Навоий кон-металлургия комбинатида жорий йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1 миллиард АҚШ доллари бўлган 11 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Улар орасида “Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестицион лойиҳаси ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг умумий қиймати 281 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Комбинат таркибига кирувчи кон бошқармалари ичида энг йирикларидан бири Учқудуқда жойлашган Шимолий кон бошқармаси ҳисобланади. Айнан шу ерда 1958 йилда Марказий Қизилқум ер қаърини ўзлаштириш бошланган. Ушбу кон бошқармаси таркибида чидамли олтин-сульфидли рудаларни технологиялар мажмуидан фойдаланган ҳолда қайта ишлаш бўйича дунёдаги энг йирик заводлардан бири – 3-Гидрометаллургия заводи, йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлашга қодир энг ёш корхоналардан 5-Гидрометаллургия заводи бор. Бу корхоналарда корхона таркибига кирувчи “Қоқпатас”, “Довғизтов”, “Турбай”, “Ауминзо-Амантой”, “Ҳожибўғот” конлари маъданлари қайта ишланади. Бундан ташқари, Шимолий кон бошқармаси Автомобиль транспорти, Темир йўл бошқармаси каби йирик ишлаб чиқариш объектлари ва яна 10 дан ортиқ цехлар, лабораториялар, участкаларга эга. Унда 14 мингдан зиёд ишчи-ходимлар меҳнат фаолиятини олиб бормоқда.
Мустақиллик йиллари, айниқса, кейинги саккиз йил бошқарма фаолиятида янги саҳифа очди. Бу даврда амалга оширилган йирик инвестицион лойиҳалар унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини янада ошириб юборди. Жумладан, қиймати 281 миллион АҚШ долларига тенг бўлган “Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” каби муҳим аҳамиятга эга инвестицион лойиҳалар ҳисобига унинг ишлаб чиқариш қуввати кескин ўсди. Бунинг натижасида кон бошқармасида тоғ жинсларини қазиб олиш йиллик қувват 132 миллион кубометрга, маъданни қайта ишлаш 15 миллион тоннага етди, олис ҳудуддаги бўлинма НКМКнинг энг илғор, етакчи бўлинмаларидан бирига айланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “2030 йилгача “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига ҳамоҳанг бу инвестиция лойиҳа доирасида 3-Гидрометаллургия заводида 7- ва 8-тегирмон блоклари ишга туширилди. Бунинг ҳисобига корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 миллион тоннага етказилди, флотация цехини кенгайтириш эвазига бир суткада қайта ишлаш ҳажми 23 минг тоннадан 28 минг тоннага оширилди.
Мазкур лойиҳанинг 3-Гидрометаллургия заводига тааллуқли босқичи бўйича бажарилган кенг кўламли ишлар корхона тарихида янги саҳифа очди. Лойиҳанинг навбатдаги босқичида заводдаги Биоксидлаш цехининг (БИОХ) маъдан қайта ишлаш қувватини ошириш ва кенгайтириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида янги 9-, 10-биооксидлаш модуллари ишга туширилди.
Улар ҳисобига амалдаги 48 та биореакторга қўшимча тарзда 12 та биореактор қўшилди. Бу ўз-ўзидан сульфид концентратлари ишлаб чиқариш ҳажмини 25 фоизга, тайёр маҳсулот ҳажмини 12 фоизга оширишга олиб келди. Маълумот сифатида айтиш мумкинки, сульфид концентратларини қайта ишлашга мўлжалланган 3-ГМЗдадаги Бактериалоксидланиш цехи (Biox) ўзининг ноёблиги ва дунёда етакчилиги билан ажралиб туради.
2024-2026 йиллар учун мўлжалланган лойиҳа доирасида 66 минг доллар капитал қурилиш-монтаж ишларига йўналтирилди. 221 минг долларга замонавий кон техникалари, вагон думкарлари ва бошқа ускуналар харид қилинди.
Бундан ташқари, ШКБ муқобил электр манбаларига ўтиш мақсадида 2550 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектрстанциялари (ҚФЭС) қуриб ишга туширилди, 1210 дона қуёш сув иситиш тизимлари (қуёш гелиоколлекторлари) ишлаб чиқариш объектларига ўрнатилди.
Асосий таъминотни берувчи “Феруза” ним станциясида модернизация ишлари олиб борилмоқда.
Бу каби лойиҳалар, аввало, ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш билан бирга маъдан қазиб олиш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан,14 та сульфидли карьерларда тоғ-кон ишлари бажарилаётган “Довғистов” конида 2025 йилнинг режалари ўтган йилгидан анча катта. Бу йил кондан 45 миллион метр кубдан зиёд масса қазиб олиш режалаштирилган. Рақамлар ўтган йилгидан 25 фоиз кўп. “Қоқпатас” конида 2024 йилда 38 миллион кубометр кон массаси қазиб олинган бўлса, 2025 йилда бу масса 57 миллион кубометрга етказилади.
Юқорида қайд этилган инвестицон лойиҳалар, табиийки, тегишли ҳудудлар иқтисодиётининг турли соҳаларига дахл қилади. Қурилаётган саноат объектлари минтақаларнинг ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади ва одатда катта ҳажмдаги меҳнат ресурсларини талаб қилади. Бу эса маҳаллий аҳолининг турмуши ва бандлиги даражасига таъсир қилмасдан қолмайди.
“Қоқпатас ва Довғистов олтин конларида маъдан қазиб олиш (III навбати)” инвестицион лойиҳаси сабаб корхонада қўшимча 1308 та иш ўрни яратилиши бунга яққол мисол бўлади.
Ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш, улар учун муносиб иш, яшаш шароитларини яратиб бериш раҳбариятнинг доимий эътиборида ва бу ишлар амалга оширилаётгани айни ҳақиқат.
Бугун комбинат бўлинмалари жойлашган қайси ҳудудга борманг, барчасида яратилган шароитларни кўриб, дилингиз яйрайди. 2025 йилда Қизилқум чўлининг қоқ марказида “Довғистов” кони ишчилари учун 174 ўринли ётоқхона, маиший шароитларига эга 80 ўринли ошхона, 154 ўринли ювиниш ва кийиниш хоналари ва бошқа зарурий имкониятларга эга мажмуа фойдаланишга топширилди. Бу ётоқхона қурилиши Шимолий кон бошқармасининг ўз кучи билан амалга оширилиб, қуриш ва жиҳозлаш ишларига 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. “Қоқпатас” кони ишчи-ходимлари учун 250 ўринли ошхона, 3-ГМЗ ҳудудида Шимолий кон бошқармасининг марказий физика-кимё ва биологик лабораториясининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Маълумки, дунёдаги олтин ишлаб чиқарувчилар билан тенгма-тенг беллаша оладиган “НКМК” АЖ 2030 йилга бориб 125 тонна олтин ишлаб чиқаришни режа қилган. Бунда эса аниқ ана шундай лойиҳалар, режалар бор.
Ҳозирги вақтда “Қоқпатас” ва “Довғизтов” конлари лойиҳасининг 3-навбатида “Довғизтов” конида 17.9 миллион тонна ва “Қоқпатас” конида тахминан 31 миллион тонна олтин таркибли маъдан заҳираларини (жами 48.9 миллион тонна) тасдиқлаш бўйича “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология кўмитаси” томонидан геология-қидирув ишлари олиб борилмоқда. Демак, ҳали бу инвестицион лойиҳаларнинг умри бардавом бўлади.
