари уй-уйларига қайтиб, шўро ҳукуматиға таслим бўлишдан ўзга чора топа олмади. Ҳижрат олдидан амирлашкар Шермуҳаммад Одилбек ва Ҳайдар Бурҳонни чорлаб, узоқ суҳбатлашди. “Пешонамизға шундай ёзиқ битилган экан, тақдири илоҳийға қарши туриб бўлмайди. Бизлар қўлимиздан келганини қилдик. Насиб этса, курашимиз тўхтамағай, четда бўлса ҳам, давом эттиргаймиз. Фақат ҳозир мана шундоқ оғир кунларда ҳаммамиз бирга бўлмоғимиз керак”, деб уларни ўзи билан кетишка даъват қилди. Аммо Одилбекнинг ҳам, Ҳайдарнинг ҳам қарори қатъий эди. “Маъзур тутғайсиз, амирлашкар, бизнинг мозоримиз шу юртда. Худо йўлингизни берсин”, дея, бу таклифни рад этдилар.
Шермуҳаммадбек, табиийки, ранжиди. Совуққина хўшлашдилар. Кетиш олдидан амирлашкар Одилбекнинг отиға буйруқ чиқариб, уни қолған йигитларга қўрбоши этиб тайинлади. Шундан сўнг Одилбек икки юзга яқин мужоҳидға бош бўлиб, бир ярим йилдан зиёд Бухоро музофотининг шарқий мавзеларида, Аччиқкўл, Қоратегин ва Балжувоннинг тоғли дараларида саргардон юрди. Бир неча бор Фарғонаға ёриб ўтишка уринди, аммо ҳар сафар ҳам омад ундан юз ўгирди.
Биз – ўзбекларда “Ҳар жойнинг тулкисини ўз тозиси овлайди”, деган мақол бежиз айтилмаган. Бу вақтда шарқий Бухоро заминида Фузайил махсум, Дониёлбий, Эшон султон номлари билан танилған қўрбошилар ўзларини ўлканинг қонуний хожалари деб ҳисоблар, шу важдан Одилбек ва унинг толеъсиз ҳамроҳлариға ғашлиқ ва ғанимлиқ кўзи билан қарашлари табиий эди. Уларнинг қароргоҳига кечалари номаълум отлиқлар қий-чув кўтариб бостириб келар, бешотар милтиқларидан қасира-қусур ўқ узиб, “Эй фарғоначилар! Даф бўлинг Фарғонангизға!” – деб бақирар эдилар.
Бундай кезларда Ҳайдар Бурҳон Одилбек ва йигитларга вазмин бўлиш, иғво ва фитналарға учмаслиқни қайта-қайта тайинлаб чарчар, уларнинг қаҳру ғазаб алангасини базўр сўндирар эди. Аммо барибир маҳаллий қўрбошилар билан бир неча марта қонли тўқнашувлар юз берди. Чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрган киши бу душманлиқ илдизи Бухоро ва Хўқанд хонлиқлари ўртасидағи кўҳна адоватларға бориб тақалишини англамоғи қийин эмас эди.
Ниҳоят, адоғи йўқ бу саргашталик, хору зорлиқ жон-жонидан ўтиб кеткан Фарғона лашкари орасида гоҳ пинҳона, гоҳ ошкора тусда, қандай қилиб бўлмасин, юртга қайтиш ҳақида гап-сўзлар кўпая бошлади. Аслида уст-бошию қурол-яроғи абгор, озуқа таъминоти кун сайин муаммоға айланиб бораётқан, қарийб ярми касал бу тўданинг лашкар деб атағулик ҳоли йўқ эди. Иш кўрган, тажрибали қўрбоши ва понсадлар амирлашкарға эргашиб кеткан, кейинги уч ой мобайнида буларнинг сафиға бирон киши келиб қўшилмаған эди.
Боз устига, очлиқ балоси элни ҳолдан тойдирған эди. Лекин очлиқ шўроларға қўл келди, зотан, оч-яланғоч одам борки, ҳукумат қўшиниға аскар бўлиб ёлланар, азбаройи қорин тўйдириш қайғусида ўзининг миллатдошиға, дин қардошиға қарши жанг қилар эди.
