Йўл тартибни ёқтиради. Ҳар биримиз иш, ўқиш ёки бошқа манзил томон шошар эканмиз, кўчада ҳаракат иштирокчисига айланамиз. Бу эса ҳар бир ҳаракатимиз нафақат шахсий хавфсизлик, балки бошқаларнинг ҳам тақдирига дахлдор эканини англатади. Зеро, бир неча сониядаги беэътиборлик, кичик қоидабузарлик ҳам бутун бир оила тақдирига зарба бериши, фожиага айланиши ҳеч гап эмас. Ушбу ҳақиқатни яхши англаган ҳолда, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масаласига мамлакатимизда нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий-ахлоқий бурч сифатида қарала бошлади.
Шу маънода “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция раҳбари Робахон Махмудова илгари сурган таклиф ва ташаббуслар бугун кенг жамоатчилик орасида қизғин муҳокама қилинмоқда. Ундаги фикрлар нафақат долзарб муаммони кўтариш, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётини асрашга қаратилган аниқ ечимларни илгари сургани билан аҳамиятга молик. Жумладан, партия етакчисининг мазкур муносабати эълон қилингач, у нафақат расмий саҳифаларда, балки бутун ахборот муҳитида кенг тарқалди.
Бу, албатта, жамиятимиз йўллардаги хавфсизлик масаласига бефарқ эмаслиги, одамлар адолат ва тартиб тарафдори эканини кўрсатади. Рақамларга мурожаат этсак, материал ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларидаги 30 та нуфузли интернет нашрида, 56 та йирик Telegram каналида, 48 та Facebook саҳифа ва гуруҳларида эълон қилинди. Шу билан бирга, партиянинг 28 та марказий ва ҳудудий Кенгашлари, шунингдек, 151 нафар партия фаолининг шахсий саҳифаларида ҳам тарқатилди.
Айниқса, мамлакатимиздаги маҳалла тизимига тегишли 9002 та телеграм гуруҳ ва каналларда жойланиши, бу масала фақат марказда эмас, балки жойларда ҳам жонли муҳокамаларга сабаб бўлганини кўрсатди. Фақатгина маҳалла тизимидаги саҳифаларда материал 1 миллион 506 минг маротаба кўрилгани — бу ташаббуснинг қанчалик кенг жамоавий қўллаб-қувватланаёганини тасдиқлайди. Жами ҳисобда эса материал 15 миллион 800 мингдан ортиқ аудиторияга етди, кўришлар сони эса 15 миллиондан ошди. Бу рақамлар ортида эса бир ҳақиқат бор — жамият бу ташаббусни кутганди, унга ишонди ва қўллаб-қувватлади.
Муҳокамаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция депутатлари, айниқса, фаол бўлишди.
Инсон ҳаёти — энг олий қадрият
Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини инкор этиб бўлмайди. Хусусан, йўллар инфратузилмасини яхшилашга 60 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилгани, сунъий интеллект орқали назорат тизимининг жорий этилгани бу борадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бермоқда. Аммо ҳаракат маданияти борасида бирмунча оғриқларимиз бор. Партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси муносабатида айни шу жиҳатларга алоҳида урғу берилди.
Муносабатда келтирилган рақамлар чин маънода ташвишли: ўтган 2024 йилда рўй берган 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 2203 нафар инсон ҳалок бўлган. Демак, ҳар куни ўртача олти нафар юртдошимиз — ота-она, фарзанд ёки опа-синглимиз йўлдаги қоидабузарлик қурбонига айланмоқда. Энг ачинарлиси, жабрланувчиларнинг катта қисми болалар экани миллатимиз генофондига салбий таъсир кўрсатади.
Фикримча, бу ҳолат ЙҲХ тизимидаги амалдаги жазолаш ва огоҳлантириш механизмларининг самарадорлиги тўлиқ таъминланмаганини кўрсатади. Биз эндиликда фақат жазо эмас, балки олдини олиш, жавобгарлик маданиятини шакллантириш ва шахсий масъулиятни ошириш сиёсатига ўтишимиз зарур. Шу нуқтаи назардан, илгари сурилган ташаббуслар — “Vision Zero” дастурини жорий этиш, болалар хавфсизлигини кучайтириш ҳамда жавобгарлик чораларини кескин ошириш — бугунги куннинг энг долзарб ва ҳаётий ечимлари эканини алоҳида қайд этмоқчиман.
Дунё тажрибаси ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, Швецияда 1997 йилдан буён амалга оширилаётган “Vision Zero” дастури натижасида ўлим ҳолатлари кескин камайган. Бу дастурнинг моҳияти шундаки, йўл инфратузилмаси инсон хатосини ҳисобга олган ҳолда лойиҳаланади, яъни тизим фожиаларнинг олдини оладиган даражада ташкил этилади. Ўйлайманки, биз ҳам айнан шундай тамойилга асосланган тизимли ёндашувга ўта оламиз. Бу нафақат йўллар, балки ижтимоий онг ва муносабат маданиятини ҳам ўзгартиради.
