Янги Наманган туманидаги “Атанган гузар” маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан бери ечим кутаётган муаммолар оғушида яшамоқда. Шундай бўлса-да, бу масалаларга жиддий эътибор қаратиш ҳали ҳам кечикмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов нуронийлар мурожаати бўйича ушбу маҳаллага ташриф буюриб, улар билан учрашди. Суҳбат давомида оилавий поликлиника биноси, йўл ҳолати, ичимлик суви танқислиги каби масалалар кўтарилди.
Маълум бўлишича, маҳалладаги 7-Оила поликлиникаси 2009 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунга келиб 17 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Еттита патронаж бригада фаолият юритади, тўрт маҳалла қамраб олинган. Аммо афсуски, тиббий хизмат учун мўлжалланган бинонинг техник ҳолати издан чиққан.
Поликлиника сизот ариқ устига қурилгани боис, йиллар давомида ернинг чўкиши сабабли деворлар ёрилиб, хоналар қисман оғиш ҳолатига келган. Ҳатто айрим хонада фаолият юритиш хавфли деб топилган.

Ичимлик суви муаммоси эса аҳволни янада оғирлаштирган: тиббиёт ходимлари ҳар куни сувни яқин атрофдаги хонадонлардан ташиб келишга мажбур. Энг ачинарлиси, маҳалла нуронийлари ушбу муаммолар ҳақида 2012 йилдан буён мурожаат қилиб келаётган бўлсалар-да, ечим топилмаган. Ҳар йил “масала ҳал этилади” деган ваъдалар берилган, аммо натижадан дарак йўқ.
Депутат Дилмурод Исмоилов аввалги ташрифидан сўнг тегишли мутасаддилар ҳаракати билан канал устидаги ночор аҳволдаги кўприк янгиланган. Лекин канал ёқасидаги йўл торлиги туфайли аҳоли ва транспорт қатновига жиддий ноқулайлик туғдириб келмақда.

Бу сафар ҳам депутат маҳалладаги муаммоларни ўрганиб, мутасаддиларга аниқ тавсиялар берди. Аммо эндиликда масала фақат депутат ташаббуси билан эмас, масъул идораларнинг виждонли муносабати билан ҳал бўлиши шарт. Агар халқ мурожаати йиллар давомида эшитилмаган бўлса, демак, масъулият тушунчаси ҳам қоғозда қолган. Ҳар бир мурожаат ортида болалар саломатлиги, кексалар хавфсизлиги, она ҳаёти турганини унутмаслик керак.
Халқ сўзини эшитиш — хизмат эмас, бурч. Масъулиятни ҳис қилиш эса — инсоннинг инсонийлик синови.
