Ҳар ойнинг сўнгги ўн кунлигида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиши, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва муаммоларини ўрганиши анъана тусига кирган. Бундай мулоқотлар юртдошларимизни қийнаб келаётган муаммоларни эрта аниқлаш ва ҳал этиш, ислоҳотлар самарасини холис баҳолаш, чекка ҳудудларгача етказишда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг навбатдаги сафари Қашқадарё вилоятига бўлди.
“Рогузар” – ҳамжиҳатлик ва ташаббускорлик маскани
Ўрганишлар Қарши шаҳрининг “Рогузар” маҳалласидан бошланди.
Қарши шаҳрида бугунги кунда 60 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Улар орасида “Рогузар” жиноятчиликни жиловлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ва бандлик кўрсаткичлари бўйича намунали ҳудуд сифатида ажралиб туради.
– Давлатимиз раҳбари яратган имкониятлар туфайли барча ислоҳотлар бевосита қуйи тизимда, маҳалланинг ўзида рўй беряпти, – дейди маҳалла раиси Дилноза Файзиева. – “Еттилик” бирдам ва ҳамфикр бўлса, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш имкони бор. Шу тамойил асосида иш юритганимиз натижасида йил бошидан бери ҳудудимизда бирорта жиноят ёки оилавий ажрим қайд этилмади. Аксинча, тадбиркор ва ишбилармонлар сафи кенгаймоқда. Бугун камбағал оилалар рўйхатида фақат 4 нафар ногиронлиги бўлган фуқаромиз бор, холос. Ўтган йили мактаб битирувчиларининг 80 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирди.
Маҳалла аҳлининг ишбилармонлиги ҳам эътиборга молик. Бугунги кунда “Рогузар”да 70 га яқин фуқаро тадбиркор сифатида рўйхатга олинган. Бундан ташқари, 28 та оила тикувчилик, касаначилик ва қандолатчилик йўналишларида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган.
Партиямиз етакчиси аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқди ва уларнинг ечими юзасидан амалий ёрдам кўрсатилишини таъкидлади. Маҳалла марказида ходимлар ва аҳоли учун яратилган қулай шароитларни, хусусан, кутубхона ташкил этилгани ва бинога энергиятежамкор қуёш панеллари ўрнатилганини ижобий баҳолади.
Шунингдек, маҳалла қошида ташкил этилган ўқув маркази фаолияти билан ҳам танишилди. Бу ерда ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларнинг 38 нафар фарзандига инглиз ва рус тили, математика ҳамда ментал арифметика фанларидан бепул сабоқлар берилаётгани ижобий тажриба сифатида эътироф этилди.
Партиямиз етакчиси маҳалла ёшлари билан суҳбатда уларни катта мақсадлар сари интилишга, вақтдан унумли фойдаланишга чақириб, мамлакатимизда ёшлар иқтидорини қўллаб-қувватлаш учун барча шароитлар яратилганини таъкидлади.
– Ота-онамдан эрта етим қолган бўлсам-да, давлатимиз ғамхўрлигини ҳар қадамда ҳис қилиб улғайдим,– дейди Сабина Сағдиева. – Жорий йилда тиббиёт йўналишида олийгоҳ талабаси бўлдим. Мақсадим – малакали шифокор бўлиб, халқимизга хизмат қилиш…
Партия етакчиси имкониятлардан унумли фойдаланиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган Сабинага эзгу тилаклар билдирди ва кир ювиш машинаси совға қилди.
Рақамли тиббий хизмат аҳолига қулайлик яратмоқда
Қашқадарё вилояти бўйлаб ўрганишлар аҳоли турмуш сифатига бевосита хизмат қилувчи ижтимоий соҳа объектларида давом этди.
Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 3-сонли оилавий поликлиника вилоятдаги энг йирик бирламчи тиббий хизмат масканларидан бири ҳисобланади. Муассасада 53 мингдан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Бу эса, ўз навбатида, шифокорлар ва тиббий ходимлар зиммасига катта масъулият юклайди. Партиямиз етакчиси ушбу масъулиятли вазифани енгиллаштиришга хизмат қилаётган рақамлаштириш жараёнлари билан қизиқди.
