Ўзбек мумтоз шоири Гулханий қаламига мансуб ушбу сатр шу йилнинг 21 декабрь куни – ялдо кечасида босилиб чиқиши кутилаётган янги асарга эпиграф қилиб олинган. Биринчи ва энг буюк ўзбек романи – “Ўткан кунлар”нинг яратилганига юз йил тўлган бир вақтда ана шу ўлмас асарга илова тарзида ёзилган “Ялдо кечаси” номли китоб нашр этилаётгани ҳақидаги хабарлар кўпчилик қатори газетамиз муштарийларида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Суриштириб билсак, мазкур нашрнинг барча ҳуқуқлари ҳимояланган бўлиб, тўлиғича “Xaybar-25” нашриётига тегишли экан. Биз нашриётдаги ижодкор дўстларимиз билан мулоқотга киришиб, бу ажойиб ва сирли китобнинг “Байроқни ким кўтаради?” деб номланган бобини чоп қилиш ҳуқуқини қўлга киритдик.
Маърифат, озодлик ва адолат ғояларини изчил олға суриб келаётган газетамиз ва унинг ўқувчиларига кўрсатилган ҳурмат-эътибор ва хайрихоҳлик учун нашриёт жамоасига миннатдорлик билдириб, уларнинг келгуси фаолиятида ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.
Табиийки, йилнинг фавқулодда ғаройиб асари сифатида эътироф этилаётган “Ялдо кечаси” китобини қаердан харид қилиш мумкинлиги кўпчиликни қизиқтиради.
“Xaybar-25” нашриётидан олинган маълумотга кўра, бунинг учун нашриётнинг сотув бўлими (Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 69-уй) ҳамда
+99871-241-09-21 ва +99870-056-66-00 телефон рақамлари орқали мурожаат қилиш керак экан.
ТАҲРИРИЯТ
