“Adolat” газетасининг шу йил 17 октябрь 41 (1558)-сонида таниқли журналист Карим Баҳриевнинг “Қувонишни ҳам билмайсан, қайғуришни ҳам…” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Унда муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ бугунги куннинг долзарб муаммолари, хусусан, айрим нашриётлар томонидан бу борадаги қонунчилик талаблари жиддий бузилаётгани таҳлил қилинади, соҳага масъул ваколатли органлар олдига жиддий саволлар қўйилади.
Мақола газета саҳифалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ёритилгач, жамоатчилик томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, муаммо кўлами анча кенг ва жиддий. Кўпчиликни қизиқтирган савол – мамлакатимизда муаллиф меҳнати қай даражада ҳимоя қилинган ўзи? Нега айрим нашриётлар бу ҳуқуқни сурункали бузишдан чўчимаяпти? Муаммо илдизи қонунни билмасликдами ёки қонунчиликдаги бўшлиқдами, ёхуд соҳани тартибга солувчи ваколатли органларнинг ҳаракатсизлиги билан боғлиқми? Шу ва шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида юридик фанлар доктори, профессор Бобоқул Тошевга мурожаат қилдик.
– Устоз, сизни ҳуқуқшуносликнинг айни шу – муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тармоғида узоқ йил изланиш олиб борган олим сифатида биламиз. Ноширлик соҳасида хусусий сектор улуши кенгайгач, қатор муаммолар ҳам кўзга ташлана бошлади. Аввало, муаллифлик ҳуқуқи тушунчасига батафсил тўхталсангиз. Қонунчилигимизда бу ҳуқуқ қай тартибда ҳимоя қилинади? У кимга тегишли бўлади – шахсгами ёки ташкилотгами?
– Муаллифлик ҳуқуқи фан, адабиёт ва санъат асарларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш натижасида юзага келадиган муносабатларни тартибга солувчи юриспруденция тармоғи ҳисобланади. Мазкур муносабатлар Фуқаролик кодекси, соҳага оид бошқа қонунчилик ҳужжатлари ва республикамиз қўшилган халқаро шартномалар орқали тартибга солинади.
Бир жиҳатдан жуда ўринли савол бердингиз. Муаллиф деганда фақат ва фақат жисмоний шахсни тушуниш керак. Қонунчиликка кўра, энциклопедия ёки маълумотлар базасини яратиш билан шуғулланувчи айрим юридик шахсларгина муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин, лекин улар ҳам муаллиф бўла олмайди.
Муаллифлик ҳуқуқи муаллиф ҳаётлиги даврида ўзига, вафот этгач унга тегишли мулкий ҳуқуқлар меросхўрларига ўтади. Бунда муаллиф асаридан фойдаланувчилар меросхўрлар билан ёзма шартнома тузган ҳолда асардан фойдаланишлари мумкин. Бу талабга риоя этмаслик ҳуқуқбузарлик ҳисобланади. Бунинг учун тегишли жавобгарлик бор. Эътиборли яна бир жиҳат, асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилгани ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланиши қонунчилигимизда қатъий белгиланган.
– Таржима асарларда ҳуқуқлар қандай тақсимланади? Асар муаллифи, таржимон ва ношир ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар тартибга солинганми?
– Албатта, таржима асарлар ҳам муаллифлик ҳуқуқининг объекти ҳисобланади, яъни ҳуқуқий ҳимояга олинган. Агарда муаллиф вафот этганига 50 йил тўлмаган бўлса, асарни таржима қилувчилар ҳуқуқ эгаси (меросхўр ёки ҳуқуққа эга бўлган бошқа шахс) билан асарни таржима қилиш учун ёзма шартнома тузишлари керак.
Одатда бу шартнома асарни чоп этувчи ташкилот(нашриёт, таҳририят ёки бошқа шахс)лар билан меросхўрлар ўртасида тузилади ва шартномада таржимон ҳам иштирок этади. Асарни шахсий мақсадларда таржима қилишда рухсат сўралмайди. Лекин турли шакл(китоб, фонограмма, эфир ёки бошқа)ларда эълон қилишда, албатта, шартнома талаб этилади.
Шартномада асарни қайси тилга таржима қилиш, уни қандай шаклда эълон қилиш, ҳуқуқ эгасига қанча ҳақ тўлаш, шартноманинг амал қилиш муддати аниқ белгилаб олиниши керак.
