Абдужаббор Обидов “Ҳастимом ёхуд Абу Бакр Қаффол Шоший” романи орқали мозий қўйнига, минг йил аввалги аждодларимиз ҳаётига назар ташлаб, ўша замонларда Шош ва Бағдодда ном таратган Шошийнинг ҳаёт йўлини бугунги ўқувчиларимизга яқиндан танитишга ҳаракат қилган. Албатта, тарихий шасхларнинг босиб ўтган мазмунли умри ҳақидаги бундай асарлар жуда зарур. Зеро, ҳазрат Қаффол Шоший – улуғ сиймо, аллома, боз устига, моҳир ҳунарманд, ҳалол меҳнати билан шуҳрат қозонган шахс. У зот замонасининг имоми, тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, шеърият ва тилшунослик илмлари бўйича қомусий олимлардан бири эди.
Романни ўқиш жараёнида кўрамизки, Абдужаббор Обидов аллома сиймосини шакллантириш учун жуда кўп изланиб, тарихий манбаларни яхши ўрганган ва шу билан бирга, Қулайб ибн Сурайж, Садр-ул Ислом каби илмли зотлар орқали буюк аллома образини янада тиниқроқ тасвирлашга эришган. Ўша давр кишиларининг ўз касблари орқали ҳалол яшаб, ҳалол ризқ-рўз топганлари, бунинг давомида уста мақомининг ҳалоллик мезони асосида жамиятдаги барқарорлиги яхлит ифодланганки, бу асар мазмунига зид келмаган, аксинча, тарихий роман мазмунини янада бойитган.
Таъкидлаш керак, шу пайтгача Қаффол Шоший ҳақида биронта ҳикоя, қисса ва тарихий роман ёзилмаган.
Маълумки, X–XII асрларда минтақадаги Бухоро, Самарқанд, Насаф (Қарши), Термиз, Хива, Шош ва бошқа шаҳарлар бутун мусулмон Шарқидаги маданий марказлар қаторида машҳур бўлган. Жумладан, Тошкент – ўрта аср араб манбаларида Шош деб номланиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ, тилшунослик илмларида кўплаб таниқли олимларни етиштирган. Бу ерда туғилиб ёки камолотга етган буюк зотлар, олимлар ўзларига “Шоший” нисбаси олишни шараф билишган.
Ана шундай алломалардан бири Қаффол Шошийдир. Унинг тўлиқ исми – Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший, араб манбаларида унга алоҳида ҳурмат бажо келтириш учун номига “катта”, “улуғ” маъносини ифодалайдиган “ал-Кабир” сўзини қўшиб ёзадилар.
Қаффол Шоший ва унинг илмий фаолияти нафақат Шарқ олимлари, балки Ғарб тадқиқотчиларининг ҳам эътиборини жалб этган. Машҳур немис шарқшуноси К.Броккельман, рус олими В.Бартольд алломанинг илмий меросига юксак баҳо беришган.
Одатда кўп алломаларимизнинг ёшлик, ўсмирлик даврига оид маълумотлар манбаларда кам ёритилган. Ёзувчи ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий воқеалар, илмий ва маданий жараёнлар ичига кириб, таъбир жоиз бўлса, ўша давр ҳаётида яшаши керак.
Абдужаббор Обидов ўша давр руҳига кириб, ўша пайтдаги ҳунармандлар ҳаёти ва одатлари, турмуш тарзини ишонарли ҳикоя қилган. Турли касблар – темирчилик, кулолчилик, каштачилик, жез билан ишлаш, мисгарлик маҳсулотларини яратиш жараёнини меҳр билан ифодалаган. Бош қаҳрамон Шошийнинг ботир, қўрқмас, жасоратли, ҳар ишга қўл урса, уддалайдиган ва охирига етказа оладиган образини ишонарли тасвирлаган.
