Оиламиз сариштаси бўлган хотин-қизларни онкологик хасталик тугул, енгил дардга чалинишини ҳам тасаввур этиш қийин. Чунки соғлом аёл — соғлом авлод, соғлом оила ва жамиятнинг асоси. Шу боис, уларнинг саломатлигини асраш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этади. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини юксалтириш эса “Адолат” СДП учун устувор вазифалардан. Шу мақсадда жойларда жамоатчиликни соғлом ҳаёт кечиришга чорловчи турли акциялар, спорт мусобақалари ва маърифий тадбирлар ташкил этиб келинади. “Эрта аниқла — ҳаётни сақла!” шиори остидаги акция ҳам бунинг мантиқий давомидир.

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ. Партия ҳудудий кенгаши томонидан Андижон давлат тиббиёт институтида ўтказилган саломатлик тадбири жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизларни ўз саломатлигига эътиборли бўлишга ундади. Тадбир иштирокчилари дастлаб “Саломатлик йўлида 5000 қадам” шиори остида пиёда юриш марафонида қатнашиб, организмни чиниқтирувчи енгил жисмоний машқларни бажаришди. Шу орқали ҳар бир иштирокчи спорт ва ҳаракат фаолиятининг ҳаёт сифатига ижобий таъсирини амалда ҳис этди. “Соғлом ҳаёт – узоқ умр гарови” мавзусида давра суҳбати ўтказилиб, мутахассислар соғлом турмушнинг амалий қоидалари ва фаоллик аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар.
– Хотин-қизлар соғлом бўлса, жамият келажаги барқарор бўлади, – дейди “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Малоҳатхон Мусаева. – Партиямиз ушбу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда. Меҳнат жамоалари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган спорт тадбирлари жамоатчиликда қизиқиш уйғотяпти. Айниқса, эрталабки жисмоний фаолликни оммалаштириш орқали аҳоли соғлом ҳаёт тарзи юзага келмоқда.

Ҳа, ушбу ташаббус нафақат партия аъзолари, балки соғлом яшашни истаган фуқаролар томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбирда сўз олганлар таъкидлаганидек, бугунги кунда кўкрак бези саратони дунё ҳамжамиятини чуқур ташвишга солиб, кўплаб аёлларнинг бевақт ўлимига сабаб бўлмоқда. Боиси, бу касаллик, аксарият ҳолларда кеч аниқланади. Чунки унинг белгиларига етарлича аҳамият берилмайди, айнан шу жиҳати билан ҳам у хавфли. Талаба-қизларга «Эрта аниқла – ҳаётни сақла” мавзусида тайёрланган буклетлар тарқатилди. Улар тарқатма материаллар билан оилаларга кириб бориб, фуқароларга касаллик юзасидан тушунча берадилар. Соғлом бўлиш учун соғлом ҳаёт кечириш зарурлиги ҳамда тиббий маданият хусусида жамоатчиликнинг тиббий саводхонлигини оширадилар.
БУХОРО ВИЛОЯТИ. Тадбир Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро вилоят филиали ҳамкорлигида амалга оширилди. Унда филиал шифокорлари туман-шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларда бўлиб, юзлаб аёлларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишди. Саратоннинг дастлабки белгиларини аниқлаш ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишди. Тадбир доирасида шифокорлар томонидан кўкрак бези саратонинг хавф омиллари, илк белгилари, унинг олдини олиш ва даволаш усуллари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

– Одатда шифокорга боришни орқага сураверардим, – дейди Бухоро шаҳрида яшовчи Меҳрибон Қурбонова. – Вақт йўқлигини баҳона қилардим. Лекин бу акция менга соғлиғим ҳақида чуқурроқ ўйлашим зарурлигини эслатди. “Адолат” партиясига раҳмат, бепул кўрик орқали аёлларга ўзини қадрлашни ўргатишди. Албатта, соғлик – бу бизга берилган энг катта неъмат. Унга бефарқ бўлмаслик, репродуктив ўзгаришларни сезсак, шифокорга мурожааат қилишни кечиктирмаслик зарурлигилигини билиб олдик.