Вазиятнинг тобора хатарнок тус олаётқанини сезиб, Одилбек Ҳайдар Бурҳоннинг кенгашига кўра, бошқаларға сўзи ўтадирған мужоҳидлар, чунончи, Назар ва Абдумалик ўнбоши, Зиямат полвон, Маматаюб ота, Пирмат оқсоқол, Абдулла байроқдор билан тоғ ўнгуридаги ғор ичида жойлашкан қароргоҳда машварат ўтказди. Бу ғарибона анжуманда айтилган турлик-турлик фикрларни мухтасар ифода қиладирған бўлсак, аксарият кўпчиликнинг қарори юртга қайтишдан иборат бўлди. Уларнинг борки ўй-хаёлларини “Эй гўзал Фарғона, қонли кўйлагингдан айланай!”¹ деган маҳзун бир ҳиссиёт бутунлай эгаллаб олған эди.
Ҳақиқатан, бошини ўлим кундасиға қўйған бу одамларни олдинда ҳам, ортда ҳам муқаррар ажал кутмоқда эди. Аммо бу ерда қолиб, Фузайил махсум каби мусулмон биродарлар ўқиға учғандан кўра, Аллоҳга таваккал қилиб, кофир душман қўлида шаҳид бўлмоқ афзалдир. Шоядки, шунда мусулмон мусулмонни ўлдирибди, деган исноддан халос бўлишға имкон туғилар…
Машварат аҳли тонгга қадар режа тузди. Бомдоддан сўнг сарғимтил-қизғиш хазон япроқлари билан қалин қопланған тоғ сўқмоқлари оша йўлға отланилди. Одилбек оч-наҳор ва юпун, тинкаси қуриған шериклариға руҳан далда бермоқ учун Абдулла байроқдорнинг қўлидан туси ўчиб кеткан яшил байроқни ўз илгига олиб, боши тепасида баланд кўтариб борарди.
Дунёнинг жамики азиз ва бебаҳо неъматларидан кўра ўлим шарбатини афзал билган бир даста йигит унинг ортидан жимгина эргашиб келарди. Улар қаторида ҳали юзига устара тегмаган бўз ўғлонлар билан бирга уч-тўрт фарзанд отаси бўлған кечаги косиб ва деҳқонлар, Маматаюб ота, мулла Сотиболди каби азамат қариялар ҳам бор эди.
Ажабо, қарға-қузғунлар чарх уриб юрган кимсасиз, яйдоқ далалардан ажал сари пешвоз бораёткан бу одамларнинг фикри-ёдини шу тобда не ўй-хаёллар, ҳиссиётлар чулғаб олған бўлса экан?
Отам – марҳум Қодирмуҳаммад бобо йигитлик чоғи Худоёрхонға сарбоз бўлиб, бир неча урушларда, чунончи, ўрис қўшиниға қарши Алимқули амирлашкар ҳамда Ёқуббек Бадавлатнинг қилған жангларида қатнашған эди. Табиийки, бир мусанниф ўлароқ, қонли сўғиш-савашларға кирадирган жангчининг аҳвол-руҳияси мени қизиқтирмасдан қўймасди. Қачонки, шу тўғрида ижикилаб сўрасам, бошда жўяли жавоб бериб турған чоли тушкурнинг хиёл ўтмай жаҳли чиқиб кетар, “Баччағар, уруш сенга Шафоат аммангнинг шафтолиқоқисими?” – дея жеркиб берар эди. Лекин бир сафар, “Худоё тавба, қирғиннинг ичига кириб кетяпмиз-у, чап этик лаънати негадир оёғимни сиқиб, жонимни оларди”, деган гапи қулоғимда қолған. Демакким, жанг пайти одам ўзини ўлим ваҳмидан чалғитмоқ учун шу каби ўйларға борар экан-да…
Хайр, Одилбек ва шерикларининг кўнгилларидан кечаёткан ҳис ва туйғуларини ўзларига қолдириб, яна мақсудимизға келайлик.
Бирон соатлардан сўнг ислом лашкари чегара ҳудудига ниҳоятда яқинлаб келди ва бирданига “Урҳо-ур!” дея сурон кўтариб, ёв устига қуюндек ёпирилди. Чегарага қулф солиб, қулоғи динг бўлиб ўлтирған олти юз кишилик ҳукумат қўшини уларни ўқ ёмғири билан кутиб олди. Битта мужоҳидға қарши ўнлаб милтиқдан ўқ узилар эди. Бирпасда ҳужумчиларнинг олдинғи сафлари сийраклашиб қолди.
Қизил аскарлар хандақлардан, дарахт ва деворлар ортидан чиқиб, қарши ҳужумга отилдилар. Аммо шунга қарамасдан, Абдумалик ўнбоши отлиқ йигитлари билан сўл томондағи жарликни ёқалаб чегарани ёриб киришка муваффақ бўлди. Бу қанотдағи шўро аскарлари пала-партиш қоча бошлади. Бунға сари мужоҳидларнинг қони жунбушка келиб, “Аллоҳу акбар!”, “Аллоҳу акбар!”, “Лаа илааҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!”, “Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд!”, – дея такбир айтиб, қичқирғанча душман устига ташландилар.
