Миландаги Teatro alla Scala – санъат арбоблари орзу қилган, дунё опера маданиятининг муқаддас маскани. Бу ерда саҳнага чиқиш – ҳар бир вокалист учун нафақат орзу, балки бутун умр давомида меҳнат ва фидойилик орқали қўлга киритиладиган юксак шараф.
Жорий йилнинг 1–2 декабрь кунлари ана шу буюк саҳнада “Anna A.” деб номланган янги опера намойиш этилди. Унинг премьераси нафақат Европада, балки жаҳон санъат майдонида катта қизиқиш билан кутиб олинди. Асар муаллифлари – замонавий италиялик композитор Silvia Colasanti ва рус адабиёти бўйича етук олим Паоло Нори либреттоси бу йилнинг энг муҳим маданий воқеаларидан бирига айланди.
Премьера кечаларининг энг буюк туҳфаси – саҳнадаги креатив тафаккур, қобил етакчилик ва тиниқ овоз билан томошабинни мафтун этган ўзбек санъаткори Ақилбек Пиязовнинг чиқиши бўлди. У, гўёки, La Scala саҳнасининг юз йиллик тарихи билан мулоқотга киришгандек, саҳнада икки буюк ижодкор – Николай Гумилёв ва Михаил Булгаков образларини бирдай кучли ва таъсирли қилиб намоён этди.
La Scala саҳнасида яна бир тарих ёзилди.
Teatro alla Scala тарихида илк бор аёл композиторга буюртма қилинган опера – “Anna A.” ўзининг мусиқий-қиссавий тузилиши, фрагментларга бўлинган драматизми, оғриқ, муҳаббат, хотира ва ижод руҳи билан фарқланади. Асарда Анна Ахматова ҳаётининг турли палтлари орқали XX аср рус адабиётининг энг теран сиймолари саҳнага қайтиб келади.
Шундай таъсирли, руҳий теран ва абадий мавзуларга бой асарда иштирок этиш – ҳар бир артист учун улкан масъулият. Пиязов бу масъулиятни шунчаки бажариб қўймади – уни янада юксалтирди.
Томошабинлар истеъдод ва маҳоратнинг ажойиб симбиозига гувоҳ бўлдилар. Пиязовнинг бир кечанинг ўзида икки образни ижро этиши – ўзига хос профессионал чиқиш ва жуда катта ишонч эди.
Гумилёв – жасорат, эзгу ғоя ва фожеавий тақдир тимсоли. Пиязов унинг қиёфасини ўта кучли драматизм, қаҳрамонга хос қувват ва руҳий теранлик билан ифода этди. Унинг овозида Гумилёвнинг сўнгги нафаси, ундаги қаттиқлик ва айни пайтда меҳрли ботирлик бир вақтда янгргандек эди.
Булгаков эса – юмор, ҳаётбахшлик, эркин фикр ва ноёб характер эгаси. Пиязов бу образни енгил, лекин интеллектуал қувват билан, саҳнада эркин ҳаракатланиб, томошабинни ўзига тортадиган қиёфада намоён қилди.
Икки мутлақо муқобил ижодкорни бир артист ижросида бирлаштириш — бу улкан сценарий вазифаси. Пиязов эса бу сценарийни нафақат бажарди, балки уни юксак санъат даражасига олиб чиқди.
Премьера кечасининг энг кульминацион паллаларидан бири — айнан Пиязов саҳнага чиққан палла бўлди. Томошабинлар унинг вокал диапазони, овоз тиниқлиги ва драматик ижросини кузатар экан, La Scala залини ўзига хос сукунат босди – бу сукунат санъаткорга ўзгача эҳтиром эди.
Финалда эса зални узоқ давом этган, кучли ва самимий олқишлар қоплади. Бу – оддий олқиш эмасди. Бу — иқтидорни тан олиш, меҳнатга таъзим ва энг муҳими – ўзбек санъатига бўлган ҳурмат эди.
Ўзбекистон санъати учун янги дарча очилди. Ақилбек Пиязов – бутун тарих давомида La Scala саҳнасида дебют қилган биринчи ўзбекистонлик опера ижрочисига айланди. Бу нафақат шахсий ғалаба, балки миллий ғурур. Ўзбекистон вокал мактаби, ўзбек опера санъати, ўзбек овози – эндиликда евро саҳнада мутлақо янги босқичда намоён бўлмоқда. Унинг чиқиши орқали дунё яна бир бор тушуниб етди: Ўзбекистонда улкан овозлар, теран дид, юқори ижодий маданиятга эга янги авлод вужудга келмоқда.
– Бу саҳнада Ўзбекистонни намоён қилиш – мен учун шараф, – дейди Ақилбек Пиязов ўз чиқишидан кейин берган интервьюсида. – La Scala — бу орзулар жойи. Бу ерда туриб “Ўзбекистон” деган ном билан саҳнага чиқиш – менинг энг катта бахтим. Менга ишонган, менга руҳият бағишлаган ижодкорлар жамоаси, юртим ва томошабинлар олдида миннатдорман.
Унинг бу сўзларининг ўзиданоқ бир нарса яққол сезилади – бу йигит саҳнага фақат овоз олиб чиқмайди. У билан қўшиб ватаннинг шарафи, маданияти ва руҳияти ҳам саҳнага кўтарилади.
Ақилбек Пиязовнинг La Scala дебюти – бу бизнинг замонамиз санъатидаги муҳим воқеа. У дунё саҳнасини ўз овози билан лол қолдирди, ўзбек санъатига янги саҳифа очди ва бутун жамоатчиликка яна бир бор шундай фикрни етказди: Ўзбекистон овози – дунё миқёсидаги овоз. Бу – бизнинг партиядошимиз ва фаҳримиз!
