Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш фақат тиббий хизмат кўрсатиш билан чекланмайди. Балки кенг жамоатчилик тафаккури, тиббий маданият даражаси билан боғлиқ жараён. Яъни инсоннинг соғлом бўлиши, энг аввало, унинг соғлом фикрлаши, тиббиёт, профилактика, ўз саломатлигига муносабати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан, замонавий тиббий таълим фақат малакали шифокор тайёрлашни эмас, балки инсон ва жамиятнинг соғлом турмушга бўлган дунёқарашини шакллантириш вазифасини ҳам бажаради.
Шундан келиб чиқиб, Самарқанд давлат тиббиёт университетида “Тиббиёт ва таълим: университет ва жамиятларни бирлаштириш” номи остида ўтказилган III Халқаро тиббиёт форуми замонавий тиббиёт таълимига янгича ёндашув, илмий ҳамкорлик ва халқаро интеграцияни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди. Нуфузли анжуманда юртимиздаги етакчи шифокорлар ва профессор-ўқитувчилар, Туркия, Хитой, Озарбайжон каби мамлакатлардан келган тажрибали мутахассислар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, тиббиёт таълимидаги глобал тенденциялар, илғор усуллар ва янги технологияларнинг афзалликларини муҳокама қилишди.
Шунингдек, таълим ва амалий тиббиёт ўртасидаги узвий боғлиқлик, университет ва жамиятнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш зарурати таъкидланди. Чунки замонавий тиббий таълим жамият эҳтиёжларига мос бўлмаса, у ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди. Шу боис форумда тиббиёт олий таълим муассасалари билан соғлиқни сақлаш тизими ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштириш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.
Жараёнда “Колоректал жарроҳликда робототехнологиянинг афзалликлари”, “Телемедицинани ривожлантириш истиқболлари”, “Пластик ва реконструктив жарроҳликда янги ютуқлар” мавзуларидаги маҳорат дарслари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, мураккаб жарроҳлик амалиётларининг телемулоқот орқали жонли эфирда намойиш этилиши форумнинг инновацион руҳини яққол намоён этди. Қолаверса, тадбирлар доирасида “Таълим ва жамиятни бирлаштириш” ғояси асосида илмий ҳамкорликнинг янги платформаси яратилди.
– Халқаро тиббиёт таълимидаги самарадорлигимизни ошириш учун инновацион технологиялар – телемедицина, роботжарроҳлик ва сунъий интеллект элементларини таълим дастурларига интеграция қилиш зарурлигига шубҳа қилмадик, – дейди Озарбайжонда хизмат кўрсатган фан арбоби, тиббиёт фанлари доктори, профессор Ғолиб Гараев. – Шунингдек, талабалар учун амалиёт, старт-ап ва илмий-инновацион имкониятлар яратиш, хорижий университетлар билан қўшма таълим дастурлари ва сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш каби вазифаларни устувор йўналиш сифатида белгилаб олдик.