Одилбек эгарда қийрихон ўлтирған кўйи, Абдулланинг бир неча бор сўрағаниға қарамасдан, қўлидағи байроқни бермасдан, уни баланд ҳилпиратиб, отини елдириб борар эди. Ногаҳон пистирмадан пойлаб туриб кетма-кет узилган тўфангча ўқи унинг нақ юрагига тегди. У қаттиқ бир “Оҳ!” дедию, қўлидағи байроққа ўралиб, юзтубан қулади. Ҳайдар Бурҳон билан Назар ўнбоши ирғиб отдан тушдилар, оғзидан шариллаб қон келаёткан Одилбекнинг жароҳатини боғлаб, пана жойға элтдилар. Шу заҳоти мададға етиб келган Вали ботир, Тўланбой қирғиз, Умар қорасоқол каби ўнга яқин суворий Одилбекни от устига олиб, Аччиқкўл томон шамол каби елиб кетдилар.
Кўз ўнгида душман байроқдорининг қулағани қизил қўшинға айрича бир руҳ ато этиб, ҳужумни янада кучайтирдилар. Ҳайдар чекинишка буйруқ берди. Шўро аскари, ҳойнаҳой, ортда пистирма бўлса керак, деган хаёлға борибми, уларни узоқ таъқиб қилмади, аксинча, тезда изига қайтиб, хандақ ва истеҳкомлариға мустаҳкам ўрнашди.
Ёв кўзидан узоқлашиб, Сарихумдон яқинидағи ўрмон каби қалин, нимқоронғи ёнғоқзор ичида тўхтадилар. Кўкка бўй чўзған баҳайбат дарахтларнинг тагида ер билан битта бўлиб хазон аралаш ёнғоқ мевалари сочилиб ётар, ҳар қадам босилғанда оёқ остида “қирс-қирс” товуш чиқариб синар эди.
Одилбекни авайлаб от устидан туширдилар. Ҳайҳотки, жони узилган эди… Ҳайдар Бурҳон унинг ҳали совуб улгурмаган жасадини бағриға босиб, очиқ қолған кўзларини ёпиб, иягини боғлади.
Шом яқинлашмоқда эди, тўрт азамат йигит шошилиб гўр қазишка тушди. Орқада қолғанлар ҳам етиб келгач, Абдураззоқ тоға имоматға ўтиб, жаноза ўқилди. Марҳум шаҳид мақомида бўлғани учун майитни ювмасдан, эгнидаги қонли кийими билан қабрға қўйдилар. Қуръон тиловат қилинди.
Даҳшатли муҳорабаларда ҳар куни ўлим устига ўлим кўрабериб, дийдаси тош қотиб кеткан бўлса-да, Одилбекнинг ҳалокати йигитларга фавқулодда кучли таъсир кўрсаткан, ҳамманинг боши эгик, руҳияти тушкун эди. Ҳатто, бояғина бетоқат пишқириб турған отлар ҳам чурқ этмас, улкан дарахтларнинг шохларида қатор тизилишиб ўлтирған олақанот ҳаккалар, қораялоқ қушлар-да сукут сақлар эди.
Қабр бошида тиз чўккан Ҳайдар Бурҳон аста ўрнидан турди, алам ва изтироб билан шерикларига қараб сўзланди:
– Эй мужоҳид паҳлавонлар! Ватан истиқлоли учун жон тиккан ўғлонлар! Нега хомуш, нега маҳзун бўлиб қолдингиз? Бошингизни кўтаринг, сизларнинг ишларингиз, мақсадларингиз, қонларингиз ҳақдир! Аллоҳнинг иродаси, қўмондон Одилбекни ерга бердик. Аммо, ўзингиз айтинг, Одилбек ўлдими? Асло! Зотан, Одилбек ким эди? У Ватан ва дин мужоҳиди, марди Худо эди. Бас, шундоқ инсонни ўлди деб бўлурми? Башарти, Одилбек ўлган бўлса-да, айтинг, унинг иши, унинг аъмоли, унинг маслаги ҳам ўлдими? Асло ўлгани йўқ! Ҳаммангиз шоҳидсиз, бек охирғи нафасиға қадар душман билан мардона олишди. Қўлидағи мана шу байроқ унинг муборак қони ила бўялди. Жон берар экан, мендан: “Оға, байроқни ким кўтаради?” – деб сўради. Эй жафокаш юрт лашкари! Эй, қаҳрамон ўғлонлар! Иймонимиз, диёнатимиз синов тарозисида симобдек қалқиб турған мана шу лаҳзаларда мен энди шу саволни сизларга бермоқчиман: байроқни ким кўтаради? Ким?
