Анъанага кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз депутатлари мамлакатимизнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий янгиланишлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, фуқароларни қийнаётган долзарб масалалар ўрганилиб, жойлардаги ислоҳотларнинг амалдаги натижалари таҳлил қилинди. Фуқароларда депутатлик институтига бўлган ишончни мустаҳкамлаш, қонунлар ижросини сифатли таъминлаш ва аҳоли розилигига эришиш эса пировард мақсад. Ўрганишлар жараёнида депутатларимиз фақат ислоҳотлар самарасини кузатиш билан чекланиб қолмади. Улар жойлардаги муаммоларни ҳал этишда ташаббускорлик билан иштирок этиб, зарур ҳолларда масъул идоралар билан ҳамкорликда тезкор чоралар кўришди. Вақт талаб этувчи масалалар эса депутат назоратига олиниб, уларнинг ижроси юзасидан манзилли ишлар йўлга қўйилди.
ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ. Бугунги янгиланишлар даврида қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ишсизликни қисқартириш каби масалалар долзарб бўлиб турибди. Зеро, юрт равнақи, халқ фаровонлиги мазкур соҳага боғлиқ. Шу маънода, халқ вакили сифатида депутатларнинг жойлардаги амалий фаолияти нафақат муаммоларни ўрганиш, балки уларга ечим излаш жараёнида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Рашидова Қорақалпоғистоннинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий соҳалардаги долзарб масалалар юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Жумладан, Тахиатош туманида ўтказилган давра суҳбатида қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари иштирокида “Мева-сабзавотчиликни интенсив ривожлантириш, янги уруғ навларини яратиш орқали ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини оширишнинг устувор вазифалари” юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Тадбирда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ўқитувчиси Дониёр Ҳайитбоев ҳам иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва илмий ёндашувнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Суҳбат давомида қишлоқ хўжалигидаги мавжуд муаммолар, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан иштирокчиларнинг фикр ва таклифлари тингланди.
Депутатнинг ўрганишлари фақат иқтисодий соҳалар билан чекланиб қолмади. Нодира Рашидова Тахтакўпир туманидаги “Tахтакўпир” маҳалласида бўлиб, “маҳалла еттилиги” билан учрашди ҳамда маҳаллаларда ижтимоий ҳаётни ривожлантириш, аҳолининг муаммоларини ҳал этишга қаратилган ишлар билан яқиндан танишди. Учрашувда коррупцияга қарши курашиш, аҳолини иш билан таъминлаш, ортиқча тантаналар ва тўй-маросимларда исрофнинг олдини олиш каби масалалар юзасидан очиқ мулоқот ташкил этилди. Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлаш доирасида фуқароларни қийнаётган масалаларга аниқ ечим топиш, маҳаллаларда ишсизликни қисқартириш ҳамда бандликни таъминлаш борасида амалий таклифлар муҳокама қилинди.
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ. Тиббий хизматни халққа яқинлаштириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш — партия депутатлари ва фаоллари учун устувор йўналишдир. Чунки соғлом миллат, баркамол авлод тараққиётнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Шу сабабдан “Адолат” СДП вакиллари ҳудудларда фуқароларнинг соғлиқни сақлаш соҳасига оид мурожаатларини доимий эшитиш, ҳар бир масалага амалий ёндашув асосида ечим топишга интилиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тоҳир Полвоновга Ҳазорасп тумани “Саноат” маҳалласида яшовчи фуқаро Фазилат Ниёзметова томонидан видеомурожаат йўлланганди.
Унда фуқаро соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳақида сўз юритиб, амалий ёрдам сўраган. Депутат фуқаро билан боғланиб, унинг ҳолати бўйича зарур маълумотларни йиғди. Депутат ташаббуси билан Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг Хоразм вилояти филиали директори, шифокор Ғайрат Ғаипов бошчилигида мутахассислар иштирокида консилиум ташкил этилди. Фазилат Ниёзметованинг касаллик жараёни, аввалги текширув натижалари батафсил ўрганилиб, Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалига йўналтирилди. У ерда томография текшируви ўтказилиб, аниқ тиббий хулоса асосида даволаш ишлари йўлга қўйилди.