Амалиётда нашриёт, таржимон ва ҳуқуқ эгалари барча шартларни олдиндан келишиб олишлари талаб этилади. Бундай муносабатларда лицензия шартномаси тузилади. Эътиборлиси, ҳуқуқ эгаси шартни ўзи мустақил белгилайди. Асардан фойдаланувчи бу шартларни қабул қилсагина шартнома имзоланиши мумкин.
Тўланадиган ҳақ муаллифлик шартномасида асардан фойдаланишнинг тегишли усули учун олинадиган даромаддан фоиз тарзида белгиланади ёки агар буни асарнинг хусусияти ёки ундан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш мумкин бўлмаса, шартномада қайд этилган сумма тарзида ёхуд бошқача тарзда кўрсатилади. Мазкур муаллифлик ҳақининг энг кам миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 19 январда қабул қилинган “Адабиёт ва санъат асарларидан фойдаланганликнинг айрим турлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Агар, асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп адади белгилаб қўйилиши шарт.
Муаллифлик шартномасининг қонунчилик талабларига зид бўлган шартлари ҳақиқий эмас. Демак, шартнома (лицензия шартномаси) мазмунан тўғри расмийлаштирилиши керак.
– Кейинги вақтларда “Google” таржима деган тушунча пайдо бўлди. Шундай “ижод” намуналарига нисбатан муаллифлик ҳуқуқи қандай белгиланади?
– Аҳлоқий жиҳатдан асарни бошқа тилга таржима қилишда муаллифни ҳурмат қилиш керак. Асар яратаётган муаллиф бутун вужуди ва руҳиятини ижодига сингдиради. Орзу-умидлари, дунёқараши ва режалари асарга айланади. Муаллиф ҳеч кимга айтолмайдиган сирларини ҳам асарига сингдириши мумкин.
Қолаверса, ижод – бу муқаддас неъмат. Унда илоҳий қудрат бор. Шунинг учун ҳам сўзга хиёнат қилиб бўлмайди.
Замон шиддат билан ривожланмоқда. Тўғри, “Google” ёки сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали асарни таржима қилишни чеклаб бўлмайди. Лекин бундай таржималарда асарнинг руҳи йўқолади, таъсирчанлиги пасаяди, муаллифнинг ҳаяжони ва дунёқараши сезилмайди. Ҳозирча, қонунларимизда бундай таржималарга аниқ ҳукм белгиланган эмас. Келгусида қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан бу муаммога ҳам ечим топилади, деб ўйлайман.
– Таржимонлик соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан ривожлантириш учун нима қилиш керак? Масалан, стандарт шартнома намунаси, электрон рўйхат ёки давлат реестри каби механизмлар жорий этилиши мумкинми?
– Тўғрисини айтиш керак, бугунга қадар республикамизда чоп этилган илмий, бадиий ёки санъат йўналишидаги асарларнинг ягона маълумотлар базаси яратилмаган. Бирор давлат ташкилоти бу иш билан шуғулланмайди. Шунингдек, хорижий тиллардан таржима қилиб, чоп этилиб ёки бошқача усулда тарқатилган асарлар ҳақида ҳам ахборот мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам олдин таржима қилинган асарни бошқа таржимон ҳам таржима қилади, ўртада низо келиб чиқади. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, айниқса, хорижий муаллифлар асарларидан фойдаланишни тартибга солиш учун маълумотлар базасининг бўлиши муҳим.
Менимча, асарларни чоп этиш(нашр этиш)да қандай талаблар қўйилган бўлса, уларни таржима қилишда ҳам расмий талаблар қўйилиши керак, тегишли ҳужжат қабул қилиниши зарур.
– Шартномасиз китоб нашр этиш ва сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайдими? Бунинг учун жавобгарлик чоралари борми?
– Асардан шартномасиз фойдаланиш, яъни эълон қилиш, тарқатиш ёки бошқача усулда фойдаланиш учун таржима қилиб, чоп этиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Қонунчиликда зарар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва айб даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини муаллиф талаб қилиш ҳуқуқига эга. Муаллиф ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳам ҳақли.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177¹-моддаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш” деб аталади. Унга кўра, асарлардан ёки турдош ҳуқуқ объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек, асарларнинг ёки турдош ҳуқуқ объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқ объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари, ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборот кўрсатиш – ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Шундай ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга ўн беш баравардан ўттиз бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
– Беш-олти йил аввал бир ҳамкасбимиз шундай “саргузашт”ни бошидан кечирганди: Нашриёт билан шартнома тузиб, ўз ҳисобидан ҳикоялар тўпламини нашр эттирган. Кейин маълум бўлишича, у тўлаган суммага яраша китобни қўлига беришгач, ўзлари ҳам яна минг нусха чоп этиб, дўконларга тарқатишган экан. Аммо муаллиф бу қаллобликни исботлай олмаганди. Бу ҳолатда қандай йўл тутиш керак?
