Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ҳуқуқи “негатив” маъмурий ҳуқуқдан “позитив” маъмурий ҳуқуққа ўтиш билан боғлиқ чуқур трансформация даврини бошдан кечирмоқда. Агар олдин маъмурий ҳуқуқ асосан муҳофаза функциясига – маъмурий жазо ва мажбурлаш чораларига йўналтирилган бўлган бўлса, янги ёндашув “самарали бошқарув” ғоясига асосланиб, давлатни аҳолига оммавий хизматлар кўрсатувчи механизм сифатида кўради.
Ушбу эволюцион бурилиш бир қатор муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш орқали институционал жиҳатдан мустаҳкамланган: 2017 йил июнь ойидан маъмурий судларнинг фаолият бошлаши, 2018 йил 8 январда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги (МТТ) Ўзбекистон Республикаси қонуни, 2018 йил 25 январда “Маъмурий суд иш юритуви тўғрисида”ги кодекснинг қабул қилиниши.
МТТни ишлаб чиқиш зарурати кўплаб маъмурий регламентлардаги қоидаларни ягона стандартга келтириш, шунингдек, миллий ҳуқуқ тизимининг энг йирик ва тарқоқ қисми ҳисобланган маъмурий қонунчиликда тартиб ўрнатиш эҳтиёжи билан боғлиқ эди. МТТнинг вазифаси – ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ва давлат хизматчилари масъулиятини оширишдан иборат. МТТнинг ишлаб чиқиш жараёни 2005 йилда бошланган бўлиб, унинг илк лойиҳаси АҚШ, Германия ва Япония олимларининг иштирокида муҳокама қилинган. Бу эса Ўзбекистоннинг бошиданоқ ижро ҳокимияти фаолиятини тартибга солиш, қонунийликни таъминлаш ва қарор қабул қилиш жараёнини шаффофлаштиришга қаратилган илғор хорижий доктриналарни рецепция қилишга йўналтирилганини кўрсатади. МТТнинг энг муҳим ютуқларидан бири – маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий тушунча ва принципларини қонун даражасида мустаҳкамлаб берганидир. Маъмурий тартиб-таомиллар умумий фаровонликка хизмат қилувчи, маъмурий жараённи тартибга солувчи ҳуқуқий стандартлар тизими сифатида намоён бўлади.
Мутахассислар фикрига кўра, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун оммавий ва хусусий манфаатлар ўртасида мувозанатни таъминлаш алгоритмини белгилайди, ҳуқуқий аниқлик ва “тингланиш ҳуқуқи” тамойиллари асосида ўзаро ҳамкорликни шакллантиради. Бу эса “good governance” (“яхши бошқарув”) концепциясининг амалий ифодасидир. Мазкур ёндашув фуқарода маъмурий орган қарори “кутилмаган ҳол” бўлиб чиқмаслигига ишонч пайдо қилади ва у ўз далил-исботларини белгиланган тартибда тақдим этиш имконига эга бўлади.
Амалдаги МТТ юқори даражада ишлаб чиқилган бўлишига қарамай, уни амалиётда қўллашда муаммолар мавжуд. Ўзбекистондаги маъмурий органлар олдинги амалиётга кўникиб қолгани сабабли, қонун талаби бўйича “интенсив” ишлаш ва маъмурий жараённинг барча босқичларига тўлиқ риоя қилишга доимо тайёр эмас. Шунингдек, МТТнинг амaлдa қўлланилиши бўйича йирик таҳлилий тадқиқотлар олиб борилмаган. Аниқланган муаммоларни инобатга олган ҳолда, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилган. Янги таҳрирда бир қатор ижобий янгиликлар назарда тутилган, жумладан, аввалги маъмурий акт институтини жорий этиш ва маъмурий актларнинг очиқ реестрини яратиш белгиланган.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларида маъмурий актлар тўғрисидаги қонунчилик ривожида икки асосий тенденция кузатилади. Биринчи ва энг устувор тенденция — умумий “вестернизация қилинган” маъмурий жараёнлар тўғрисидаги қонунларни қабул қилишдир. Бундай қонунлар, процессуал нормалар билан бир қаторда, маъмурий акт институтининг моддий-ҳуқуқий асосини ҳам белгилаб беради. Уларнинг асоси сифатида одатда 1976 йилги Германия Федератив Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонуни олинган.
