…Қораўзаклик бу йигитнинг тарихга қизиқиши, уни билишга интилиши бежиз эмасди. Негаки, атрофдаги ҳар бир қарич ерда тарих бўй кўрсатиб, ҳар бир тепалик, вайроналар бағрида ўтмиш намоён бўлиб турган пайтда ундан узилиб яшаб бўлмасди. Шу сабабли ёш Ғайратдин тарихчи бўлишни ният қилди. Ўтган асрнинг 60-йиллари охирлари, 70-йилларнинг бошларида Қорақалпоғистон Давлат педагогика институтининг тарих-филология факультетида таълим олди. Талабалик даврида археолог, тарих фанлари доктори (кейинчаликк академик) Вадим Ягодин бошчилигида археологик қазишма ишларида қатнашди. Унинг дастлабки археологик қазишма ишлари Тахтакўпир туманидаги маҳаллий аҳоли томонидан “Қўблоннинг қалъаси” деб аталадиган Қўрғончақалъада кечди. Бу қазишма ишлари жараёнида унга омад кулиб боқди. Зардуштийлик динида улуғланган тангрилардан бири “Умай” онанинг ҳайкалчасини топиб олди. “Бу ҳайкалча менинг бахт туморимга айланди. Археология соҳасини танлашимга асос бўлди. Мени илм йўлига бошлади”, деб эслаганди олим кейинчалик. Унинг талабалик йиллари Қиётқалъа, Тупроққалъа, Жампиққалъа, Қизилқалъа каби қадимий масканларда қазишма ишлари билан ўтди.
Ўтган асрнинг 70-йилларнинг ўрталаридан 80-йилларнинг ўрталаригача фаолияти Москвада кечди. Дастлаб Москва Давлат университети “Археология” кафедраси профессори Геннадий Феодоров – Давидов бошчилигида Қуйи Волга бўйидаги Олтин Ўрда, Берка саройи, Кривая Лука яқинидаги ёдгорликларда қазишма ишларида иштирок этиб, тажриба орттирди. Кейин Россия Фанлар академияси Археология институтида профессор Галина Кругликова етакчилигидаги Қрим, Ставрополь ўлкаларидаги археологик экспедицияларда қатнашди. 1980-1983 йилларда шу институтнинг аспирантурасида таълим олади. Таълим жараёнида “Қадимги Хоразмнинг мудофаа иншоотлари” мавзусида илмий ишини бошлайди. Унинг илмий иши гарчи Хоразмнинг мудофаа иншоотлари билан боғлиқ бўлсада, мавзуни кенгроқ миқёсда олиб, қадимги ва антик даврдаги Хоразм маданияти, ўша даврдаги шаҳар ҳамда қалъалар қурилишидаги меъморий анъаналарга алоҳида эътибор қаратди. Шундай бўлиши табиий эди. Чунки олис ўтмишда воҳада барпо этилган шаҳарлар ва қалъалар, қўрғонлар мудофаа тизимига қатъий амал қилган ҳолда қурилган. Бу ҳолатни ёш археолог нафақат Қорақалпоғистон ва Хоразмда олиб борилган археологик қазишмалар жараёнида, балки Қуйи Волгабўйи регионидаги археологик экспедициялар пайтида ҳам яққол англаб етди. Негаки, Қуйи Волгабўйидаги Олтин Ўрда, Берка саройи каби шаҳарлар ва кўплаб қўрғонлар хоразмлик меъморлар ва ҳунармандлар томонидан қадимий шаҳарсозлик анъаналари асосида барпо этилган. Ана шунда ёш олимга Қуйи Волгабўйида археологик экспедицияда тажриба орттиргани қўл келди. Лекин у илмий ишини ҳимоя қилишга шошилмади.