– Албатта, бундай ҳолатда муаллиф ўзининг ҳақлигини исботлаши қийин. Чунки у китоб нашр қилинадиган босмахонага киролмайди, матбаачилик жараёнларини унчалик тушунмаслиги ҳам мумкин. Ноширлик фаолиятида қўлланаётган бугунги технологиялар асарларни чекланмаган нусхада чоп этиш имконини беради. Китобнинг нусхаларини рўйхатлаш ёки реестрдан ўтказиш, уларни индивидуаллаштириш талаблари мавжуд эмас. Аслида, муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси чоп этилаётган китобларнинг нусхаси, нархи ва сифатини назорат қилиш имконига эга бўлиши керак.
2022 йил 26 апрелда қабул қилинган “Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида ушбу масалага ҳам эътибор қаратилган. Хусусан, ҳужжатнинг 1-иловасида “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича йўл харитаси” тасдиқланган. Унга кўра, нашриётлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларга риоя этилишини таъминлаш ҳамда истеъмолчиларга фақат асл ноширлик маҳсулотлари етказилишини йўлга қўйиш мақсадида илғор хорижий тажрибани ўрганиш белгиланган. Жумладан, ҳар бир нашриёт томонидан чоп этиладиган ноширлик маҳсулоти махсус ҳимояланган QR-код билан чоп этилишини амалиётга жорий қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш масъул идоралар зиммасига юклатилган эди. Лекин ҳозирга қадар ушбу топшириқ бажарилмай қолмоқда.
– Кўплаб нашриётлар китоб титулига “Муаллифлик ҳуқуқи бизга тегишли” деган мазмунда қайд ёзмоқда, бу қанчалик қонуний?
– 2011 йил 1 ноябрь куни Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги(“Ўзстандарт” агентлиги)нинг 05-346-сонли қарори билан “Нашрлар. Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш белгиси” тўғрисида O‘z DSt 2311:2011-рақамли давлат стандарти тасдиқланган. Ушбу стандарт китобларда ва брошюраларда, серияли нашрларда, нотали, картографик, изонашрларда, аудио ва видео нашрларда, электрон нашрларда жойлаштириладиган муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш белгисининг таркиби ва тақдим этиш шаклига бўлган талабларни белгилаб беради. Стандарт ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулк шаклидан қатъи назар нашрлар, таҳририятлар, оммавий ахборот воситалари, фонограммалар ҳамда аудио ва видео нашр ишлаб чиқарувчилари, электрон нашрлар учун мўлжалланган. Афсуски, бу ҳужжат талабларига ҳар доим ҳам ноширлар риоя этмаяпти.
Шундай бўлса-да, чоп этилган китоблар титулига © муаллифлик ҳуқуқи ҳимоя белгисини қўйиш нашриётнинг ушбу китобга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи борлигини англатмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам муаллифлик ҳуқуқи фақат шартнома (лицензия шартномаси) орқали олинади. Бунда муаллиф (ҳуқуқ эгаси) ва асардан фойданувчи нашриёт ёки китобни чоп этишни ташкил этувчи шахс ҳуқуқлар ҳақида келишиб олиши керак.
– Бир асарни китоб шаклида чоп этиш тўғрисида шартнома тузилган. Шу шартнома билан асардан келгусида кинофильмлар яратишда, эфир дастурларида ёки бошқача шаклда фойдаланиш мумкинми?
– Қонунчиликка кўра, асардан қайси мақсадда ва қанча муддатда фойдаланиш тўғрисида шартнома тузилган бўлса, фақат шу мақсад ва муддатда фойдаланиш керак. Асардан бошқа шаклда фойдаланишда алоҳида шартнома тузиш талаб этилади. Бу қоида ҳам миллий, ҳам халқаро шартномаларда белгиланган.
– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Орифжон Абдуғаниев суҳбатлашди.
