Бугун болалар орасида яссиоёқлик ва сколиоз каби касалликлар кенг тарқалаётгани, уларнинг келгусидаги соғлиғи ва ҳаёт сифатига жиддий таъсир кўрсатаётгани бор гап. Бу жараённинг янада хавфли томони шундаки, кўпгина ота-оналар бу хасталикларнинг илк белгилари фарзандида намоён бўлаётганидан бехабар қолмоқда. Тиббий кузатувлар дунё миқёсида болаларнинг 15–25 фоизида умуртқа поғонасининг эгри ривожланиш аломатлари мавжудлигини кўрсатади. Айрим манбаларда эса бу кўрсаткич ўсмирлар орасида 30 фоизгача етгани таъкидланган.
Яссиоёқлик ҳам энг кўп учрайдиган ортопедик муаммолардан бири бўлиб, нафақат болаларнинг юриш ҳолати, балки бутун таянч-ҳаракат тизими фаолияти, ички аъзоларнинг меъёрий ишлаши ва жисмоний ривожига салбий таъсир ўтказади. Соғлом бола – соғлом жамият пойдевори. Шу боис “Адолат” социал-демократик партияси ушбу масалага фақат тиббий эмас, балки ижтимоий аҳамиятга эга устувор йўналиш сифатида қараб, соҳада илмий ёндашувни кучайтириш, амалий тавсияларни ишлаб чиқиш ва профилактик чораларни такомиллаштириш мақсадида “Болаларда яссиоёқлик, сколиоз хасталикларининг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш йўллари: назария ва амалиёт” мавзусидаги республика илмий-амалий анжуманини ташкил этди.
Андижон вилоятидаги етакчи тиббий олий таълим даргоҳи – Андижон давлат тиббиёт институти мезбонлик қилган мазкур конференцияда соҳа олимлари, партия раҳбарияти, тажрибали шифокорлар, тиббий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди. Даставвал меҳмонларга бадиий чиқишлар намойиш этилди. Институт илмий салоҳияти, талаба-ёшларининг ютуқ ва муваффақиятлари ҳақида маълумот берилди.
Анжуман ишини Андижон давлат тиббиёт институти ректори, партия вилоят кенгаши раиси, профессор Мадаминжон Мадазимов кириш сўзи билан очиб берди. Ректор мазкур илмий мулоқотнинг аҳамияти, соҳа мутахассислари ҳамда партия ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди. Ҳар бир боланинг соғлом вояга етиши фақат бир оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг масъулияти эканини таъкидлади.
Шундан сўнг партия Сиёсий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Рахмонов сўзга чиқиб, “Адолат” СДП етакчиси Робахон Махмудованинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Табрик сўзида партия раҳбари болалар саломатлигини муҳофаза қилиш миллий хавфсизлик ва генофондни асраш масаласи эканини таъкидлаб, мазкур йўналишдаги тадқиқотлар натижалари амалиётга жорий этилиши муҳимлигини қайд этди.
Шунингдек, Абдукамол Рахмонов соҳа олимлари ва тиббиёт мутахассислари томонидан илгари суриладиган илмий таклиф ва ташаббуслар “Адолат” СДП учун долзарб экани, уларни қўллаб-қувватлаш ва амалий натижаларга айлантириш борасида тегишли чора-тадбирлар ўзаро ҳамкорликда амалга оширилишини маълум қилди. Таъкидланганидек, ушбу йўналишда партия томонидан “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида” шиори остида кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 16 июнидан 20 июлига қадар Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли тиббий кўриклар ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади — болалар орасида тобора кўпайиб бораётган яссиоёқлик ва умуртқа поғонаси эгрилиги каби касалликларни эрта босқичда аниқлаш ва уларнинг олдини олишдан иборат бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 6 942 та давлат ва 29 073 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларда жами 2 383 940 нафар бола тарбияланмоқда. Лойиҳа доирасида 17 376 та муассаса қамраб олинди, шундан 5 046 таси давлат, 12 330 таси эса нодавлат муассасаларидир. Акция давомида 1 364 960 нафар бола чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Афсуски, натижалар партия фаоллари ва жамоатчиликда жиддий ташвиш уйғотди: 18 243 нафар болада яссиоёқлик, 3 607 нафарида эса умуртқа эгрилиги аниқланди. Бу рақамлар ортида минглаб оилалар, фарзандлар тақдири ва миллат келажаги турибди.
Шу сабабли “Адолат” СДП мазкур илмий анжуман орқали нафақат таҳлил, балки амалий ечимларни ишлаб чиқиш, илмий тавсияларни жамият ҳаётига татбиқ этишни мақсад қилган. Шундан кейин соҳа олимлари, маърузачилар ва мутахассислар ўз илмий таклифларини баён этиб, болалардаги ортопедик касалликларнинг олдини олиш бўйича илмий ечимларни муҳокама қилишга киришди.
Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Манзура Салимова “Ёшлар саломатлиги — партия эътиборида: соғлом ёшлар юртни тараққиётга бошлар” мавзусида маъруза қилиб, партиянинг ёш авлод соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ҳамда таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида сўз юритди. Ҳар бир соғлом бола — миллат келажагининг асоси экани, соғлом авлод эса мамлакат тараққиётининг кафолати бўлишига аҳамият қаратди.
