Тил бу – одамларга табиат томонидан берилган, инсонларнинг минг йиллар мобайнида ўзаро муносабатларида сайқалланиб келган шундай бир жавоҳирки, бу жавоҳирни сочиб юбориш, беҳурмат қилиш эмас, кўз қорачуғимиздек асрашимиз керак.
Абдулла Орипов
Инсоннинг юзи қандай бўлса, унинг тили ҳам шундай. Тил – миллатнинг қиёфаси, руҳи ва ориятидир. Шу боис, тилни асраш – миллатни асраш, тилни улуғлаш – ўзлигимизни улуғлаш демакдир.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз беш йилдан зиёд вақт ўтди. Ўша кунларда биргалашиб байрам қилган эдик – қалбларда ғурур, кўзларда умид чақнаган эди. Миллат руҳи уйғонган, миллий ғурур авжига чиққан эди. Бироқ йиллар ўтди, замон ўзгарди, сўзлар ҳам бошқача тус олди. Энг ачинарлиси, ўша қўлга киритилган “мақом” ҳали-ҳамон ҳақиқий ҳаётимизда тўла татбиқ этилганича йўқ.
Бугун ижтимоий тармоқ сабаб, тилимизда янгича ифода, янгича тус пайдо бўлди. “Контент”, “тренд”, “бренд”, “ивент”, “мотивация” каби сўзлар кундалик нутқимизга кириб, тилимизнинг софлигига акс таъсир қила бошлади. Янги сўзлар «меҳмон» сифатида дастлаб янги соҳаларда зарурат туфайли қўлланилди – чунки янгича воқелик янгича атамаларни талаб қиларди. Бироқ вақт ўтиши билан бу сўзлар оддий мулоқот тилига ҳам осонгина сирғалиб кириб, «сингиб» кетишга уринмоқда. Кўпчилик шундай сўзларни ишлатиб, гўё “замонавий ва билимдон” бўлиб кўринишга интилаётган бўлади.
Аммо у, афсуски, тилни аралаштириш – фикрни аралаштириш эканини ё англаб етмайди, ёки ўйлаб ҳам кўрмайди. Сўзга бегона маъно кирар экан, юракка ҳам бегона ҳис урғу беради.
Тилнинг табиий ҳолатига тажовуз қилинганда, унинг ҳиссий кучи кучсизланади. Мана шу ҳолат миллий руҳнинг сўниши ва синишидан дарак беради. Ахир халқнинг тили – унинг ички дунёси, маънавий қиёфаси эмасми?
Бугун ижтимоий тармоқлар ёшлар онгига катта таъсир кўрсатмоқда. “Пост”, “лайк”, “контент” каби сўзлар улар ҳаётнинг бир қисмига айланиб улгурган. Интернет тилидаги сунъий ифодалар ҳақиқий адабий тилни четга суриб қўймоқда. Оқибатда нутқда соддалик ва самимият ўрнини сохта “замонавийлик”, сохта «билимдонлик» эгалламоқда.
Шу билан бирга, ачинарлиси, баъзи ёшлар учун “ҳаёт фалсафаси”ни ғализ қўшиқлар, беҳаё нағмалар белгилаб бермоқда. Тўйларда орият ўрнини шовқин-сурон эгаллаган, саҳнада сўз қадрини англамаган “санъаткор”лар элнинг завқини жунбушга келтириб, виждонини фалаж қилмоқда. Бу ҳолат энди нафақат тилнинг, балки қалбнинг ҳам миллийликдан оғишига сабаб бўлмоқда. Кўчада, бозорда, жамоат жойларидаги суҳбатлар қуюшқондан чиқиб кетмоқда. “Шундай гапирмасанг, замондан орқада қоласан”, дейиш – тарбияни инкор этиш билан баробар. Омма орасида айтилаётган нотаниш, ҳаёсиз сўзлардан одам уялади, виждон чўкиб кетади.
Яна бир муаммо — ном беришдаги беэътиборлик. Шаҳар ва қишлоқ кўчаларида, дўкон ва корхоналарда “Golden Life”, “Dream House”, “Royal Kids”, “Perfect Beauty” каби ёзувлар кўпайди. Гўё ўзбек тилидаги “Орзу уйи”, “Болажонлар саройи”, “Гўзаллик олами” деган сўзлар биз учун тор келгандек. Нима учун биз ўз сўзимизнинг нафосатидан уялиш даражасига етдик?
Бундай ҳолатларни тўхтатиши ва олдини олиши керак бўлган идоралар негадир вақтни сукут сақлаш билан ўтказади. Ҳолбуки, ҳар бир ноўрин ёзув, ҳар бир бегона ном – бу тилнинг қаришига, миллатнинг маънавий қиёфасининг сўнишига хизмат қилмоқда.
Бегона сўзларнинг кўпайиши – фақат тил эмас, онгдаги ўзгариш ҳамдир. Агар миллат ўз сўзини йўқотса, ўзлигини ҳам йўқотади. Миллий ифоданинг сўниши – маънавий мустақилликнинг ҳам сўниши демакдир. Шунинг учун бугун ҳар бир ўзбек, ҳар бир маърифатли инсон тил софлиги учун ўзини дахлдор ва жавобгар, деб билиши керак.
Бегона сўзлардан фойдаланишни мутлақо рад этиш ҳам тўғри эмас. Агар янги сўз янги тушунчани ифода этса, унинг мавжудлиги фойда келтиради. Лекин агар тилда муқобили мавжуд бўлса, ундан фойдаланиш – миллий бурч сифатида баҳоланиши керак. Масалан: “ивент” – тадбир, “мотивация” – руҳланиш, “контент” – мазмун, “бренд” – ном ёки савдо белгиси, “тренд” – урф каби.
Шундай муқобиллардан фойдаланиш нафақат тилни поклайди, балки миллий ифтихорни ҳам мустаҳкамлайди.
Тил поклиги – модапарастлик эмас, маънавият масаласидир. Журналистикада, сиёсатда, таълим ва реклама соҳаларида ҳар бир атама миллий асосда яратилиши лозим. Масалан: “стартап” – “янги ташаббус”, “маркетинг” – “савдо сиёсати”, “пиар” – “жамоат билан алоқа”. Шундай ифода шаклланса, тилнинг обрўси ҳам, таъсири ҳам ошади. Чунки тилни поклаш – сўзларни ман этиш эмас, уларга миллий нафас бағишлашдир.
Миллатнинг буюклиги унинг моддий бойликларида эмас, сўзларида намоён бўлади. Сўзлар соф бўлса – тафаккур ҳам соф бўлади. Тафаккур соф бўлса – миллат ҳам юксак бўлади.
Шу сабабли, ўзбек тилини асраш – бу фақат филологларнинг иши эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Оилада, мактабда, матбуотда ва интернетда ўзбек тилида фикр юритиш – келажакни софлаштириш демакдир.
Тилни асраб, юракка қулоқ солайлик. Чунки тил – нафақат ўтмишнинг мероси, балки келажакнинг калитидир. Биз “контент” ортидан эмас, мазмун ортидан югуришимиз керак. “Тренд” эмас, таниқли бўлайлик. Чунки ўз йўлини, ўз тилини, ўз дилини асраган миллатгина тарих саҳнаси ва саҳифасидан тушиб қолмайди.