Маълум бўлишича, поликлиника фаолияти “D-Med” ягона электрон тизимига тўлиқ ўтказилган. Бу аҳоли мурожаатлари автоматлаштирилган, шифокорлар фаолиятидаги қоғозбозлик сезиларли даражада камайган, энг муҳими, электрон навбат тизими самарали йўлга қўйилганидан далолат беради.
Энди беморлар шифокор қабулига келиб, рўйхатхона олдида узундан-узоқ навбатларда туришига ҳожат йўқ. Улар ўзларига маъқул вақтни онлайн белгилаши ёки “Инфокиоск” орқали навбат олиши мумкин. Натижада ортиқча вақт сарфи ва сарсонгарчиликнинг олди олинмоқда.
Поликлиникадаги беморлар ҳам бу қулайликни алоҳида таъкидлашди.
– Уч фарзандим бор, – дейди Ситора Содиқова. – Ҳозир кичик қизимни мавсумий эмлаш учун олиб келдим. Авваллари шифокор қабулига кириш учун анча вақт кутардик. Ҳозир эса электрон навбат орқали аниқ вақтга ёзилиб, кейин келамиз…
Робахон Махмудова муассасанинг бошқа бўлимлари – қабул, эмлаш хоналари, лаборатория ва кундузги стационар фаолияти билан танишар экан, бинонинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратди. Зеро, бундай йирик муассасанинг қишда узлуксиз ишлаши ва иситилиши муҳим аҳамиятга эга. Жараёнда муассасанинг “Яшил энергия”га ўтаётгани ижобий баҳоланди. Бу ерда 10 киловатт ҳажмли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, энергия эҳтиёжининг 60-65 фоизини қопламоқда. Бу нафақат харажатларни тежайди, балки тиббий асбоб-ускуналарнинг барқарор ишлашини ҳам таъминлайди.
Ўрганишлар давомида партия етакчиси ходимлар ва аҳоли вакиллари билан суҳбатлашиб, тиббий хизмат сифатини янада ошириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.
Тежамкор, “ақлли” ва экспортбоп
Куз-қиш мавсумига жадал ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда замонавий, энергиятежамкор технологияларга бўлган талаб табиий равишда ортмоқда. Қарши туманида жойлашган “Турди Муаззам сервис” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган иситиш қозонлари айни шу жиҳатлари билан харидоргир.
“Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур корхона фаолияти билан танишиб, ходимлар билан суҳбатлашди.
Корхона иш юритувчиси Азиз Йўлдошев партия етакчисига ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
– Асосан, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонлар учун қаттиқ ёқилғига мослаштирилган иситиш қозонлари ишлаб чиқарамиз,– дейди Азиз Йўлдошев. – Маҳсулотларимизнинг асосий афзаллиги – уларнинг “ақлли”, яъни smart технология орқали бошқарилишида. Фойдаланувчи масофадан туриб, телефон ёки компьютер орқали ёқилғи сарфи ва хона ҳарорати даражасини назорат қила олади, шунингдек, ўчириш ва ёқиш тизимларини масофадан ишга тушириши мумкин. Энг муҳими, маҳсулотларимиз тежамкор ва экологик хавфсиз…
Бугунги кунда корхонада 30 нафарга яқин маҳаллий аҳоли доимий иш билан банд. Улар орасида юқори малакали электропайвандчилар, муҳандислар ва электроника мутахассислари мавжуд.
Корхона кунига 15 тагача инновацион қозон ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу, ўз навбатида, маҳаллийлаштириш дастури ижросида муҳим аҳамият касб этмоқда. Аҳамиятлиси, маҳсулотлар нафақат ички бозор эҳтиёжларини қондирмоқда, балки Қозоғистон ва Тожикистон каби қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Барча маҳсулотларга уч йиллик сервис кафолати берилиши харидорлар ишончини қозонишга хизмат қиляпти.
Партия етакчиси тадбиркор билан суҳбатда ишлаб чиқариш ҳажми ва фаолият доирасини янада кенгайтириш, инновацион маҳсулотлар яратиш орқали янги иш ўринлари очиш муҳимлигини таъкидлаб, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини берди.