Шунингдек, депутат фақат якка мурожаатларга амалий ёрдам кўрсатиш билан чекланиб қолмаяпти. Унинг ташаббуси билан сайлов округидаги оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати ҳам мунтазам ўрганиляпти. Хусусан, депутат Янгиариқ туманидаги “Гулистон” оилавий поликлиникасида бўлиб, муассасадаги шароитлар, тиббий хизмат сифати ва “DMED” ахборот тизими орқали беморлар ҳисобини юритиш жараёни билан танишди. Бу тизим тиббиёт муассасаларида беморлар маълумотини электрон шаклда юритиш, хизмат кўрсатишда шаффофликни таъминлаш ҳамда фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш имконини яратаётганини алоҳида таъкидлади.
НАВОИЙ ВИЛОЯТИ. Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичи кечмоқда. “Тараққиёт стратегияси” доирасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, ички бозор имкониятларини кенгайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш кўлами кенгаймоқда. Албатта, бунда мавжуд муаммоларни ўрганиш, уларни амалда ҳал этиш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш халқ вакиллари зиммасидаги муҳим масъулият саналади. Шундан келиб чиқиб, Навоий вилоятининг Кармана туманида фаолият юритаётган “UYSOT” МЧЖ фаолияти билан танишган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Беҳзод Тўхтамуродов ўрганиши самарали кечди.
Таъкидлаш керак, ушбу корхона бугунги кунда 50 нафардан зиёд фуқарони доимий иш билан таъминлаган. Шунингдек, қурилиш соҳаси бўйича нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатлар Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги 150 дан ортиқ компанияларга хизмат кўрсатиб, 1,5 миллион АҚШ долларлик экспорт ҳажмига эришган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири саналади. Корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар соҳадаги шаффофликни таъминлаш, маълумотлар базасини рақамлаштириш ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув давомида “UYSOT” МЧЖ асосчиси Сарварбек Ҳасанов қурилиш соҳасидаги корхоналар фаолиятини “Escrow” тизими орқали тегишли вазирлик ва банклар билан интеграция қилиш бўйича таклифларини илгари сурди. Депутат Беҳзод Тўхтамуродов мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади ва муаммонинг ечимини кўриб чиқиш учун тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари билан муҳокама ташкил этди. Музокаралар натижасида 2026 йил январидан бошлаб республика миқёсидаги қурилиш соҳасига оид корхона ва ташкилотлар маълумотлар базасини ягона платформага интеграция қилиш бўйича келишувга эришилди. Бу ташаббус, ўз навбатида, амалда жорий этилганидан сўнг соҳада хизматлар сифатини ошириш, маълумот алмашинувини тезлаштириш ва тадбиркорлар учун янада қулай муҳит яратишга замин яратади.
ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ. Куз-қиш мавсумини беталофот ва хавфсиз ўтказиш, аҳоли, айниқса, муҳим ижтимоий объектлар саналган мактаб, боғча ва шифохоналарда энергия барқарорлигини таъминлаш — бугуннинг долзарб вазифаси, ҳар бир мутасадди ва жамоат вакили зиммасидаги юксак масъулиятдир. Зеро, халқ фаровонлиги шундай тизимли тайёргарлик ишларига ҳамиша дахлдор. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Манзура Салимова октябрь ойи якунидаги ўрганишларида шу жиҳатга алоҳида ёндашди. Бунда Марғилон шаҳридаги бир қатор ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, 2025–2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирди.
Манзура Салимова даставвал мутасадди идоралар, маҳаллий Кенгаш ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбарлари иштирокида 30- ва 2-сонли умумий ўрта таълим мактабларида мониторинг олиб борди. Мазкур муассасалардаги иситиш тизимларининг ҳолати, электр ва газ таъминотининг барқарорлиги, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ҳамда эҳтимолий авариявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилди. Шунингдек, депутат шаҳарнинг 2-, 8-, 12-, 15- ва 24-сонли мактабгача таълим муассасаларида ҳам бўлиб, болалар учун яратилган шароитларни ўрганди.
