Мамлакатимиз тарихида 2025 йил 15 октябрь муҳим тарихий кун сифатида муҳрланди. Сабаби, дунёга нисбатан очиқлик ва бағрикенглик сиёсатини юритаётган давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилишига тамал тоши қўйилди.
Маълумки, Ўзбекистон давлати сўнгги йилларда жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига қаратиб, дунёнинг етакчи бизнесмен ва олимлари ўртасидаги самарали мулоқот учун майдон яратмоқда. Мамлакатимизда бўлиб ўтаётган кўплаб нуфузли анжуман ва конференцияларда дунёда юз бераётган глобаллашув даврида юзага келаётган масалалар бўйича ечимларга эришилмоқда.
Жорий йилнинг ўзида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий меҳмонлар сони 10 миллиондан ошди. Мамлакатимизга меҳмон бўлиб келаётган ҳар бир инсон юртимиздаги хизмат кўрсатиш сифати, мезбонларнинг дўстона муносабати, аҳоли учун яратилган қулайликлардан баҳраманд бўлмоқда.
Анча йиллар аввал биз юртимизга келаётган сайёҳлар сони бир миллионга етганида бошимиз осмонга етган эди. Эндиликда эса бу рақам ўн баробар кўпайди. Бу эса, биздан жаҳон стандартларига хос инфратузилма талабларига жавоб берувчи иншоотлар, хусусан, халқаро алоқаларни амалга оширишни таъминлайдиган транспорт коммуникацияси соҳасини тараққий эттириш заруратини келтириб чиқармоқда.
Давлатимиз раҳбари Янги Тошкент халқаро аэропортининг қурилишига бағишланган маросимда сўзга чиқиб, келгуси беш йилда авиапаркдаги ҳаво кемалари 180 тага, йўналишлар 230 тага, маҳаллий ва халқаро авиақатновлар сони эса йилига 200 мингга етказилишини белгилаб берди. Аэропорт инфратузилмасини хусусий шериклик асосида ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар изчил давом эттирилишини алоҳида таъкидлади.
– Ушбу ислоҳотларимизнинг пировард натижасида Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Дарҳақиқат, Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда барпо этиладиган Янги Тошкент халқаро аэропорти Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Incheon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилиши белгиланди. Лойиҳа 4 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда 2,5 миллиард доллар эвазига аэровокзал ҳамда аэродром қурилади. Бу билан терминаллар орқали йилига 20 миллион нафар йўловчи ва 129 минг тонна юк ўтказиш, соатига 30 та учиш-қўниш операцияларини бажариш, 14 та телескопик траплардан фойдаланиш ҳамда бир вақтнинг ўзида 62 та ҳаво кемасини сақлаш имконияти яратилади.
Янги Тошкент халқаро аэропортини бунёд этиш орқали мультимодал транспорт боғламаси ташкил этилиб, ушбу ҳудуд Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобиль йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.
Аэропорт давлат тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнайди, негаки, у миллий ва халқаро инфратузилманинг муҳим элементи бўлиб, юк ва йўловчи ташиш, иш ўринлари яратиш орқали иқтисодий ўсишни таъминлайди. Шунингдек, у давлатнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувида катта роль ўйнайди ва унинг геосиёсий таъсирини кучайтиради. Йирик замонавий аэропортлар “шаҳар ташкил этувчи” корхоналарга айланиб, халқаро конференциялар, кўргазмалар, корхоналарни ўзига жалб этади, бу эса давлатнинг халқаро муносабатлардаги аҳамияти ва таъсирини кенгайтиради.
Барпо этиладиган янги аэропорт иқтисодий жиҳатдан давлатимиз учун жозибадор бўлиб, мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтиради. Юртимизда хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, туризм соҳаларининг янада ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига улкан ҳисса қўшади.
Тарихга бир назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон Шарқ ва Ғарбни боғлаб турувчи чорраҳада жойлашган бўлиб, олис қадимиятга эга юртдир. Бу чорраҳада илму фан, маданият ва санъат соҳасида турли ахборот ва тажриба алмашинувлари юз берган. Буюк Амир Темур бобомиз эса Шарқ ва Ғарб ўртасидаги дипломатик алоқаларнинг барқарор ривожланишини кучайтирган.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг очиқ ва дўстона сиёсати туфайли Ўзбекистон ўзининг кўп асрлик дипломатик анъаналарини тиклаяпти. Дунё ҳамжамиятининг аксар мамлакатлари Ўзбекистонда олиб борилаётган жадал ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, улкан миқдордаги молиявий инвестицияларини таклиф этмоқда. Натижада Ўзбекистон бизнес учун энг жозибадор маконга айланмоқда.
Янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган халқпарвар сиёсат ва ислоҳотлар, иқтисодиётнинг очиқлиги юртимизга нисбатан ҳамкор ва хайрихоҳ бўлган хорижий инвесторларнинг келишига сабаб бўлмоқда. Йил сайин юртимиздаги ижобий ўзгаришларнинг жадаллашувига ўз ҳиссасини қўшиш ниятини билдирган хорижий ҳамкорлар сони кўпайиб бормоқда.
Бинобарин, сўнгги саккиз йил ичида Ўзбекистонда юз берган бунёдкорлик ишлари, инсон қадрининг улуғланиши борасида амалга оширилган ҳаракатлар йўлида эришилган ижобий натижалар катта бўлди.
Шу ўринда буюк соҳибқирон Амир Темурнинг: “Агар бизнинг қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, қурган биноларимизга боқинг”, деган гапини келтириш ўринлидир. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан ташаббус қилинган ушбу мега-лойиҳа келажакда мамлакатимизнинг жаҳондаги юксак обрўсига хизмат қилиб, халқимизнинг қудрати, меҳнаткашлиги, тарихий анъаналари ва заковатини ўзида ифода этган буюк меъморий обида сифатида қад ростлашига ишончимиз комил.
