Саноқли кунлардан сўнг Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўз ишини бошлайди.
Ушбу тарихий воқеа арафасида мен Ўзбекистон-ЮНЕСКО ҳамкорлигига оид асосий маълумотларни тўплашга ҳаракат қилдим ва сиз, муҳтарам ўқувчиларимга тақдим этмоқдаман.
Фурсатдан фойдаланиб, ўтган давр мобайнида икки томонлама ҳамкорлик жуда самарали бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим. ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг бой тарихий ўтмиши ва маданий меросига катта эътибор қаратган ҳолда мамлакатимиз иштирокида турли дастур ва лойиҳаларни амалга ошириб келди.
Фикримча, ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:
“Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” китоби
1992-2001 йиллар давомида ЮНЕСКО томонидан “Марказий Осиё цивилизациялари тарихи” китоби нашр этилди. Жами 6 томдан иборат мазкур нашр оламшумул воқеа бўлиб, Марказий Осиё заминида энг қадим даврдан бошлаб, то XX асргача бўлган давр тамаддунлари тарихи ўз аксини топган. Ушбу китобни нашр қилишда дунёнинг ўнлаб мамлакатлари олимлари, шу жумладан, ўзбекистонлик тарихчи ва археологлар фаол қатнашди.
ЮНЕСКО юбилей саналари
Шу пайтга қадар ЮНЕСКО раҳнамолигида Ўзбекистоннинг қадим тарихи билан боғлиқ қуйидаги юбилей саналари кенг нишонланди:
1973 йилда Aбу Райҳон Беруний (1973 й.) таваллудининг 1000 йиллиги,
1980 йилда Aбу Aли Ибн Сино таваллудининг 1000 йиллиги,
1983 йилда Мусо ал-Хоразмий таваллудининг 1200 йиллиги,
1994 йилда Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги,
1996 йилда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги,
1997 йилда Бухоро ва Хива шаҳарларининг 2500 йиллиги,
1998 йилда Имом ал-Бухорий таваллудининг 1225 йиллиги,
1998 йилда Аҳмад ал-Фаргоний таваллудининг 1200 йиллиги,
1999 йилда “Алпомиш” халқ достонининг 1000 йиллиги,
2000 йилда Камолиддин Беҳзод таваллудининг 545 йиллиги,
2001 йилда “Авесто” яратилганининг 2700 йиллиги,
2002 йилда Термез шаҳрининг 2500 йиллиги,
2002 йилда Шаҳрисабз шаҳрининг 2700 йиллиги,
2003 йилда Абдуҳолиқ Ғиждувоний таваллудининг 900 йиллиги,
2004 йилда Қарши шаҳрининг 2700 йиллиги,
2005 йилда Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги,
2006 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллиги,
2007 йилда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллиги,
2009 йилда Тошкент шаҳрининг 2200 йиллиги,
2024-2025 йилларда “Девони луғотит турк” асарининг 950 йиллиги,
2024-2025 йилларда Али Қушчи хотирасининг 550 йиллиги,
2024-2025 Ажинияз Қосибай ўғлининг 200 йиллиги.
ЮНЕСКО фестиваллари
Юртимизда қуйидаги фестиваллар ЮНЕСКО шафеълигида ўтказиб келинмоқда:
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали,
“Бойсун баҳори” фольклор фестивали,
Бахшичилик санъати фестивали,
Ҳунармандчилик фестивали,
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхати
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига Ўзбекистондаги 7 та объект киритилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
“Хивадаги Ичон қалъа мажмуаси”,
“Бухоро шаҳрининг тарихий маркази”,
“Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий маркази”,
“Самарқанд – маданиятлар чорраҳаси”,
“Ғарбий Тянь-Шань”,
“Турон чўллари”,
“Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори”.
ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхати
ЮНЕСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига ўзбек халқи номоддий маданий меросининг 15 та элементи киритилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
“Шошмақом”,
“Бойсун маданий анъаналари”,
“Катта ашула”,
“Аския – зукколик санъати”,
“Палов билан боғлиқ маданият ва анъаналар”,
“Наврўз байрамини нишонлаш анъаналари”,
“Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази: атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш”,
“Лазги”,
“Миниатюра санъати”,
“Бахшичилик”,
“Ипакчилик ва анъанавий ипак тайёрлаш санъати”,
“Хўжа Насриддин ҳақидаги анъанавий ҳикоялар”,
“Ўзбекистон кулолчилик санъати”,
“Наққошлик – иллюминация санъати”,
“Ифторлик ва унинг ижтимоий-маданий анъаналари”,
“Рубоб ясаш ва чалиш санъати” (2024 йил декабрда киритилди).
ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реестри
ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” ҳужжатли мерос реестрига Ўзбекистоннинг қуйидаги ноёб дурдоналари киритилган:
Муқаддас Усмон Қуръони,
Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами,
Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари,
Мавлоно куллиёти,
Бухоро амирлигининг Қушбеги маъмурияти архивлари тўплами.
ЮНЕСКО Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғи
ЮНЕСКО Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига Ўзбекистоннинг қуйидаги 2 та объекти киритилган:
Чотқол давлат биосфера резервати,
Қуйи Амударё давлат биосфера резервати.
ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи
ЮНЕСКО Ижодкор шаҳарлар тармоғи халқаро лойиҳасига Бухоро шаҳри киритилган. Дастур доирасида 2025 йилда Бухорода биринчи замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналеси ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда кўҳна ва боқий шаҳарда ушбу биеннале давом этмоқда.
Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти
2023 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда сунъий интеллект соҳасида одоб-ахлоқни тарғиб этиш орқали илмий мулоқотни рағбатлантириш бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилди.
Тез орада ушбу мукофот ўзининг илк соҳибларига топширилиши режалаштирилган.
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси ҳақида маълумот
2023 йилда ЮНЕСКО томонидан унинг Бош конференцияси 43-сессиясини 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш бўйича махсус резолюция қабул қилинди. Ташкилотга аъзо 194 давлат томонидан қабул қилинган тарихий қарор – бу, шубҳасиз, ҳозирги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга берилган юксак баҳодир.
Бош конференция ЮНЕСКОнинг олий органи бўлиб, унинг сессиялари ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Ташкилотнинг ўтган 80 йиллик тарихи мобайнида Бош конференция сессиялари фақатгина бир марта, яъни 1985 йил Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтган. Қолган барча сессиялар ЮНЕСКО бош қароргоҳи бўлмиш Париж шаҳрида ўтказиб келинган.
Нега Самарқандда?
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг бош қароргоҳи сифатида Самарқанд шаҳри танлаб олиниши бежиз эмас, бунда чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, ушбу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар, тамаддунлар мулоқоти маркази бўлиб келган. Бу ерда турли маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини тўлдириб, бойитиб келган.
ЮНЕСКО анжумани доирасида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, илмий-маърифий, туристик имкониятлари, унинг дунё тамаддунига қўшган оламшумул ҳиссаси дунё ҳамжамиятига намойиш этилади.
Самарқанд – халқаро конгресслар маркази
Сўнгги йилларда Самарқандда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор тадбир ва анжуманлар ўтказиб келинмоқда. Жумладан:
“Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция (2017 йил),
Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018 йил), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020 йил),
ШҲТ давлат раҳбарлари саммити (2022 йил),
Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сeссияси (2023 йил).
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси ва унинг кун тартиби
ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси тарихий воқеа ҳисобланади. Унда ЮНЕСКОга аъзо барча давлатларнинг нуфузли делегациялари иштирок этади. Бундан ташқари, ЮНЕСКО котибияти ҳам тўлиқ таркибда иштирок этади. 43-сессияси кун тартибидан қуйидаги масалалар ўрин олган:
ЮНЕСКО ташкилотининг ўрта муддатли дастурий мақсад ва вазифаларини тасдиқлаш;
ЮНЕСКОнинг 2026-2027 йилларга мўлжалланган бюджетини қабул қилиш;
ЮНЕСКО ташкил топганининг 80 йиллик юбилейини нишонлаш;
ЮНЕСКО янги Бош директори номзодини тасдиқлаш;
ЮНЕСКО ваколати доирасига кирувчи турли масалаларни кўриб чиқиш.
Тинчлик ва барқарор тараққиёт руҳидаги
“Самарқанд овози” тобора баландроқ янграйверсин!
Қодир ЖЎРАЕВ,
cиёсий фанлар доктори, профессор
