“Навоийазот”АЖ Ўзбекистон кимё саноатидаги йирик ва стратегик аҳамиятга эга корхоналардан бири ҳисобланади. Кўп йиллик тажриба, юқори малакали мутахассислар, замонавий технологиялар, инвестицион лойиҳалар жамиятни кимёвий маҳсулот ва минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда етакчи ўринга олиб чиқди.
Корхонамизнинг нафақат ички, балки жаҳон бозорига ҳам рақобатбардош маҳсулотлар тақдим этиши билан мамлакат иқтисодиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани қувонарли. Инновация ва доимий тараққиёт бизнинг асосий тамойилларимиздан. Жамиятимизда жорий этилган халқаро сифат стандартлари ва экологик хавфсизлик тизими ишлаб чиқариш жараёнларини самарали бошқариш имконини бермоқда. Бугун “Навоийазот” деганда фақат йирик ишлаб чиқариш қувватигина эмас, балки мамлакат саноат салоҳиятининг муҳим бўғини, замонавий кимё тармоғининг фахри тушунилади.
Бугунги кунда 9000 нафарга яқин ходим меҳнат қиладиган корхонамизда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғит ва кимёвий маҳсулотлар нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам ўз харидорларига эга. Биргина жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида корхонамиз томонидан қиймати 98 миллион 354 минг 350 долларлик карбамид, аммиакли селитра, метанол, аргон, суюқ хлор сингари маҳсулотлар экспортга йўналтирилган. Экспорт географияси ҳам кенгайиб бормоқда. Греция, Польша, Латвия, Литва, Ироқ, Эрон, Эфиопия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва бошқа давлатларда бизнинг маҳсулотларимизга бўлган талаб юқори.
«Навоийазот» АЖда мавжуд технологик қувватлар ва инфратузилма корхонанинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Замонавий ускуналар, рақамли бошқарув тизимлари ва юқори малакали мутахассислар бу жараёнда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Корхонанинг салоҳияти нафақат ишлаб чиқариш ҳажми билан, балки янги инновацион ечимлар, экологик барқарорликка бўлган эътибор ва халқаро бозордаги рақобатбардошлиги билан ҳам намоён бўлмоқда. Яқинда жамият негизида цианид тузларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди. Замонавий кўринишга эга, энг сўнгги технологиялар билан таъминланган мажмуа йилига 80 минг тонна суюқ натрий цианиди, 8000 тонна синил кислотаси, 50 минг тонна аммоний сульфати ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда қирққа яқин иш ўрни яратилган корхона босқичма-босқич тўлиқ қувватга етказилади. Мутахассислар учун барча қулайликлар яратилган мажмуада ишлаб чиқариш жараёни автоматик тарзда бошқарилади. Қўшма корхона маҳсулотлари кончилик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, ичимлик сувини зарарсизлантириш ва бошқа соҳаларда қўлланилади.
Шу ўринда барпо этилиши кутилаётган яна бир йирик инвестицион лойиҳага эътибор қаратиш лозим. Маълумки, кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида зарарли газларни самарали ажратиш ва фильтрлашда ҳавони тақсимлаш ускунасининг аҳамияти катта. Бундай лойиҳа энергия сарфи, ҳаражатларни минималлаштириш, сифат назорати, хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, технологик жараёнларни автоматлаштириш орқали юқори самарадорликка эришиш имконини беради. Германиянинг “Linde” компанияси вакиллари билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда корхона негизида барпо этиладиган ҳавони тақсимлаш ускунасини қуриш ва ишга тушириш борасида ўзаро фикр алмашдик. Меҳмонлар лойиҳанинг аҳамияти, унинг долзарблиги, ҳамкорлик истиқболлари хусусида маълумот бердилар. Қувват ишга тушиши билан йилига 200 миллион метр куб кислород, 224 миллион метр куб азот етказиб берилади ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилади.
Экологик хавфсизлик ва барқарорлик масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида. Бугунги кунда “Навоийзот”АЖ атрофи, шунингдек, Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудларига сертификатланган атмосфера ҳавоси сифатини автоматик мониторинг қилиш станцияларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадга корхона томонидан 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. “Яшил макон”, “Яшил белбоғ”ларни ташкил этиш борасидаги ишлар режадагидек кетаяпти.
Сўнгги йилларда «Навоийазот»АЖда барча йўналишларда амалга оширилаётган ишлар, лойиҳалар корхонанинг техник ва технологик салоҳиятини бир неча баробарга оширди. Бу эса уни нафақат миллий, балки минтақавий миқёсдаги етакчи кимё саноати марказларидан бирига айлантиришга қаратилган интилишимизда муҳим ўрин тутади.
