Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14-15 октябрь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида “Саноат учбурчаги” дастурини ишлаб чиқиш ҳамда вилоятнинг 5 та шаҳар ва туманларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни “шатакка олиш” тизими бўйича топшириқ берилган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йил ноябрь ойида Олмалиқ шаҳрида комбинатнинг импорт маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Саноат ярмаркасида республикадаги йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда Aнгрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Пискент ва Оҳангарон туманларида фаолият юритаётган корхона вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбир доирасида ўтказилган музокаралар давомида комбинат раҳбарияти ҳамда бош мутахассислари корхонага келтирилаётган импорт маҳсулотлар тури, техник параметрлари, йиллик талаб ҳажми ва бошқа муҳим маълумотлар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Бугунги кунда ОКМК “Саноат учбурчаги” дастури доирасида Тошкент вилоятида жойлашган бир нечта корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда. Aмалга оширилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 9 ой якунига қадар 25 та корхона “шатакка олиш” тизимига ўтказилиб, 966 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Хусусан, Оҳангарон шаҳрида жойлашган “Steel pipe company” МЧЖ ҚК ОКМКга 600 тоннага яқин 5,3 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берди. Корхона томонидан етказиб берилган маҳсулотлар комбинатнинг асосий ишлаб чиқариш объектларида ишлатилмоқда. Мазкур корхона 2018 йил ташкил этилган бўлиб, тўғри чокли электрпайвандланган пўлат қувурлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ойлик маҳсулот тайёрлаш ҳажми 2500-3000 тоннани ташкил этиб, ОКМК билан ҳамкорлик бошлангандан сўнг, ушбу кўрсаткичлар яна 50-60 тоннага ошган.
Тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантиришга хизмат қилаётган мазкур ташаббус, транспорт харажатини 20-30 фоизга, таннархни эса 5-10 фоизга камайишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, “Саноат учбурчаги” дастури доирасидаги “шатакка олиш” тизими маҳаллий корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, янги имкониятлар эшигини очиш ва мамлакатимизда барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати АЖ Aхборот хизмати,
