Мамлакатимиз металлургия саноатининг қадимий марказларидан бири саналади. Зотан, ҳинд эпоси – “Маҳабҳорат” достонида тилга олинган Тянь-Шаннинг жанубий-ғарбидаги металл конлари, “Илоқ”даги қимматбаҳо тошлар бугунги Оҳангарон воҳаси ҳудудига тўғри келиши замонавий тарихчилар томонидан исботланган.
Бу аждодларимиз минг йиллар аввал ҳам минералогия илмини чуқур ўрганишгани, ер қаъридаги маданларни аниқлаб, ундан металл ажратиб олиш технологиясини ўзлаштиришганидан далолат беради. Албатта, Турон заминининг табиий ресурсларга бой экани бунда муҳим омил бўлган. Қачонлардир оҳангар боболаримизни дунёга танитган Қурама тоғлари бугун “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ фаолияти орқали йирик саноат марказига айланмоқда.
2021 йил 29 июль куни Президентимиз рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш борасидаги ишлар билан танишиб, “Ёшлик I” конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида 3-Мис бойитиш фабрикасига тамал тоши қўйган эди. Ўтган 4 йил ичида қурилиш-бунёдкорлик ишлари шиддат билан кечди. Натижада, Ўзбекистоннинг энг йирик мис конини ўзлаштириш имконини берувчи улкан мажмуа қад ростлади.
“3-МБФ” лойиҳаси мисни бойитишда жаҳоннинг илғор технологиялари ва юқори сифат стандартларини қўллаётгани билан стратегик аҳамият касб этади.
Сўнгги ўн йилликда юз берган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий эврилишлар жаҳон бозорида мис нархига сезиларли таъсир кўрсатди. Қолаверса, электроника саноатининг жадал ривожланаётгани ҳам ўсиш тенденциясининг асосий сабабларидан биридир. “3-МБФ” лойиҳаси ана шу имкониятдан унумли фойдаланиб, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ҳамда миллий иқтисодиётда “мис кластери”ни тизимли ривожлантиришга хизмат қилади.
Фабрика йиллик 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш қувватига эга. Бу ҳар йили 900 минг тонна мис концентрати ишлаб чиқариш имконини беради. Шундан келиб чиқиб, Марказий Осиёдаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи мажмуа бўлиши кутилмоқда.
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ахборот хизмати ташаббуси билан ташкил қилинган “Янги индустриал тараққиёт сари қадам” мавзусидаги пресс-турда оммавий-ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакилларига лойиҳанинг рўёбга чиқиш жараёнлари таништирилди.
Журналистлар дастлаб марказий диспетчерлик бошқарув пунктида бўлди. Уларга шу кунгача олиб борилган бунёдкорлик ишлари акс этган “3-МБФ – саноат ғалабаси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Таъкидланишича, майдони 196 гектар бўлган фабрика қурилишида 23 мингдан ортиқ қурувчи ва мингдан ортиқ махсус техника иштирок этган. Жараёнда 788 минг куб бетон, 109 минг тонна арматура, 69 минг тонна технологик ускуна ва 65 минг тонна металл конструкциядан фойдаланилган. Шунингдек, 279 минг метр технологик қувурлар ўрнатилиб, 1,36 миллион метр электр ва 714 минг метр автоматлаштириш кабеллари ётқизилган. Қарийб 4 йиллик қурилиш ишларидан сўнг жорий йил 30 март куни илк мис концентрати муваффақиятли ишлаб чиқарилган.
Маълумот учун, фабрика қурилишига сарфланган металлдан 9 та “Эйфел”, бетон ҳажмидан 2,5 та “Бурж ҳалифа” минорасини барпо этиш мумкин. Шу фактнинг ўзи ҳам фабрика нақадар улкан мегалойиҳа эканидан дарак беради.
– Ҳозирги вақтгача “Ёшлик I” конидан қазиб олинган 1,3 миллион тонна маъдан кон ҳудудида майдалаш жараёнидан ўтказилиб, фабрикага етказилди, – дейди лойиҳа бош муҳандиси Исмоилхон Ваҳобов. – Натижада 17 минг тоннадан ортиқ мис концентрати ишлаб чиқарилди. Аммо фабриканинг ютуғи фақат ҳажмда эмас, балки жаҳоннинг етакчи саноат компаниялари технологияси, автоматлаштириш тизимлари ва рақамли бошқарув ечимларининг ягона занжирда мужассамлашганидадир.
Марказий диспетчерлик бошқарув пунктидан бутун технологик цикл кўриниб турибди. Замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллектга асосланган тизим корхонани элетрон бошқаришда қўл келади. Энергия ҳисоби, руда сарфи, сув таъминоти ва ёрдамчи участкалар иши бўйича маълумотлар битта экранга жамланган. Шунингдек, бунда двигатель подшипникларининг ҳароратигача кўриш мумкин. Бу орқали хавфларни ўз вақтида аниқлаш имкони яратилган. Тизим ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини автоматик режимда бошқариши билан ҳам минтақадаги ўхшаши йўқ лойиҳа ҳисобланади.
Навбатдаги манзил йирик майдаланган рудаларни сақлаш омбори бўлди. Денгиз сатҳидан 665 метр баландликда жойлашган омбор ғоят улкан темир конструкцияга эга экани билан эътиборни тортади. Омборда бир вақтнинг ўзида 320 минг тонна руда сақлаш имкони мавжуд.