Ҳиндистонлик доктор, профессор Pradeep Pratap Singh Rana ҳамда мамлакатимиздаги етакчи мутахассис Қаҳрамон Қўлдошев “Яссиоёқликнинг замонавий консерватив ва жарроҳлик орқали даволаш усуллари” мавзусида маъруза қилди. Улар илмий изланишлар натижасига асосланган ҳолда турли ёшдаги болаларда кузатиладиган ортопедик муаммолар ва уларни бартараф этишнинг замонавий ечимлари аҳамиятини очиб беришди.
Шунингдек, Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Содиқжон Содиқов ҳам “Яссиоёқлик ва сколиознинг болалар ривожланишига таъсири: мактаб ва ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлиги” мавзусидаги чиқиши билан масофавий тарзда қатнашди. Шифокор болаларнинг тўғри ўсиши ва соғлом ривожланиши нафақат тиббиёт, балки таълим ва ота-оналар ҳамжиҳатлигига ҳам боғлиқлигини қайд этди.
Тошкент тиббиёт университети “Болалар травматологияси, ортопедияси ва нейрожарроҳлик” кафедраси доценти, тиббиёт фанлари доктори Фатхулла Умархўжаевнинг “Болаларда яссиоёқлик хасталигининг келиб чиқиш сабаблари, даволаш ҳамда олдини олиш” мавзусидаги маърузаси иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан тингланди. Ушбу маърузада илмий натижалар билан бирга, профилактика ва эрта диагностика бўйича аниқ тавсиялар илгари сурилди.
Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг “Болалар жарроҳлиги, травматология, анестезиология ва реаниматология” кафедраси катта ўқитувчиси Гулжамол Сейдакова ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт университети “Травматология ва ортопедия” кафедраси доценти Шерзод Эранов “Zoom” орқали анжуманга қўшилди. Улар ўз маърузаларида Оролбўйи ҳудудида ортопедик касалликлар тарқалиши, уларнинг экотиббий сабаблари, профилактика ва самарали даво усулларига оид илмий таҳлилларни баён этишди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ўз чиқишида болалар саломатлиги ва ортопедик касалликлар профилактикаси йўналишидаги муаммоларни таҳлил этиб, илмий жамоатчиликка мурожаат қилди. Соҳа олимлари томонидан билдирилаётган фикрлар — яссиоёқлик ва сколиоз каби хасталикларнинг динамикаси кенгайиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотаётгани боис, бу йўналишдаги чора-тадбирларни янада тизимли ва узвий ҳамкорлик асосида амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Пленар сессия якунида маърузачилар ҳамда ҳамкор вакиллар партия ва институт раҳбарияти томонидан тақдирланди. Албатта, анжуман илмий фикр алмашинув ва халқаро ҳамкорлик руҳида ўтди. Натижада нафақат илмий хулосаларни муҳокама қилиш, балки амалий тавсияларни жорий этиш орқали болалар саломатлигини асраш бўйича миллий дастурларни такомиллаштиришга ҳам хизмат қилди. Анжуманнинг иккинчи қисми сексион панел сессиялари кўринишида ташкил қилинди. Унда Андижон давлат тиббиёт институтининг етакчи олим ва мутахассислари томонидан амалий йўналишдаги маърузалар тақдим этилди.
Хусусан, илмий мулоқотни “Болалар травматологияси, ортопедияси ва нейрожарроҳлик” кафедраси мудири, профессор Қаҳрамон Қўлдошев бошлаб берди. У ўз маърузасида туғма маймоқликни рентген текшируви ёрдамида эрта аниқлаш ва ташхислаш усулларига оид замонавий ёндашувларни баён этди. Мутахассиснинг фикрича, аниқ ва тизимли диагностика болалардаги ортопедик нуқсонларнинг оғир босқичга ўтиб кетишининг олдини олишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шундан сўнг “Травматология, ортопедия ва нейрожарроҳлик” кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Жўрабой Тўхтаев сколиоз касаллигини даволашнинг самарали усуллари, замонавий физиотерапевтик йўналишлар ва индивидуал реабилитация дастурлари ҳақида маълумот берди. Бунда ҳар бир боланинг танаси ва суяк тузилиши ўзига хос бўлгани учун даво чоралари ҳам индивидуал ёндашувни талаб этиши қизғин мунозаралар марказида бўлди.
Шунингдек, “Болалар травматологияси, ортопедияси ва нейрожарроҳлик” кафедраси ассистенти Жасурбек Ўринов болаларда туғма маймоқликни ташхислаш ва даволаш усулларини такомиллаштиришга қаратилган илмий изланишини тақдим қилди. У илмий таҳлиллар асосида янги клиник протоколлар ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий этиш болалар соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлишини қайд этиб ўтди.
Маърузалардан кейин муҳокама ва савол-жавобларга навбат берилди. Иштирокчилар ортопедик касалликларнинг олдини олиш, болаларда соғлом суяк тизимини шакллантириш ва профилактика ишларини кучайтириш борасида ўзаро фикр алмашишди. Болалар соғлиғини муҳофаза қилишдаги долзарб масалаларни чуқур муҳокама этиш, илмий янгиликларни амалиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган республика илмий-амалий анжумани самарали якунланди.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,
“Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси.