Романни шижоатга тўла асар, дейиш мумкин. Биринчи бобдаёқ бу ҳолат сезилади. Роман қулфсозлар хонадонидаги воқеалардан бошланади. Бу бежиз эмас, албатта. Тасаввуф дунёси одамни комилликка, ўз қўл кучи билан меҳнат қилиб, ҳалол топиб, ҳалол яшашга, жасоратга, Ватани, номуси, аҳли аёли шаънини ҳимоя қилишга ундайди. Абу Бакр яшаётган хонадон, отаси Али Исмоил ҳамда волидаси билан боғлиқ инсоний туйғулар ва ўзининг темирчиликдан ташқари кулолчилик, нақш солиш, сополга ёзиш касбларни ҳам ўзлаштиргани, яъни бир вақтнинг ўзида бир неча ишга қизиқиши фонидаги ишоралар китобхонни бефарқ қолдирмайди. Шу боис, муаллиф романнинг биринчи саҳнасини “Қулфсозлар хонадони” деб атаган ва тўғри қилган.
Муаллиф бу улуғ сиймонинг ислом тарихи ва маданияти ҳамда сиёсий жараёнлардаги ўрнига ҳам алоҳида эътибор қаратган ва бу маълумотлар асар салоҳиятини янада оширган. Шунингдек, Халифа Муътасимнинг қўзғолончи Бобакни тутиб, исён уясини йўқ қилгани, Аморияни жанг билан олгани, унда қўшиннинг асосини турклар ташкил қилгани, Эски Жува таърифи, эски Тошканд – Бинкат тасвирлари, унинг дарвозалари, арки, регистони, шаҳристони ҳақидаги иншолар ўша замон ҳаёти ҳақида ёрқин тушунча бера олади. Айниқса, кўк турклар, сомонийлар, қарлуқларга бағишланган лавҳалар яхши ёритилган. Боғир, Ризвон, Ксенофон, Убайд сингари қўшимча қиёфалар, уларнинг хатти-ҳаракатлари одамни ўйлантиради. Умуман, асарнинг биринчи фасли тарихий шахслар ва воқеаларнинг мутаносиблиги билан ўқувчини эътиборсиз қолдирмайди.
Кулолчилик, мисгарлик, қулфсозлик ҳунарлари алоҳида меҳр бериб тасвирланган, чунки Бинкат кулол идишлари халифалик пойтахтларигача олиб бориб сотилган. Турли касб эгалари, ҳунармандлар ҳаёти бор жозибаси, X аср одамлари фикрати билан берилган. Маҳмуд Қошғарийнинг фольклори ва луғатидаги қадимий туркий сўзлардан фойдаланиш ўша давр одамларининг чизгиларини очиб берган. Сомонийлар ҳукмронлиги остида Шош, Самарқанд ҳолати, кўринишлари сербўёқ рангларда кўрсатилган, иқто, иқтодорлар билан боғлиқ вазиятлар очиб берилган, солиқ турлари, ҳиссалари ва пул бирликлари тўғрисида қизиқ маълумотлар келтирилган. Одамийлик, қўшничилик ва биродарлик руҳи асарда яққол кўзга ташланади. Мадраса, талабаларнинг ўқиш билан бандлиги, машғулотларни олиб бориш усуллари, қироатхоналар тавсифи китобхонга муҳим ва қизиқ тарихдир. Қоғоз, қамишқалам ва ўрама қоғозларга ёзиш шакли ва кодекслар ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
Ёзувчининг романини бойитган ёндашувларидан бири – ислом маданияти ва тарихига оид муҳим воқеалар, ўлкамиз тарихи ва аждодларимиз кечмиши бадиий маҳорат билан ёритилганидир.
Романда Қаффол Шошийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ўрта аср араб муаллифлари – Ёқут Ҳамавий, Шамсиддин Заҳабий, Тожуддин Субкий кабиларнинг муҳим асарларига таяниб, қимматли маълумотлар келтирилган.