Ғайратдин Хўжаниёзов аспирантурани тугатиб қайтгач Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тарих институтида иш бошлайди. У бу ерда В.Ягодин, М.Мамбетуллаев, Ю.Манилов, Е.Бижанов, Н.Юсупов ва бошқа археологлар билан биргаликда қадимий ёдгорликларни қазишда иштирок этади. Ўзи учун асосий йўналиш сифатида Қорақалпоғистоннинг жанубий ва ғарбий ҳудудларидаги ёдгорликларни ўрганишни, тадқиқ этишни бош мақсад қилиб олади. Ўша йилларда археология соҳасида бирор янгилик яратиш, тарихнинг бирор саҳифасини кашф қилиш осон эмасди. Чунки ўтган асрнинг 30-йилларидан бошлаб 80-йилларигача Хоразмда М.Массон, С.Толстов, Я.Ғуломов, Г.Пугаченкова, Ю.Рапопорт, В.Филимонов, М.Орлов, Е.Неразик, В.Воронина, М.Лапиров-Скобло, Н.Вактураская ва бошқа етук археологлар қазишма ишларини олиб борган, 300 дан ортиқ шаҳарлар, қалъалар, қўрғонлар ўринларини ўрганган, воҳа тарихи ҳақида маълум илмий хулосалар юзага келганди. Соҳага 80-йиллардан кириб келган археологлар олдида икки йўналишда иш олиб бориш вазифаси турарди: биринчиси, устозлар ўрганган ёдгорликларни қайтадан тадқиқ этиб, илмий янгиликлар яратиш; иккинчиси, воҳада ҳали ўрганилмаган ёдгорликларда археологик қазишма ишларини амалга ошириб, тарих ҳақиқатларини кашф этишдан иборат эди.
Ғайратдин оға ҳар икки йўналишда ҳам фаолият олиб борди. У аввал қазишма ишлари ўтказилган ва тарихий шаклланиш даври милоддан олдинги II аср ҳамда милодий аср бошларида деб баҳоланган Тупроққалъа, Жонбосқалъа, Қўйқирилганқалъа, Одамлиқалъа, Кичик ва Катта Қирққизқалъа, Думанқалъа, Қўрғоншинқалъа, Тешикқалъа каби ёдгорликларда илмий кузатишлар олиб бориб, уларнинг шаҳарсозлик ҳаёти қадимий антик даврдан бошланиб ўрта асрларга қадар давом этганлигини аниқлади. Девкесганқалъа, Жампиққалъа, Ангқақалъа, Қизилқалъа, Қаватқалъа, Аязқалъа, Шўрхон сингари қалъалар эса Хоразмнинг қадимий мудофаа иншоотлари, қўшинлар сақланган масканлари бўлганлигини фанга маълум қилди. Хиванинг 2500 йиллик тарихини аниқлашда олим ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган “Буюк Ипак йўли” халқаро экспедициясида қатнашиб, М.Мамбетуллаев, Н.Юсупов, Ш.Матрасулов каби археологлар билан биргаликда шаҳар ҳаёти, тарихи билан боғлиқ муҳим археолог обеъктларни ўргандилар ва янги маълумотларни қўлга киритдилар. Шаҳарнинг 2,5 минг йиллик ёши халқаро миқёсда тан олинди. Олим ўша йилларда, айниқса, қадимий қалъаларда шаҳарсозлик маданиятининг шаклланиши ва юксалишига алоҳида эътибор қаратди. Хоразмда шаҳарсозлик милоддан олдинги VI асрдан ва ундан ҳам олдинги даврлардан бошланганлигини исботлаб берди. Ана шу илмий кузатишлар натижаси сифатида 1996 йил Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида милоддан олдинги VI асрдан милодий IV асргача даврда “Қадимги Хоразмнинг фортификацияси” мавзусида номзодлик ишини ёқлади. Бу шунчаки илмий даража олиш учун қилинган иш эмас, юртнинг олис ўтмиш тарихига берилган муносиб баҳо эди.