Тўрт тарафка чинакам қабристон сукунати чўмған эди. Ниҳоят, карахт бўлиб қолған мужоҳидларнинг ҳушлари ўзларига қайтди. Энг аввал бошидағи ярасидан қон силқиб турған Абдулла Ҳайдар Бурҳоннинг олдиға келиб:
– Менга беринг байроқни, оға, мен кўтараман! – деб қонға бўялған ялов қаршисида тиз чўкди.
Унинг ортидан кўзларида қайғу ва қасос алангаси чақнаған, бири ярадор, бириси соғ ўнлаб азаматлар, фидойи мўйсафидлар бирин-кетин майдонға чиқа бошладилар:
– Туғни менга беринг!
– Мен кўтараман байроқни!
– Жойинг жаннатда бўлсин, Одилбек болам, байроғинг ерда қолмағай! – деган ҳайқириқ садолари еру кўкни тутди.
…Ислом лашкарининг қолған-қутған бўлаклари Ҳайдар қўрбоши бошчилиғида Бухоронинг шарқий ҳудудларида яна беш-олти ой шўро қўшиниға қарши жанг қилиб юрди. Сўнгра уларнинг батамом тор-мор келтирилгани ҳақида хабарлар тарқади.
Аммо орадан кўп ўтмай, Ўш ва Ўзган томонларда бир қўрбоши хотин пайдо бўлғани, ўша қонли байроқни баланд кўтариб, юзлаб йигитларға бош бўлиб ёв билан мардона жанг қилаётқани бутун Фарғонаға овоза бўлди. Билғучи кишиларнинг айтишлариға қарағанда, бу аёл оғаси Нусратхон тўра, эри Матлабхон, жувонмарг қизи Суйимахон, дин қардоши Одилбекнинг хунини талаб қилиб, майдонға чиққан Ойнисо қўрбоши эмиш.
У ўзининг қўрқинч жасоратлари билан, хусусан, Ўш турмасиға ногоҳ ҳужум уюштириб, ўнлаб мужоҳидларни бешикаст озод эткани, қамоқхона қўриқчиларининг қуролларини тортиб олиб, ўзларини эса ҳибсхоналарға банди этиб кеткани ҳақидағи хабарлар билан бутун водийни титратиб, душман орасиға ваҳима ва ларза солиб юрди.
Бу гапларга бирав ишониб, бирав ишонмади.
Қарийб икки йилдан кейин бу саркарда хотиннинг Аравон тоғларида пулимўт ўқиға учиб ҳалок бўлғани ҳақида овоза тарқади.
Вақт ўтиб, бу гап-сўзлар аста-секин унут бўлди.
Фақат Ойнисо қўрбошидан ёдгор бўлиб, бир замон унинг тарафидан Одилбекнинг мозори устига қўйилған омонат қабртошиға битилган “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимаси ва қуйидағи тўрт мисра шеър қолди, холос:
Ғунчаи бўстонлари сўлған, дема,
Кўзларига хору хас тўлған, дема.
Ҳақ йўлинда кимки ўтди – барҳаёт,
Ҳеч қачон ўлган, дема, ўлган, дема.
Табиатнинг азалий қонуниға мувофиқ, Сарихумдонда ҳам куз оёқлаб, қиш келди, унинг ортидан кўклам ўз кучига кирди, ёз фаслига бориб, ушбу ғарибона мозор нураб, одам бўйи бўлиб ўскан қамиш ва қиёқлар орасида йўқолиб кетди².
¹ Бу сатр Чўлпонға мансуб (муаллиф).
² Ойнисо хоним ҳаётидағи бундай эврилиш баъзи ўқиғучиларға балки муболаға бўлиб туюлар. Аммо ушбу рўмон учун маълумот тўплаш асноси мен ҳужжатгоҳларда ҳеч кутилмаған, дабдурустдан киши ақлини шошириб қўядирған ғалати манбаларға дуч келдим.
Сир эмас, мозийда бизнинг ўлка ва диёрларда яшаган аёл зоти борки, барчаси “заифа” деб аталған ва уларға муносабат ва қараш ҳам айни шу йўсинда шаклланган. Хотин-қизларнинг асосий машғулотлари уй-рўзғор юмушларидан иборат бўлған.
