Янги Наманган тумани Электр тармоқлари корхонасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан амалий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев, вилоят кенгаши раҳбарияти, депутатлар ва корхонанинг меҳнат жамоаси иштирок этди.
Ислом Ҳамроев сўзининг аввалида муҳим тарихий воқеа – ЮНЕСКО (БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти) 43-сессиясининг илк бор Марказий Осиёда, яъни Ўзбекистонда ўтказилаётганига тўхталиб, бу тадбир юртимизнинг халқаро нуфузини янада оширишини алоҳида урғулади.
– Бу тарихий воқеа – Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқ, прагматик ва конструктив сиёсатнинг ёрқин амалий натижасидир, – деди Ислом Ҳамроев. – Бугун Ўзбекистонни бутун дунё танимоқда. Мамлакатимизда инсон қадри, билим ва маънавият устувор йўналиш сифатида қаралмоқда. Шу билан бирга, жамиятда маънавий инқирозга қарши курашиш, ёшларни илмга, китобхонликка йўналтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари таъкидлаганидек, “тўқликка шўхлик” қилиш эмас, балки юрт равнақи учун маърифатли, ватанпарвар авлодни тарбиялаш ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир.
– Болаларимизни ёшлигидан ўқишга, фикрлашга ўргатиш лозим. Илгари “Ғунча”, “Гулхан”, “Ёшлик” каби журналлар орқали ёшлар маънавий озуқа оларди. Ана шундай нашрларни ўқиш маданиятини қайта тиклаш – бугунги кун талаби, – деди у.
Учрашув якунида Янги Наманган тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Адҳамжон Ҳамроев партия Сиёсий Кенгаши томонидан таъсис этилган “Адолат” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова сўзга чиқиб, Адҳамжон Ҳамроевни самимий табриклади.
– Адҳамжон Ҳамроев – фаолиятда масъулиятли, жамиятда ташаббускор, партия қадриятларига содиқ ёш депутатларимиздан бири. Биз ҳақиқат ва адолатни эътироф этамиз, фидойи ёшларимизни доим қўллаб-қувватлаймиз, – деди Ёрқиной Ҳожиматова.
Шунингдек, тадбирда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев ҳам сўз олиб, аҳил жамоани мукофот билан табриклади. У партиянинг жойлардаги фаолияти аҳоли билан очиқ мулоқотлар ва амалий ишлар орқали намоён бўлаётганини таъкидлади.
Наманган вилоят кенгаши матбуот хизмати.