Ҳар қандай археологнинг муваффақияти, аввало, археологлар харитасига тушмаган янги ёдгорликларни излаб топиш, илмий жиҳатдан тадқиқ этиб, уларни яна тарих саҳифаларига киритиши билан белгиланади. Олим бу борада ҳам ҳавас қилса арзигулик ютуқларга эришди. У Қорақалпоғистоннинг турли ҳудудларида янгидан топилган “Катта Ойбуғурқалъа”, “Бўрлиқалъа”, “Эрисқалъа”, “Оланқалъа”, “Шўрчиқалъа”, “Бўтантов”, “Порлитов”, “Қоратепа”, “Назархон”, “Қалмиққалъа”, “Тўққалъа” каби ёдгорликларда дастлабки қазишма ишларида қатнашди. Улар орасида “Оқчунгил”, “Кетмончи бобо”, “Азизлар бобо”, “Қушхона” каби археологик ёдгорликлар бевосита Ғайратдин Хўжаниёзов раҳбарлигида ўрганилди.
1995 йилда Амударёнинг қуйи оқим қисмида “Қорақалпоғистон – Австралия” халқаро археологик экспедицияси иш бошлайди. Бу экспедицияда дастлаб фақат австралиялик археологлар иштирок этган бўлсалар, кейинчалик улар сафи Франция, Ирландия, АҚШ, Рассия ва бошқа давлатлар археологлари ҳисобига кенгаяди. Оқчахонқалъада бошланган археологик қазишма ишлари географияси кенгайиб, кейинроқ Беруний туманидаги “Чўпон қирилган”, “Шоҳидлик”, “Свенд тепа”, “Тупроққалъа 2-3, Қора тепа 1-4”, “Қабанқалъа”, “Кепакли тепа”, “Жигарбанд”, “Кечирмас бобо”, “Шайх Аббос Вали”, “Сим ота” каби янги очилган ёдгорликларда давом этади. Ушбу ишларнинг барчасида Ғайратдин оға бош-қош бўлади. “Қиронтов” ёдгорликлар мажмуасида 2000 йилдан бошлаб археологик тадқиқотлар олиб боради. Натижада бу товнинг Амударёда кемалар учун маёқ вазифасини бажарганлигини ва ёдгорликдаги қабристоннинг эрамиздан олдинги II-I асрларда пайдо бўлганлигини аниқлайди. 2002 йилда Қушхонатовдаги Куйикқалъада олиб борилган қазишма ишлари давомида зардуштийлар даврига хос остодонлар топилади. Шундан кейин “Қадимги Окс дарёсининг қуйи қисмида зардуштийлар излари” деган ном остида этно-археологияга оид қазишма ишлари амалга оширилади. Бу археологик қазишмалар натижасида 60 дан ошиқ қадимий ёдгорликлардан инсон суяклари солинган остодонлар топилади.
Археолог олим қадимги Хоразмнинг мудофаа иншоотларини ўрганиш жараёнида яна бир илмий янгиликни кашф қилди. У Хоразмнинг жанубий соҳаларидан, Султон Вайс тоғ этакларидан то Орол денгизининг шимолий чегараларига қадар баландлиги 20-22 метр бўлган хабар миноралари тикланганлигини ҳам аниқлади. Бундай миноралар Аязқалъа, Бўрлиқалъа, Султонбобо, Қуёнчиқ, Хўжақул, Назархон, Қушхона, Азизлар бобо, Қиронтов, Порлитов яқинларида тикланган ва Устюрт бўйлаб давом этган. Бу миноралар тинчлик пайтида савдо карвонлари учун йўл кўрсаткичлар, маёқ вазифасини ўтаган. Уруш, низолар пайтида душманлар ҳақида маълумот берувчи хабар минораларига айланган. Эндиликда бу хабар минораларининг айримлари тарихимизнинг олис ўтмишдаги гувоҳлари сифатида авайлаб-асраб сақланмоқда.
