Бугун олий таълим соҳасида кечаётган жараёнларни кузатар эканмиз, уларни шунчаки статистик ўсиш ёки соҳавий ривожланиш эмас, балки инсон капиталига йўналтирилган кенг қамровли миллий стратегиянинг амалдаги ифодаси сифатида баҳолаш ўринли бўлади. Зеро, юртимизда замонавий фикрлайдиган, чуқур билимли ва мустақил қарор қабул қила оладиган авлодни вояга етказишнинг асосий босқичи ҳам айнан олий таълимдир.
Эътибор беринг, бундан 8 йил олдин, аниқроғи, 2017-2018 ўқув йилида мамлакатимизда бор-йўғи 72 та олий таълим муассасаси фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 201 тага етди. Демак, ушбу динамик ўсиш мамлакатимизни минтақадаги етакчи таълим марказларидан бирига айлантириш сари ташланган жиддий қадам десак, муболаға бўлмайди.
Муҳими, бу кўрсаткич соҳа сифатига ҳам таъсир қилди. Бугунги кунга келиб, 23 та олий таълим даргоҳи “Quacquarelli Symonds” халқаро рейтингида Марказий Осиёдаги энг яхши университетлар қаторидан ўрин олди. Бундан ташқари, “Times Higher Education” халқаро таъсир рейтингида 53 та ОТМ қайд этилди. Уларнинг 7 таси дунёнинг “Top-1000” университетлар рўйхатига киргани нафақат таълим сифати, балки юқори интеллектуал муҳит ва глобал тан олинишнинг аниқ натижасига айланди. Қолаверса, бундай ижобий ўзгаришлар талабалар сони ва таълимга қамраб олиш даражасида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Масалан, агар 2017 йилда 18–23 ёшли аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси 8,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 47,7 фоизга етди. Бу ҳали эришилган чўққи эмас — балки асосий ҳаракат бошланган босқич. Юртимизда олий таълим умумхалқ қадриятига айланмоқда.
Бундан ташқари, ҳозирда мамлакатимизда 39 минг 433 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг аксарияти Ҳиндистон, Туркманистон, Покистон ва Россиядан. Бу — Ўзбекистон таълим соҳасига нисбатан хорижий ишонч ва қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат беради. Таълимнинг инфратузилма жиҳатдан ҳам янгиланиши эътиборга молик. 2024 йилнинг ўзида 27,3 минг ўринли талабалар тураржойи қурилди, тураржойларга жойлашиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилди. Яъни, таълим – фақат аудитория эмас, балки ҳаёт тарзига айланмоқда. Ўқитувчиларнинг сифати ва сони борасида ҳам аниқ натижалар бор: 2017 йилда 25,1 минг бўлган ОТМ ўқитувчилари сони 2024-2025 ўқув йилида 44 минг 856 нафарга етди. Профессор ва доцентлар улушининг икки баравар ортиши уларнинг сифатига берилган эътибор натижасидир.
Энг асосийси, соҳадаги асосий ютуқлардан яна бири “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Дунё тажрибасида ратификация жараёни давлатларнинг глобал таълим майдонига интеграциялашуви, халқаро стандартлар билан уйғунликка эришиши ва олий таълим сифати устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришнинг асосий механизмларидан бири сифатида қаралади. Европа Иттифоқи мамлакатларида, жумладан, Финляндия, Эстония, Германия каби давлатларда таълимга оид халқаро конвенция ва протоколларни ратификация қилиш олий таълим муассасалари фаолиятини шаффофлаштириш, академик мобилликни кенгайтириш ҳамда дипломларни ўзаро тан олиш жараёнларини соддалаштиришга хизмат қилди.
Шунингдек, Болония жараёнига қўшилган мамлакатларда ратификация таълим стандартларининг ягона тизимда мувофиқлашувини таъминлаб, кредит-модуль тизимининг жорий этилиши, талабалар билим ва компетенциясини баҳолашда халқаро мезонлардан фойдаланиш имконини яратди. Юртимизда сўнгги йилларда таълим соҳасидаги ислоҳотлар чуқурлашиб, халқаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётган бир пайтда ратификация жараёнларининг аҳамияти янада ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, глобал конвенцияга қўшилишнинг бир қанча ижобий жиҳатлари бор. Боиси мазкур конвенция замонавий таълим сиёсатида “академик визасиз майдон” концепциясини яратадиган, малакалар ва дипломларнинг дунё бўйлаб тан олинишини кафолатлайдиган, энг муҳими, ҳар бир мамлакатнинг билимлар алмашинувига очиқлигини белгилаб берадиган улкан ҳуқуқий платформа саналади. Ўзбекистон учун бу ҳужжатнинг қиймати бир нечта стратегик манфаатда намоён бўлади. Масалан, дипломларнинг глобал муомалада тан олинишини олайлик.
Бундан буён Ўзбекистонда олинган диплом, малакалар ва ўқув дастурлари халқаро меъёрларга мос тарзда баҳоланади. Битирувчилар Япония, Жанубий Корея, Германия, Канада, Франция, Британия, Австралия каби давлатларда қайта аттестациядан ўтиш ёки такрорий ўқишдан қўшимча қийинчиликсиз ўтиши мумкин. Бу мамлакат ёшлари учун глобал меҳнат бозорига чиқиш имкониятини кенгайтиради. Шунингдек, профессор ва олимлар мобиллигини кучайтириш янги босқичга кўтарилади. Натижада конвенция икки дипломли дастурлар, қўшма факультетлар, профессорлар алмашинуви, халқаро стажировкалар учун қулай ҳуқуқий асос яратади. Яъни, эндиликда ўзбек олимлари дунёнинг етакчи лабораториялари, илмий марказларида ишлаши ва ўқиши учун бюрократик тўсиқлар камаяди. Бу эса мамлакат илмий мактабларини глобал илмий сиёсатнинг аъзосига айлантиради. Учинчи манфаат – таълим сифатини жаҳон стандартига яқинлаштиришдир.
Глобал конвенцияга қўшилиш орқали таълим дастурларини халқаро стандартлар асосида янгилаш, академик шаффофликни кучайтириш, малакаларни баҳолаш тизимини модернизация қилиш, ўқув юкламаси, кредит тизими, баҳолаш мезонларини ягона стандартда юксалтирамиз. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, ратификация қилинган ҳужжатларнинг амалда тўлиқ ижроси таъминланганда, мамлакат олий таълим тизими тез суръатлар билан глобал академик маконнинг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айланади.
