Бугунги кунда жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеи баланд. Улар барча соҳаларда фаол. Уй бекаси, шифокор, ўқитувчи, тадбиркор, олима аёлларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Уларни уйимиз фариштаси дея эъзозлаймиз. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, баъзида аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб турганлиги ачинарлидир. Айниқса, суднинг қора курсисида ўтирган айбланувчи аёл бўлса, барча бирдек ачинади.
Шарофат Ҳамидова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва унинг синглиси Шарифа Ҳамидовалар суд залида, панжара ортида ўтиришар экан, кўпчилик гулдек аёлларнинг бу аҳволга тушиши болалигидан оиласида олган нотўғри тарбияси туфайли эканлигини таъкидлашди. Акс ҳолда опа-сингиллар бири-бирини тўғри йўлга бошлаган бўларди.
2023 йилнинг июнь ойидан 2024 йилнинг июль ойига қадар бўлган вақт давомида алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида опа-сингил олдиндан тил бириктириб, жиноий режа тузишади. Улар режага асосан, Вобкент туманида яшовчи Азиза Одиловага яхши муомала қилиб, ўзларини ҳалол, масъулиятли қиёфада кўрсатиб ишончига киришади. Бироз вақт ўтгач, унинг сотув растасидаги 402.000.000 сўмлик тилла тақинчоқни анчадан буён излаб юришганини, улар ёқтирган тақинчоқ эканини айтиб алқашади. Шу орзусидаги қимматбаҳо тақинчоқни олмоқчи эканликларини, аммо ҳозирча пуллари йўқлигини айтиб, Азизанинг раҳмини келтиришади. Агар ишониб уни берса, албатта, пулини бўлиб-бўлиб тезда тўлашларига ишонтиришади.
Опа-сингил 402.000.000 сўмлик тақинчоқни олишадию, шу билан сотувчига берган ваъдалари ҳам, қилган лафзлари ҳам “эсдан чиқади-кетади”. Бир йил давомида қўли билан берган тақинчоқнинг пулини оёғи билан югуриб ҳам ололмаган Азиза Одилова катта миқдорда моддий зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир этган Ҳамидовалардан етказилган зарарни ундириб беришда ёрдам беришни сўраб, судга мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ш.Ҳамидова айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. А.Одиловадан олган тилла тақинчоқларни дарҳол сотиб, пулларнинг бир қисмини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганликларини, кейинчалик пули бўлмаганлиги сабабли, маблағни эгасига ўз вақтида қайтара олишмаганини айтди. Қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ҳозирги кунда А.Одиловага етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берганликларини ва унинг даъвоси йўқлигини, аёллигини, оилавий шароити оғирлигини, банклардан катта миқдордаги кредит қарздорлиги борлигини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган сингил ҳам қилган ишидан чин дилдан пушаймон эканлигини айтиб, кечирим сўради.
Ўз навбатида суд мажлисида видеоконференцалоқа орқали жабрланувчи тариқасида сўроқ қилинган Азиза Одилова Вобкент туман бозорида тилла тақинчоқлар савдоси билан шуғулланишини айтди. Шарофат Ҳамидова ва унинг синглиси Шарифа Ҳамидовалар ундан олган тилла тақинчоқларни бошқа шахсларга сотиб, пулларини бермасдан, яшириниб юришган. А.Одилова бир неча маротаба улардан пулини сўрашига қарамай, алдаб, пулини беришмаган. Ҳозирги кунда улар томонидан етказилган зарар тўлиқ қоплаб берилганлиги учун опа-сингилга нисбатан даъвоси йўқлигини, қонуний енгиллик беришни сўраб, кўрсатув берди.
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчиларнинг жиноий ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг “а” банди билан тўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблади.
Суд судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ва етказилган зарар тўлиқ қопланганлигини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида эътиборга олиб, унинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас, деб ҳисоблади.
Суд судланувчи Ш.Ҳамидовага ЖКнинг 60,61-моддалари тартибида жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг 2023 йил 22 февралдаги ҳукми билан тайинланган ва ўталмай қолган 1 йил 9 ой 14 кун озодликни чеклаш жазосини янги ҳукм бўйича тайинланган жазога қисман қўшишни лозим топиб, узил-кесил 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади, синглиси эса 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди.
Вақт ўтади, бу жазо муддати ҳам тугайди. Аммо аёл, она номига тушган доғ умрбод қолади. Бу доғ фарзандлари муносабатида, одоб-ахлоқида, камолотида акс-садо берса, ундан ёмони йўқ.