Амударёнинг қуйи оқими ва Оролбўйи регионида Хоразмнинг қадимги ёдгорликларидан ташқари қорақалпоқ халқи томондан бунёд этилган кўплаб қалъалар, қўрғонлар, муқаддас зиёратгоҳлар мавжуд. Улар ҳам асрлар давомида тарих бағридан жой олиб, қорақалпоқ халқининг бунёдкорлик, яратувчилик фаолиятининг ифодасига айланган. Ғайратдин Хўжаниёзов 1990-1994 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси тарихий маданий ёдгорликларни сақлаш жамиятининг бошлиғи бўлиб ишлаган даврда ана шундай ёдгорликларни ҳам тарихий, ҳам этнографик, ҳам археологик жиҳатдан ўрганишга эътиборни қаратди. Натижада Қиётқалъа, Янгиқалъа, Ўринбойқалъа, Эшонқалъа, Оролбойқалъа, Эрназарқалъа, Манғитқалъа, Нукусқалъа, Оққалъа, Мўлла Пиримқалъа, Янгикент каби 36 та масканни топди ва уларни тарихий ёдгорликлар сифатида тадқиқ қилди. Қўнғирот қалъасининг қадимий чизмаси ва харитасини топиб, илмий манбаага киритди. Хўжайли ва Чимбой қалъаларнинг мудофаа деворлари бўлганлигини аниқлади.
Тарихчи олим А.Юсупов билан биргаликда Қорақалпоғистондаги 400 дан ошиқ муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳақида аниқ маълумотлар тўплади. Масалан, қорақалпоқ халқининг атоқли ижодкорлари Кунхожа Ибройим ули, Бердимурод Қарғабой ули қабрлари “Қорақум эшон” зиёратгоҳида, Жиян жиров, Оташ шоир, Аннақул шоир, Умар шоир, Бегжон шоир, Эдилбий, Абдукарим охун, Бекмурод охун мозорлари “Қабақли ота” қабристонида, XIX асрда яшаб ўтган таниқли шахслар Эрназар Олакўз қўйимгоҳи “Арба қамал” қалъасида, Эрназар полвон мозори “Миздахкон” қабристонида, Эрназар Кенегасбийнинг сўнгги маскани “Куйсириқ” манзилгоҳида эканлигини аниқладилар. Қорақалпоқ тарихчилари томонидан Эдигейнинг хотини деб эътироф этилган Оқбилак ойимнинг мақбараси Қиронтовдан топилди. Ушбу масканлар бу олимларнинг фидойи меҳнатлари, илмий изланишлари туфайли қорақалпоқ халқининг табаррук масканларига, зиёратгоҳларига айланди.
Археолог олим қадимий ёдгорликларни қазиш, ўрганиш, тарихни татбиқ этиш билан бирга аждодларимиз мероси, юртимиз ўтмиши ҳақидаги маълумотларни бугунги авлодларга етказиш учун ҳам хизмат қилди. Шу маънода Ғайратдин Хўжаниёзов кўплаб тарихий-илмий асарлар яратди. Унинг “Антик даврда Хоразм мудофаа иншоотлари ривожланиши тарихи”, “Оқчунгул – Хоразмнинг антик даврдаги ёдгорлиги”, “Қизилқалъа”, “Кичик Қирққизқалъа – Хоразмнинг антик даврдаги шаҳри”, “Тошхирмон воҳасидаги антик давр ёдгорликларини ўрганиш”, “Эресқалъа мажмуасини ўрганиш”, “Миздахкон қабристонида археологик тадқиқотлар” каби асарлари ва мақолалари “Археология” ва бошқа халқаро илмий журналларда чоп қилинди. Олимнинг “Қизилқалъа”, “Жампиққалъа” рисолалари, Ж.Ҳакимниёзов билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистоннинг ажойиб етти маскани”, “Давкесган – Вазир шаҳристони”, Ж.Ўрозимбетов билан биргаликда “Назархон”, Ғ. Наимов билан ҳам муаллифликда “Имом Эшон – қорақалпоқ халқининг атоқли уламоси”, “Қорақалпоғистондаги ёдгорлик қабристонлар”, О.Юсупов билан биргаликда “Қорақалпоғистондаги муқаддас масканлар”, Ж.Ҳакимниёзов ва Ж.Пайзуллаева билан ҳамкорликда “Бердақ даври қўрғон-қалъалари” сингари яратган китоблари нашр этилди.