Давлат сиёсатига камарбаста тадбиркор
Қарши туманидаги саноат ҳудуди янги лойиҳалар ҳисобига йилдан-йилга кенгаймоқда. Бу ерда яқинда иш бошлаган “Билол-медик шифо” МЧЖ ҳозирда 15 нафар маҳаллий аҳолини доимий иш билан таъминлади.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қаршидаги ўрганишлари доирасида ушбу жамият фаолияти билан ҳам танишди.
– Корхонамиз тиббиёт йўналишидаги тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, – дейди жамият раиси Шоҳрух Ражабов. – Ходимларимизнинг аксарияти хотин-қизлар. Имкон қадар уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга, ойлик маошларини мунтазам ошириб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Ҳақиқатан ҳам, ходимлар учун юқори маошдан ташқари бепул иссиқ овқат ва транспорт хизмати йўлга қўйилгани эътиборга молик. Айниқса, жамоада ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг меҳнат қилаётгани тадбиркорларимиз ижтимоий ҳимоя соҳасидаги миллий сиёсатга камарбаста эканидан далолат беради. Корхонада меҳнат қилаётган ходимлар ҳам яратилган шароитдан мамнун.
– Тикувчилик йўналишида касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, – дейди Рушана Турдиева. – Маҳалламизда ушбу цех ташкил этилгач, ишга кирдим. Ҳозирда 3 миллион сўм маош оляпман. Рўзғоримга барака кирди.
Ҳудуддаги “Elpay” МЧЖнинг фаолият тури ҳам ўзига хос йўналишда – банкомат, терминал ва инфокиоск жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Саноат ва сервис бўлимларидан иборат корхона маҳсулотлари тўлов тизимларини электронлаштириш орқали аҳолига катта қулайлик яратади.
Корхона раҳбари Муҳриддин Худойқулов партиямиз етакчисига корхона фаолияти ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, жамоада пайвандчи, бўёқчи каби анъанавий касб эгаларидан тортиб, муҳандис, дастурчи, дизайнер каби замонавий мутахассисларгача ишлайди. Асосийси, махсус аппаратлар ўрнатилгандан сўнг техник хизмат марказлашган тизим орқали бошқарилади.
Партиямиз раҳбари корхонада ишлаётган ёш ходимлар, хусусан, дастурчи ва муҳандислар билан суҳбатлашди. Мулоқотда анъанавий касблар ва юқори технологик соҳа мутахассисларининг бир корхонада жамланиши маҳаллийлаштириш дастури ижроси ва сервис сифатини оширишнинг муҳим омили эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ёшларни замонавий касбларга йўналтириш, улар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Талаб ва таклиф мувозанати
Аҳоли фаровонлигини оширишда бандлик даражаси муҳим омил. Мамлакатимизда 2021 йилдан ташкил этила бошлаган “Мономарказ”лар камбағалликни қисқартириш йўналишида Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси сифатида эътироф этилмоқда.
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Қарши шаҳридаги ана шундай Касбий кўникмалар маркази фаолияти билан танишди.
Ушбу муассаса банд бўлмаган аҳолига 32 хил йўналишда, жумладан, ошпазлик, тарбиячи ёрдамчиси, тикувчилик, бухгалтерия, электромонтёрлик, автосервис каби бозор талабидаги касбларни ўргатади. Айни пайтда бу ерда 300 дан ортиқ тингловчи малакали мутахассислардан сабоқ олмоқда.
– Тингловчилар курсни якунлагач, уларга махсус сертификат тақдим этилади, – дейди марказ директори Нилуфар Назарова. – Вилоятимиздаги саноат корхоналари билан ҳам шартномаларимиз бор, амалиёт ўташ ва ишга жойлаштиришда яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Хорижда меҳнат қилиш истагида бўлганларга эса Германия, Россия каби давлатларда кафолатли ишлаш имконияти ҳам яратилган.
Марказ фаолиятидаги энг эътиборли жиҳат – инклюзивлик ва замон талабларига мослашишдир. Бу ерда дарслар электрон доскалар ва сурдотаржимон ёрдамида олиб борилади. Қолаверса, анъанавий касблар билан бир қаторда, компьютер саводхонлиги, медиа-дизайн, қуёш панеллари монтажчиси ва сунъий интеллект муҳандислиги каби замонавий касб-ҳунарлар ҳам йўлга қўйилмоқда.
Партия етакчиси айнан янги йўналишларнинг вилоят иқтисодиётидаги истиқболлари ва бундай мутахассисларга бўлган талаб билан қизиқди.
Бу бежиз эмас. Жорий йил 22 октябрь куни қабул қилинган “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, Қарши шаҳри “Ақлли шаҳар” тоифасига ўтказилиши белгиланган.
– Ушбу концепция Урганч тажрибаси асосида амалиётга жорий этилмоқда, – дея изоҳ берди Рақамли технологиялар вазирлиги ҳудудий шўъбаси бош мутахассиси Шаҳзод Шермаматов. – Махсус ситуацион марказ яратилиб, шаҳарни бир нуқтадан назорат қилиш имкони туғилади. Энди бизга сунъий интеллектни чуқур ўзлаштирган мутахассислар керак. Шу мақсадда Қарши давлат университетида сунъий интеллект лабораторияси ташкил қилинди, келгусида яна 200 нафар талабани шу йўналишда ўқитиш кўзда тутилган.
Партия етакчиси Касбий кўникмалар маркази тингловчилари билан суҳбатлашар экан, уларнинг қизиқишлари ва келгуси мақсадлари билан қизиқди ҳамда бир томондан, “Ақлли шаҳар” каби янги лойиҳалар юқори малакали мутахассисларга талабни ошираётганини, иккинчи томондан, ушбу марказ айнан шу талабга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Таҳлил, таклиф ва эътироф
“Адолат” СДП Сиёсий кенгаши раиси, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Махмудова Қашқадарё вилоятига сафари давомида партиянинг вилоят, туман-шаҳар кенгашлари раислари ва маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳам учрашув ўтказди.
Дастлаб, ҳудудий кенгашларнинг 9 ойлик фаолияти ҳамда бошланғич партия ташкилотлари иши танқидий таҳлил қилинди. Партия етакчиси аҳоли билан мулоқот орқали ҳудудлардаги ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда ҳокимлик ҳамда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
“Олдимизда 2 ой вақт қолди, йил якунида халқимиз биздан ҳисоб сўрайди, буни унутмаслигимиз керак. Қолаверса, келгуси йил бюджети учун аниқ таклифлар тайёрлашнинг айни вақти. Бир нарсани тўғри тушунишимиз керак: биз халқ вакилимиз. Давлатимиз раҳбари амалга ошираётган ислоҳотларга камарбаста бўлиб, халқ ва давлат ўртасида кўприк бўлиш – бизнинг бурчимиз. Жон куйдириб, виждонан меҳнат қилсак, ишларимизда унум ва барака бўлади”, деди Робахон Махмудова.
Шунингдек, партия ғояларини халқимиз орасида кенг ёйиш, тарғибот ишларини жадаллаштириш орқали аъзолар сафини кенгайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.
Тадбир якунида партия ғояларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишга қўшаётган намунали фаолияти учун Косон туман кенгаши депутати Қаҳрамон Султонов “Адолат” кўкрак-нишони билан тақдирланди.
Қашқадарё вилояти бўйлаб ўтказилган ўрганишлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига чуқур кириб бораётганини яққол кўрсатди. Маҳалла, тиббиёт, саноат, таълим ва бандлик соҳаларидаги ўзгаришлар аҳолининг турмуш сифатига бевосита таъсир этаётгани, рақамли технологиялар ва “Яшил энергия” лойиҳалари жойларда самарали жорий этилаётгани кузатилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар ва ёшлар учун яратилган имкониятлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилган эътибор партиянинг халқчил сиёсатини янада мустаҳкамлайди. Мулоқотлар, таҳлил ва тавсиялар “Адолат” СДПнинг жамиятдаги фаол, масъулиятли ва ташаббускор сиёсий куч эканини яна бир бор намоён этди.