Романнинг ижобий томонлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Муҳими, муаллиф жуда кўплаб бирламчи манбалардан фойдаланган ва уларга таянган ҳолда X асрга хос образлар, турмуш тарзи, миллий қадриятлар негизида бус-бутун тасаввур уйғотадиган роман яратган.
Туркийларнинг яшаш тарзи ва асар қаҳрамонининг етакчи уруғ оқсоқоли қизига бўлган муносабатлари исломий тарбия ва таълимотнинг ижобий томонлари асосида иншо этилади. Қадимий одатлар (қиз ўғирлаш) ва бу ҳолатларни зўрлик, босқинчилик нуқтаи назаридан қараш, албатта, баъзи удумлар эскирганлигини, қиз боланинг раъйини ҳисобга олиш зарурлиги ва бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзлари борлиги китобда келтирилади. Иймонли, эътиқодли улус бу ҳолатни тўғри қабул қилади, гарчи сўзим-сўз деб келган уруғ тўраларини имонга келтириш қийин бўлса-да, охир-оқибат улар ҳам бош эгадилар. Бундай турфа фикрликлар муҳобараси керак эди ва ёзувчи буни усталик билан амалга оширган. Натижада, китобхонни қизиқтирадиган саҳналар пайдо бўлган.
Табиат қўйнида яшайдиган халқ ва унинг турли парранда, ҳайвонотга муносабати ҳам позитив қарашлар билан ҳал қилинган. От пойгалари, бўрилар таъқиби саҳналари, оддий, лекин меҳрли улуснинг айтишувларга бой шодиёна кунлари, чўпон-чўлиқнинг яшаш тарзи жонли тасвирланган ва ўқувчини ўзига жалб қилиш сеҳри билан қоришиқ. Хилма-хил образлар ва асар қаҳрамонлари ҳам турли аснода: гоҳ оқ, гоҳ қора бўёқ билан берилса-да, ўша замон одами эканлигига ўқувчи ишонади, улар дардларига шерик бўлишга, уларнинг руҳига кириб бир зум бўлса-да, ўша даврларни ҳис қилишга мойил бўлади. Бундан ташқари, романда турли тарихий воқеликларнинг келтирилиши ўша давр тўғрисида ўқувчида яхши таассурот қолдиради. Мисол учун, Самарқанд атрофидаги уруғ-қабилаларга боргандаги воқеалар ва оқсоқол қизи Зийнат билан танишув ва унинг никоҳ тўйи жуда қизиқарли, ишонарли тасвирланган. Бу ёзувчининг катта ютуғи ва муваффақияти. Эрка, тантиқроқ, шу билан бирга довюрак, овдан чарчамайдиган, отда катта бўлган дашт қизининг муҳаббати ҳам қир-далада барқ уриб очилган лоладек қизғин ва ўтли бўлиши табиий. Ёзувчи шу мажнунона руҳни бера олган. Куёв-келинни, айниқса, Зийнатни ўқувчи севиб қоладиган даражага етказган.
Асар хотимасида Зийнат қутурган бўри тишлашидан ҳалок бўлади-ю, чуқур фиғонга тушган Абу Бакр олдида иккита савол қўйилади: ё девоналикни бўйнига олиб, тарки дунё қилиш ёки Аллоҳнинг муриди, бандаси сифатида бор кўргуликларни Ҳақнинг синови деб билиш ва йўлидан оғмай олдинга интилиш. Доно дин пешволари ўгитлари, панд-насиҳатлари уни ҳаётни давом эттириш ва катта мақсадлар сари бориш, умрини билимга ва улус саодатини оширишга хизмат қилишга чорлайди.
Муаллифнинг Абу Бакр Қаффол Шоший ҳаётига бағишланган мазкур асари бугунги ўқувчи учун зарурлиги, унда тилга олинган воқеалар тарихий ҳақиқатга яқинлиги ҳамда романнинг бадиий савияси баландлиги уни мутолаа қилган китобхоннинг дунёқараши янада теранлашишига хизмат қилади.