Иккинчи ёндашув Россия ҳуқуқ тизимида кузатилади. Россия умумий маъмурий жараёнлар ва маъмурий актлар тўғрисидаги қонун қабул қилишдан қочади. Шу билан бирга, қонун чиқарувчи маъмурий ҳуқуқ принципларининг “ўрнини босувчи” сифатида коррупцияга қарши қонунчиликка универсаллик беришга уринади. Бироқ бундай юридик ёндашув маъмурий акт институтининг моддий-ҳуқуқий асосини шакллантира олмайди.
Тадқиқотчи К.Давидовнинг таъкидлашича, МДҲ мамлакатларининг кўпчилиги, жумладан, Ўзбекистон, маъмурий актлар бўйича қонунчилик соҳасида Россия Федерациясидан илгарилаб кетган. Чунки Россияда маъмурий жараёнлар ва маъмурий актлар тўғрисида ягона умумий қонун мавжуд эмас.
Ўзбекистонда маъмурий акт МТТда маъмурий органнинг жисмоний ёки юридик шахсларга нисбатан муайян ҳуқуқий оқибатларни вужудга келтирадиган ва оммавий-ҳуқуқий муносабатларни яратиш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган таъсир чораси сифатида таърифланган. Маъмурий акт, албатта, ҳужжат шаклида бўлиши шарт эмас – у ёзма, оғзаки, электрон шаклда ёки ҳатто ишора (белги) тарзида ҳам ифодаланиши мумкин.
Маъмурий ихтиёр (дискрецион ваколат) – бу маъмурий органга қонун доирасида бир нечта рухсат этилган чоралардан бирини танлаш ёки умуман, чора қўлламаслик ҳуқуқини берувчи ваколат бўлиб, бунда орган ўзининг мақсадга мувофиқлик ва қонунийликка оид баҳосига таянади. МТТга мувофиқ, дискреция белгиланган чегараларда амалга оширилиши ва мазкур ваколатнинг қонуний мақсадига мос бўлиши шарт.
2017 йил июнь ойидан бошлаб Ўзбекистонда маъмурий судлар фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий вазифаси – қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини оммавий-ҳуқуқий муносабатларда ҳимоя қилишдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий сайтида 2019 йилнинг 9 ойи ҳолати бўйича маъмурий судлар фаолиятига оид статистик маълумотлар таҳлили шундан далолат берадики: оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар умумий кўриб чиқилган ишлар сонининг фақат тахминан 3 фоизни ташкил этган (324 481 та ишдан 12 159 та). Ишларнинг салмоқли қисми – 97 фоизи маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ишлардан иборат бўлган.
Экспертлар фикрига кўра, бундай дисбаланс маъмурий адлиянинг идеал мақсадларига эришишга салбий таъсир кўрсатиши ва фуқароларда маъмурий судни “жазоловчи тузилма” сифатида қабул қилишга олиб келиши мумкин эди. Судларни “қўшимча мутахассислаштириш” ва мавжуд дисбалансни бартараф этишга қаратилган стратегик вазифа доирасида, 2020 йилда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар юрисдикциясини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш ҳақидаги фармон қабул қилинди. Бу қарор адлиянинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ижобий қадам сифатида баҳоланади ва маъмурий судларга оммавий-ҳуқуқий низоларни кўриб чиқишга янада кўпроқ эътибор қаратиш имконини яратади.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий ҳуқуқи ривожланиши, маъмурий акт ва маъмурий жараёнлар институтларида ўз ифодасини топган ҳолда, “вестернизатсияланган” ҳуқуқий конструкциялар рецепциясига йўналтирилган мақсадли курсни намоён этади. Шу тариқа, Ўзбекистон маъмурий ҳуқуқи ислоҳотлар босқичидан ўтган ҳолда замонавий халқаро стандартларга таянади. Бу эса ижро этувчи ҳокимият фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш ва хусусий шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун самарали ҳуқуқий асос шакллантирилганини таъкидлаш имконини беради.