“Қадимги Хоразм мудофаа иншоотлари” монографияси дастлаб Францияда инглиз тилида нашр қилинди, кейин Хоразм Маъмун академияси томонидан китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. “XVII-XIX асрларда қорақалпоқларнинг мудофаа иншоотлари, қалъаларининг пайдо бўлиши ҳақида” деб номланган асари Парижда “Ўрта Осиё дафтари” деб аталган туркумда француз тилида босмадан чиқарилди. Булардан ташқари, В.Ягодин, А.Беттс, Ф. Кидд, С.Хелмс, М.Негус каби археологлар билан ҳамкорликда “Қорақалпоғистон-Австралия” халқаро археологик экспедициясида қўлга киритилган тарихий, археологик, этнографик маълумотлар асосида ёзилган ўнлаб илмий мақолалари хорижий мамлакатларнинг турли нашрларида эълон қилинди.
Шу билан бирга Ғайратдин оға “Ўзбектелефильм” ва “Қорақалпоқфильм” студияларида суратга олинган “Амир Темур излари”, “Миздахкон”, “Олтин мерос”, “Гулдурсин”, “Оқчахонқалъа – пойтахтни излаб” каби тарихий мавзудаги ҳужжатли фильмларни яратишда илмий маслаҳатчи сифатида фаолият юритди. Буларнинг ҳаммаси юртимиз тарихини халқимизга ва дунёга танитишга хизмат қилмоқда.
Ғайратдин оға салкам 73 йил ҳаёт кечирди. Шундан ярим асрдан кўпроқ вақтини илм-фанга, археология соҳасига бағишлади. Агар археологларнинг ҳаёти ҳар йили эрта баҳордан кеч кузга қадар тарихий масканларни қазиш ва ёдгорликларни тадқиқ этиш билан ўтишини ҳисобга оладиган бўлсак, унинг салкам 40 йиллик умри уйидан четда, археологик қазишмалар жараёнида кечди. Бу айтишгагина осон холос!
– Археологларни халқаро миқёсда норасмий равишда ўтмишни уйғотувчилар, тарихга жон бағишловчилар деб айтишади. Мен жуда кўп археологлар билан дунёнинг турли нуқталарида халқаро экспедицияларда бирга ишлаганман. Фаолиятим давомида Ғайратдин Хўжаниёзов сингари юрти, халқи тарихига меҳр қўйган, аждодларини улуғловчи ва бу муҳаббатини ҳар дақиқада намоён қилиб турувчи, ўз ишига фидойи археологни камдан-кам учратганман. У халқининг, Ўзбекистоннинг тирик тарихи эди. Мен бунга чорак асрдан ошиқ вақт давомида “Қорақалпоғистон – Австралия” халқаро экспедициясида ҳамкор бўлиб ишлаш жараёнида тўла ишонч ҳосил қилдим. Бундай олимнинг номи ўчмайди, – деган эди австралиялик археолог олима Алисон Беттс.
Ҳаётда қаҳрамонлик, мардлик, шижоат ҳақида сўз борса, кўпчиликнинг кўз олдига Ватан озодлиги учун курашган, халқ бахт-саодати учун жонини бағишлаган ва бошқаларга ибрат кўрсатган фидойи инсонлар келади. Улар, шубҳасиз, қаҳрамонлар ҳисобланади. Шундай экан, эндиликда юрт ва миллат тарихини тиклаш, аждодларнинг асрлар давомида қилган улуғвор ишларини авлодлар кўз ўнгида намоён қилиш, тарих ҳақиқатларини очиб бериш учун умрини бахшида этаётган замондошларимиз фаолияти ҳам шижоаат ва мардлик намунаси эмасми? Албатта, шундай! Шу маънода Ғайратдин Хўжаниёзовнинг археология соҳасида қилган ишлари ҳам юртга, элга фидойилик намунасидир. Шунинг учун ҳам у давлатимиз томонидан “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланди. Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби сифатида улуғланди. Республика Жўқорғи Кенгеси депутати бўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзоси қилиб сайланди. Юртимиз тарихини тиклашда улуғвор ишларни амалга оширди. Халқ учун, Ватан учун ҳаётини бағишлаган фидойи инсон ва олим номи унутилмайди.
Камол Матёқубов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист