(Муаммо билан юзма-юз)
Наманган шаҳрининг “Сумалак гузари” маҳалласида ечимини кутаётган муаммолар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов томонидан назоратга олинди.
Маҳалла раиси Адҳамжон Валиевнинг маълум қилишича, ҳудуддаги электр узатиш симлари ва ёғоч устунлар узоқ йиллардан бери янгиланмагани оқибатида мутлақо яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Бу, ўз навбатида, фуқаролар ҳаёти учун жиддий хавф туғдирмоқда. Депутат ҳолатни жойида ўрганиб, Маҳмуд Эгамбердиев кўчасида 20 та, 1-Балиқчи кўчасида 12 та, “Сумалак” кўчасида 15 та ва Мажнунов кўчасида 15 та — жами 62 та — ёғоч устунни зудлик билан янгилаш зарурати борлигини аниқлади. Ушбу масала юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши белгиланди.
Бироқ маҳалланинг азалий дарди фақат электр таъминоти билан чекланмаган. Маълум бўлишича, “Сумалак гузари”га табиий газ етказиб берилишида ҳам муаммолар мавжуд.
Аҳоли суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланишга мажбур. Афсуски, бу борада ҳам муаммо бор: газ баллонларини алмаштириш муддати кўп ҳолларда 50 кундан ошиб кетмоқда, бу эса аҳолининг ҳаёт шароитига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Депутат ушбу масала юзасидан ҳам туман газ таъминоти корхонасига расмий сўров юборишни белгилаб, ижросини назоратга олди.
Бундан ташқари, маҳалла нуронийлари чорраҳада светофор ўрнатилганига қарамай, деярли ҳар ҳафта автоҳалокатлар содир бўлаётганини айтиб, ташвиш билдиришди. Депутат вазиятни ўрганиб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини
олиш бўйича мутасадди ташкилотларга сўров киритишни белгилади.
Учрашув давомида фуқаро Исоқжон Мирзабоев даволаниш учун моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Депутат мазкур мурожаатни жойида ижобий ҳал этиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатди.
Ачинарлиси, юқоридаги каби оддий муаммолар фақат Қонунчилик палатаси депутати аралашганидан кейингина ҳал бўлмоқда. Бу ҳолат бир неча саволларни ўртага ташлайди: Нега оддий фуқароларнинг мурожаатлари тегишли идоралар эшигига етиб бормайди ёки жавобсиз қолмоқда?
“Сумалак гузари”даги ҳолат битта маҳалланинг муаммоси эмас, балки айрим жойлардаги тизимли лоқайдликнинг кўзгусидир. Зотан, маҳаллий амалдорлар ва мутасаддилар халқ мурожаатларига “эртага ҳал қиламиз” деб қарашни бас қилиши, ҳар бир муаммони ўзининг шахсий масъулияти деб билиши шарт.
Айниқса, маҳаллий кенгаш депутатлари «белни маҳкам боғлаб», ўз сайловчиларининг дардини енгиллаштириш учун амалий ҳаракат қилиши керак. Депутатлик назорати — бу фақат ўрганиш ёки «қоғоздаги ҳисобот» эмас, балки ижтимоий адолатни тиклашнинг энг самарали воситасидир.