Бироқ тарихда шундай ғайритабиий вазиятлар ҳам юз берганки, ўшал “заифа” деб ҳисобланған момо ва оналаримиз қўлларидағи игнани ханжарға, чўмични гурзига алмаштириб, ёвларға қарши эрлар билан ёнма-ён туриб жанг қилғанлар. Баъзилари эса урушда ҳалок бўлған саркардалар ўрнини эгаллаб, порлоқ ғалабалар ҳам қозонғанлар.
Бу хусусда сўзни узайтирмасдан, массагет маликаси Тўмарис, қирғиз қардошларимизнинг жасур момоси Қурманжон додхоҳ каби шижоатли аёлларни эслаш кифоядир. Шулар қатори яқин ўткан кунларда Фарғона водийсида бир қўрбоши хотин шўро қўшиниға қарши мардона уруш қилғани ҳам маълум. “Ойишахон қўрбоши” исми билан машҳур бу аёл тўғрисида “Ер юзи” жўрнолининг 1928 йил январь ойида чоп этилган 15-сонида бир мақола босилған бўлиб, муаллифи бу кундағи машҳур муҳаррирларимиздан Комил Алийуф ўртоқдир.
Ушбу мақолада мазкур Ойишахон қўрбоши ҳақида муфассал маълумот баён этилиб, жумладан, ўз вақтида унинг номиға амирлашкар Маҳкам ҳожи тарафидан бир ёрлиқ – иноятнома берилгани хусусида ҳам сўз юритиладир. Қон дарёси ичра кечкан долғали йилларнинг ноёб ёдгори бўлмиш бу ҳужжатни тубанда мухтасар зикр этмоқни жоиз, деб билдим:
“Иноятнома
Ҳижрий бир минг уч юз ўттиз тўққизинчи йил, Зулқаъда ойининг ўнинчи санаси (милодий 1920 йил, декабрь ойи).
Ўш шаҳридаги тамоми қўрбоши, понсадлар ва ислом лашкарлариға етиб маълум бўлғайки, дини ислом йўлида курашиб шаҳид бўлған Холхўжа эшоннинг туғишқан синглиси Ойишахон ойим дин йўлида акаси ўрнида қилич чопмоқ учун фидойи бўлиб чиқибдур.
———————————————————————————————————-
Бинобарин, бизким – лашкари ислом амири Маҳкам ҳожи ўз томонимиздан бу ҳамширамизни Холхўжа ўрниға қўрбоши тайин қилдук. Тамоми Ўш шаҳри ва атрофидағи Холхўжа эшондан қолған аскарлар, ўнбоши ва юзбошиларға маълум бўлғайки, бу Ойишахон ойимни мутаваффо оғаси ўрнида билиб, буткул амру фармониға бўйинсуниб, инқиёд қилсунлар. Заррача ихтилоф қилмай, ҳар не буюрған хизмати бўлса, жону дил билан бажо келтирғайсизлар. Баъзи бир атрофға тарқаб кеткан йигитлар бўлса, ушбу буйруғимизни кўрган, эшиткан он дарҳол Ойишахон ойимнинг ҳузурига ҳозир бўлсунлар. Бошқа қўрбошилар олдида хизмат қилиб турғанлари ҳам Ойишахон ойимдан хат борған замон Ўш шаҳридағи эски жойлари бўлған Ойишахон – Холхўжа эшон ҳавлисига бориб, аввалги ўринларидағи хизматлариға қойим бўлсинлар.
Ҳар ким бу фармонимизға бўйинсунмаса, боши ўлимда, мол-мулки талонда бўлуб, қочқанлари қурол жазосиға мустаҳиқ қилинадур, деб ушбу иноятнома берилди. Лашкари ислом бошлиғи, амирлашкар фидойи Маҳкам ҳожи муҳримни босдим…”
Бу мавзудағи сўнғғи суриштирувлар натижаси ўлароқ, мен Туркистон ўлкасида юзлаб эркакларға бош бўлиб жанг майдонида жавлон урған яна бир неча қўрбоши аёллар ўтканини аниқладим. Улар орасида таниқли ислом мужоҳиди Муҳиддинбек (Мўйдинбек)нинг онаси Меҳрихон қўрбоши, олтиариқлик Шакархон қўрбоши, Бухоро музофотининг Карманасидан чиққан Нодира қўрбоши каби хотин-қизларнинг исмлари борлиғини кўриб, ҳайратим зиёда бўлди ва Ойнисо хонимнинг кейинги тақдирини битишда мана шу маълумотлардан имкон қадар истифода этдим (муаллиф).