Шу билан бирга, у маҳаллий таълим бўлими раҳбарлари билан мулоқотда бўлиб, мавсумий таъмир ишларини кечиктирмаслик, таълим муассасаларида барқарор иситиш тизимини таъминлаш ва болалар учун қулай муҳит яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кенг кўламли ўзгаришлар, аввало, инсон қадрини улуғлаш ва унинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли. Ҳар бир янгиланишнинг марказида инсон манфаати тургани, халқ вакилларининг жойлардаги фаоллиги ва муаммоларни жойида ҳал этишга бўлган саъй-ҳаракатлари бу сиёсатнинг амалий кўриниши бўлиб хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Зиёдбек Юнусовнинг Фарғона туманидаги олиб борган ўрганиш, назорат-таҳлил тадбирларида буни сезиш қийин эмас. Жумладан, учрашув чоғида аҳолини узоқ йиллардан буён ташвишга солиб келаётган муҳим масала — “Бўстон” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Шоҳимардон сойи устидан ўтган кўприк ҳолати депутат эътиборида бўлди.
Маълум бўлишича, мазкур кўприк бир неча бор халқ ҳашари йўли билан қайта тикланган бўлиб, узоқ йиллар давомида аҳоли учун асосий ҳаракат йўли бўлиб хизмат қилиб келган. Бироқ сўнгги йилларда аҳоли сонининг ортиши, автотранспорт қатновининг кўпайиши ва иншоотнинг эскириши туфайли кўприк техник талабларга жавоб бермай қолган. Бу эса нафақат аҳоли учун ноқулайлик туғдирмоқда, балки фуқароларнинг ҳаётий хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам жиддий муаммо сифатида намоён бўляпти. Депутат Зиёдбек Юнусов маҳаллада ташкил этилган очиқ мулоқот чоғида фуқароларнинг таклиф ва мулоҳазаларини диққат билан тинглади. Муаммони амалда ҳал этиш мақсадида маҳаллий ҳокимлик, туман “Йўллардан фойдаланиш” унитар корхонаси ҳамда тегишли мутасадди идоралар иштирокида махсус ишчи гуруҳ тузиш ташаббусини илгари сурди.
Таклиф қўллаб-қувватланди. Унга кўра, яқин муддат ичида Шоҳимардон сойи устидан замонавий темир конструкцияли ва бетон қопламали кўприк қурилиши режалаштирилмоқда. Янги иншоот аҳоли хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда, маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, иқтисодий фаолликни ошириш ҳамда транспорт ҳаракатини қулайлаштиришга хизмат қилади.
ТОШКЕНТ ШАҲРИ. Ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, аввало, уларнинг амалда қандай татбиқ этилаётгани билан баҳоланади. Айниқса, таълим ва ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш ҳамда таъмирлаш ишларининг кечикиб кетиши ёки фуқаролар томонидан билдирилаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ҳал этилмаётгани бу жараёнга салбий таъсир кўрсатиши табиий. Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Ойдин Абдуллаева ушбу йўналишлардаги амалий назоратни кучайтирди ҳамда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги бир қатор маҳаллалар ва ижтимоий соҳа объектларида ўрганишлар олиб борди. Дастлаб депутат 270-мактабда амалга оширилаётган капитал таъмирлаш жараёни билан танишди.
Таъмир ишлари 10 ноябрга қадар тўлиқ якунланиши режалаштирилган бўлса-да, пудратчи ташкилот вакиллари қурилиш материалларининг ўз вақтида етказиб берилмаётгани сабабли иш суръатида кечикиш кузатилаётганини маълум қилдилар. Муаммони жойида ҳал этиш мақсадида депутат ташаббуси билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мутасаддилари билан учрашув ташкил этилди. Учрашув натижасида зарур материалларни ўз вақтида етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Бу эса таъмирлаш ишларининг тез ва сифатли якунланишига туртки бўлади. Шундан сўнг халқ вакили “Бешқўрғон” маҳалласида қурилаётган янги мактабгача таълим ташкилотидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди.
Уч қаватли замонавий бино том қисмидаги ишлар якунланиш арафасида экани ва иситиш тизими ўрнатилаётгани маълум қилинди. Шу маҳалладаги 2020 йилда фойдаланишга топширилган 37-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам депутат диққат марказида бўлди. Мазкур муассасада қурилишдан кейин юзага келган айрим техник камчиликлар ва фуқаролар томонидан кўтарилган муаммолар ўрганилиб, уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ойдин Абдуллаева ҳар бир масалани шахсан назоратига олишини билдириб, тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ечим топиш бўйича чоралар кўрилишига келишиб олди.
Вилоят кенгашлари матбуот хизмати хабарлари асосида Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.