Зуҳриддин МАВЛОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
Ташаббусларимиз долзарб ва самарадор
Таҳлиллар йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳали ҳам юқори бўлиб қолаётганлигини кўрсатмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳар 24 сонияда бир нафар, ҳар куни 3,5 минг одам ҳалок бўлади. Бир йилда 1,3 миллиондан ортиқ инсон йўлдаги бахтсиз ҳодисалар туфайли вафот этади. Уларнинг асосий қисмини 5 ёшдан 29 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Қолаверса, йўлларда аҳоли, айниқса, болаларимиз хавфсиз ҳаракатлана олмас экан, бу ҳолат барчамизни ташвишга солиши, тизимли ва самарали чоралар кўрилишини тақозо этади.
Бугунги кунда болалар ўртасида йўл ҳаракати соҳасидаги профилактика ишларини кучайтириш ва мактаб атрофидаги ҳудудни максимал даражада хавфсиз қилиш алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, мазкур масалаларни ҳал этишда “Адолат” СДП қатъий позицияда туриб, йўллардаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, болалар хавфсизлиги учун “Мактаб атрофи – хавфсиз ҳудуд” дастури қабул қилиниб, нур қайтарувчи жилет ва рюкзаклар жорий этишни таклиф қиляпмиз.
Қолаверса, қоидаларни мунтазам бузган ҳайдовчилар учун суғурта тўловларини ошириш, болалар ўлими билан боғлиқ ҳодисаларда жазони икки баробар оғирлаштириш ҳамда тезликни доимий равишда оширган ҳайдовчиларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан 10 йилгача маҳрум этиш, маст ҳолда инсон ўлимига сабаб бўлганларни эса умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳам шулар жумласидандир. Бу каби ташаббуслар яқин келажакда ўзининг ижобий натижаларини бериши, шубҳасиз.
Партиямиз ушбу ташаббусларни қонунчиликда акс эттириш, шу билан бирга, хорижий давлатлар тажрибасида пиёдалар иштирокидаги ЙТҲларнинг олдини олиш, пиёдалар ҳаракати учун хавфсиз шароит яратиш борасида таҳлилий ўрганишлар ўтказиш тарафдори. Умуман олганда, йўл ҳаракати хавфсизлиги — бу нафақат давлат, балки жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан биридир. Шу сабабли, тизимли ва самарали чора-тадбирларни амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
Онгли фуқаролик позицияси ва шахсий масъулият керак
Йўлларда хавфсизликни таъминлаш фақат транспорт тизимини такомиллаштириш эмас, балки бутун жамият онгини, фуқаролик масъулиятини ва қонунга ҳурматни юксалтириш билан боғлиқ жараён. Шу боис, партиямиз томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар жамиятдаги энг оғриқли нуқта — инсон ҳаётини асраш ва фожиаларнинг олдини олиш масаласини марказга қўймоқда. Бунда йўл қоидаларини мунтазам бузиб келаётган ҳайдовчиларга нисбатан иқтисодий жавобгарликни кучайтириш масаласи ҳар жиҳатдан зарур, деб ҳисоблайман.
Мунтазам йўл қоидаларини бузувчи ҳайдовчиларга нисбатан суғурта тўловларини ошириш орқали ҳайдовчилар онгида қонунга нисбатан ҳурмат, ҳаракатда эҳтиёткорлик ва масъулият туйғусини шакллантириш мумкин. Яъни, қоидабузарликнинг нархи фақат жарима билан эмас, балки иқтисодий оқибатлар орқали ҳам ҳис этилмоғи керак. Бу “жазо” эмас, тарбия воситаси, албатта. Чунки инсон фақат жазода эмас, оқибатни ҳис қилганда, буни англаб ета олади. Шу нуқтаи назардан, маст ҳолатда транспорт бошқариб, инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларни умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этиш ташаббусини илгари суряпмиз.
Бу чора, аввало, адолат мезонини тиклайди. Шу билан бирга, бу қарор жамиятда онгли ҳайдовчилик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади. Халқаро тажриба ҳам бу йўналишдаги қатъийлик самарасини исботлаган. Масалан, Буюк Британия, АҚШ, Норвегия, Франция ва Қозоғистон каби давлатларда транспортни маст ҳолда бошқариш такроран содир этилган тақдирда ҳайдовчилик ҳуқуқидан умрбод маҳрум қилиш амалиёти жорий этилган. Бу тизим фуқаролар онгида якдил тушунчани мустаҳкамлайди: “Йўлдаги ҳар бир қарор — ҳаёт учун масъулият”.
Ҳа, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фақат инспектор ёки ҳайдовчи мажбурияти эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи. Бу инсон ҳаётини асраш, оила тинчлигини муҳофаза қилиш ва жамият фаровонлигига хизмат қиладиган умуммиллий йўналишдир. Шу боис, “Адолат” СДП ушбу соҳадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш, йўлларда тартиб-интизомни кучайтириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгиламоқда. Ҳақиқат шуки, фақат жипс ҳаракат, онгли фуқаролик позицияси ва шахсий масъулият орқали биз ҳаётнинг энг олий қадрияти — инсон ҳаётини муҳофаза қилишга эриша оламиз.
Муҳамммад ВАЛИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.