Германия технологияси асосида яратилган конвейер “Ёшлик-I” конидан омборгача бўлган 4,2 километр масофага руда бўлакларини етказиб беради. Натижада энергия ва инсон меҳнати 30 фоизгача қисқартирилишига эришилмоқда.
Тадбир иштирокчилари шундан сўнг майин майдалаш корпуси фаолияти билан танишди. Мис консентрати ишлаб чиқаришда 3-босқич саналган цех 6 та йирик руда майдалаш тегирмони асосига қурилган. Ўзига хослиги шундаки, бу тегирмонлар бошқа турдошларидан фарқли ўлароқ, валокли майдалаш технологиясидан фойдаланади.
– Анъанавий тегирмонларда шар орқали майдалаш усули қўлланади, – дейди участка бошлиғи Жаҳонгир Исроилов. – Бизнинг технологияда эса валокли майдалаш орқали вақт тежалади, меҳнат унумдорлиги ошади. Ўртача 60 миллиметрли руда майдалашдан ўтгач 6 миллиметрли парчаларга айланади. Бу жаҳон тажрибасида ҳам энг юқори самарадорлик кўрсаткичидир.
Яна бир жиҳат халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ. Бугунги кунгача Буюк Британия, Германия, Хитой Халқ Республикаси каби ривожланган давлатларнинг етакчи компаниялари билан алоқалар ўрнатилган.
– Тоғ-кон саноатида малакали мутахассислар муҳим аҳамият касб этади, – дейди Германиянинг “GP günter Papenburg AG” қурилиш концерни бошқаруви аъзоси Ангела Папенбург. – Шу маънода “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”да алоҳида муҳандислик мактаби ташкил қилинганини юқори баҳолайман. Эндиликда, ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг Германияда тажриба алмашиш жараёнларини йўлга қўйишни таклиф қиляпмиз. Бундан ташқари, комбинат билан электрометаллургия, механика, электроника йўналишларида ҳам ҳамкорлик қилмоқчимиз. Яна айтиш жоизки, корхонада тун-у кун тўхтовсиз ишловчи тоғ-кон транспортлар логистикаси ҳамда уларга техник хизмат кўрсатиш тизимининг йўлга қўйилгани бизни ҳайратлантирди. Ўйлаймизки, компанияларимиз ўртасида ҳамкорлик кўлами яқин келажакда янада кенгаяди.
Пресс-турнинг сўнгги манзили фильтрлаш корпуси бўлди. Ушбу ишлаб чиқариш бўлинмасида журналистлар мис бойитмасини сувсизлантириш ва тайёр маҳсулот олиш жараёнини кузатишди.
Фабрика янги иш ўринлари яратилиши нуқтаи назаридан ҳам мегалойиҳа ҳисобланади. Тўлиқ қувватга чиққач, 3670 та янги иш ўрни яратилади. Ҳозирда 1250 нафар ходим фаолият юритмоқда, уларнинг кўпчилиги 35 ёшгача бўлган мутахассислар экани эътиборга молик. Ёш кадрлар “Муҳандислар мактаби”да амалиёт ва малака ошириш курсларини ўтамоқда.
Журналистларни корхонанинг экологияга таъсири масаласи ҳам қизиқтирди. Қайд этилишича, ушбу жиҳат алоҳида эътиборга олинган. Барпо этишдан то ишлаб чиқариш жараёнларига қадар тизим “Яшил” стандартга тўлиқ жавоб беради. Фабрика ҳудудида айни кунларда ҳам кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Томчилатиб суғориш тизимлари ва эко-дизайн ечимлари саноат ва табиат мувозанатини таъминлайди.
Фабриканинг қоқ марказидаги деворга ишланган улкан тасвирий санъат намунаси ҳам жамоанинг табиатни асраб-авайлаш ғояларига содиқлигини кўрсатади. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институтининг профессор-ўқитувчилари ҳамда иқтидорли талабалари томонидан яратилган полотнода Қурама тизмасининг ноёб манзараси “Нефрит” кўли фонида акс эттирилган.
Дарҳақиқат, Олмалиқда бунёд этилган 3-Мис бойитиш фабрикаси замонавий технологиялар, рақамли бошқарув ва инсон капитали уйғунлигининг амалий намунасидир. Бу лойиҳа юртимиз саноати учун янги босқич ва миллий ифтихор тимсоли ҳисобланади.
Яна бир жиҳат. Фабриканинг асосий фаолият йўналиши мисни бойитишга қаратилган бўлса-да, бу ерда қайта ишланган масса таркибидан келгуси босқичларда олтин, кумуш, молибден, рений каби 16 хил нодир металлар ажратиб олинади. Демак, металлургия саноатида амалга оширилаётган бу каби улкан лойиҳалар мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради. Зеро, рангли металлар нафақат саноат учун зарур хомашё, балки геосиёсий аҳамиятга эга стратегик ресурсдир. Замонавий дунёда ишлаб чиқарилаётган инновацион технологияларнинг асосий қисми – смартфонлар, энергия тежовчи қурилмалар, электромобиллар, юқори кучланишли узатув тизимлари ва сунъий интеллект платформаларининг асосида ҳам айнан шундай металлар туради.
Қолаверса, лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизда индустриал сиёсатнинг тўғри эканини, модернизация ва диверсификация жараёнлари самара бераётганини тасдиқлайди. Ҳамкорлик платформаси эса хорижий инвестицияларни жалб қилишдан ташқари билим ва малака трансферига замин яратади.