– Онам кўкрак бези саратонидан азият чеккан, – дейди когонлик Зулайҳо Тошпўлатова. – Шу боис бу касаллик менга бегона эмас. Ушбу акция орқали кўп фойдали билимларга эга бўлдим. “Адолат” СДП ташаббуси, саъй-ҳаракатлари туфайли кўплаб аёллар ўз саломатлигига эътиборли бўлишни бошлагани эътирофга лойиқ. Шубҳасиз, бу каби ижтимоий ташаббуслар орқали нафақат касалликларнинг олди олинади, балки тиббий маданият, соғлом турмуш тарзи ва аёлларнинг ўз соғлиғига масъулиятли муносабати шаклланади.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ. Жисмимизда касалликнинг илк аломатлари кузатилса, кўп ҳолда “ўтиб кетади”, “яхшиман-ку”, дея саломатлигимизга юзаки муносабатда бўламиз. Аммо айнан шу бефарқлик кўпинча кеч маълум бўладиган фожиаларнинг бош сабабига айланади. Кўкрак бези саратони ҳам шундай. Вақтида аниқланмаса, жиддий хавф туғдиради. Минг афсуски, ҳар йили минглаб аёллар ушбу хасталик туфайли оғир синовларни бошдан кечирмоқда. Шундан келиб чиқиб, соғлом турмуш тарзини янада кенг тарғиб этиш, аёллар ўртасида тиббий маданиятни ошириш ва онкологик касалликларни эрта аниқлашнинг аҳамиятини тушунтириш мақсадида “Адолат” СДП томонидан мамлакат бўйлаб “Эрта аниқла – ҳаётни сақла!” шиори остида маърифий ва профилактик акциялар ташкил этилмоқда.

Наманганда ҳам бу борадаги тарғибот изчилликда олиб бориляпти. Хусусан, халқ депутатлари Давлатобод туман Кенгаши депутати Тоҳиржон Бойдедаев ташаббуси билан 1-сонли марказий шифохонада соҳа мутахассислари ва аҳоли иштирокида профилактик суҳбат ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар аёллар соғлигини муҳофаза қилиш, кўкрак бези саратонининг олдини олиш, эрта ташхис аҳамияти ва мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш зарурлиги ҳақида атрофлича сўз юритишди. Шунингдек, йиғилганларни аҳоли ўртасидаги нотўғри қарашлар ва асоссиз қўрқувларни йўқотиш, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини кучайтиришга чақирди. Партиянинг “Аёллар қаноти” раиси Фароғатхон Абдуллаева эса “Олчин” маҳалласи хотин-қизлари билан учрашиб, саратонни эрта аниқлаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш бўйича фикр алмашди.
Бундан ташқари, акция доирасида тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиникада партия вилоят кенгаши ташаббуси билан давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, онколог Хурсаной Маърупова, шифокорлар Нурмуҳаммад Холиқов ва Абдусамад Пўлатовлар сўзга чиқишди. Учрашув давомида йиғилганларга кўкрак бези саратонининг келиб чиқиш сабаблари, дастлабки белгилари ва самарали даволаш имкониятлари ҳақида илмий асосланган маълумотлар тақдим қилинди.
НАВОИЙ ВИЛОЯТИ. “Эрта аниқла – ҳаётни сақла!” шиори остидаги тадбир Навоий давлат университети Мактагача ва мактаб таълими факультетида “Адолат” СДП вилоят кенгаши ташаббуси билан Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази филиали ҳамкорлигида ўтказилди. Дастлаб партиянинг вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Абдуваҳоб Садиров сўзга чиқиб, республика бўйлаб изчиллик билан амалга оширилаётган ташаббуснинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди, жамиятда онкологик хасталикларга қарши курашишда фуқаролар хабардорлигини ошириш муҳим эканини таъкидлаб ўтди. Марказ филиали шифокори Шаҳноза Аҳмедова эса вилоятда амалга оширилаётган профилактик ишлар, кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони бўйича олиб борилаётган скрининглар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Бугун жамият саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, онкологик касалликларнинг олдини олиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Абдуваҳоб Садиров. – Шу нуқтаи назардан, мазкур тадбир нафақат тиббий жиҳатдан, балки аҳолининг соғлом ҳаёт тарзини шакллантиришга хизмат қиладиган маънавий тарғибот вазифасини ҳам ўтаяпти. “Эрта аниқла — ҳаётни сақла!” акциясига партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари масъуллари ҳамда маҳаллий поликлиникалардаги маммолог мутахассисларни жалб қилдик. Бу билан жамиятда ҳар бир аёлнинг ўз соғлиғига бефарқ бўлмаслик, ўз вақтида текширувдан ўтиш маданиятини шакллантиришни мақсад қилганмиз.
Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Аҳолини онкологик касалликлардан муҳофаза қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу йўналишда муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Навоий вилоятида ҳам 45–65 ёшли хотин-қизларни кўкрак бези саратони бўйича скринингдан ўтказиш ишлари кўлами кенгайди. Жумладан, жорий йилда 92 минг 898 нафар аёлни қамраб олиш режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар 58 минг 512 нафар хотин-қиз кўрикка жалб қилинди. Уларнинг 51 нафарида касалликнинг илк босқичи аниқланди ва улар соғломлаштириш дастурларига жалб этилди. Бу рақамлар тиббий хизматнинг самарадорлигидан далолат беради.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ. Онкологик касалликлар, хусусан, кўкрак бези саратони бугунги кунда дунё бўйича ҳар тўртта аёлдан бирига хавф солаётган жиддий тиббий муаммодир. Мутахассислар таъкидлашича, бу касалликнинг асосий хавф омиллари ирсийлик, гормонал бузилишлар, стресс, нотўғри овқатланиш, камҳаракатлик ва экологик омиллар билан боғлиқ. Энг ачинарлиси, кўп ҳолларда аёллар бу хасталикнинг илк белгиларига эътиборсиз бўлиб, шифокорга кеч мурожаат қилади. Натижада даво имконияти пасаяди. Шу боис “Адолат” СДП томонидан 15 октябрь – Бутунжаҳон кўкрак бези саратонига қарши кураш куни муносабати билан республика бўйлаб “Эрта аниқла – ҳаётни сақла” акцияси доирасида маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири партиянинг Арнасой туман кенгаши ташаббуси билан туман политехникумида ўтказилди. Давра суҳбатида партия фаоллари, тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар ҳамда талаба-қизлар иштирок этди. Тадбир давомида шифокорлар иштирокчиларга кўкрак бези саратонининг илк белгилари – репродуктив ўзгаришлар, оғриқсиз шишлар пайдо бўлиши ҳақида маълумот беришди.
– Бу каби тадбирлар аёллар соғлиғини асраш, онкологик касалликлар хавфини камайтириш ва жамоатчиликда тиббий онгни оширишга хизмат қилади, – дейди политехникумнинг 1-курс талабаси Маржона Норбўтаева. – Суҳбатда мен саратон ҳақида жуда кўп янги маълумот олдим. Энди мен нафақат ўзим, балки яқинларимга ҳам мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш кераклигини айтаман. Тадбирда, шунингдек, саратоннинг олдини олишда ҳаёт тарзи, овқатланиш маданияти, стресс ва муаммоларга муносабат каби омилларнинг аҳамияти ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Биз эса шифокорларга ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, ўзаро мулоқот жараёнида соғлом турмуш тарзи ҳақида кўплаб фойдали маълумотларга эга бўлдик.
САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ. Халқимизда “саратоннинг давоси йўқ” деган азалий қараш бор. Бироқ замонавий тиббиёт амалиёти бу фикрнинг мутлақо нотўғри эканини исботлаган. Яъни, кўкрак бези саратони каби оғир касалликларнинг олдини олиш ёки уларни эрта босқичда аниқлаш имконияти инсон ҳаётини сақлаб қолишнинг энг муҳим омилидир. Афсуски, тиббий маданиятнинг етишмаслиги ва ўз соғлиғига нисбатан беэътиборлик бугунги кунда ҳам жуда кўп ҳолатларда салбий оқибатларга олиб келмоқда. Шу муносабат билан халқаро кўкрак бези саратонига қарши курашиш куни доирасида Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида кенг кўламли профилактик ва маърифий тадбирлар ташкил этилди.
Уларнинг барчаси аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида саратонни эрта аниқлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тиббий маданиятни оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Жумладан, Нарпай туманидаги тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Шавкат Дўланов ташаббуси билан ўтказилган тадбирда асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган аҳоли қатлами қамраб олинди. Тадбир доирасида бепул тиббий кўрик ташкил этилиб, аёллар соғлиғи билан боғлиқ масалаларда тушунтиришлар берилди. Бу фаолият нафақат касалликни эрта аниқлаш, балки соғлом турмуш тарзига бўлган муносабатни қайта шакллантиришга ҳам хизмат қилди. Иштихон туманидаги “Азамат” оилавий поликлиникасидаги тарғиботда эса саратон касаллигининг олдини олиш ва аёлларни мунтазам тиббий кўрикдан ўтишга чақириш мақсад қилинди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Муталлиб Раҳимов ва Манзура Умирова, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси мутахассислари иштихонлик аёллар саломатлигини муҳофаза қилишда профилактиканинг ролини алоҳида таъкидладилар. Самарқанд туман кенгаши раиси Зуҳра Қуддусова ташаббуси билан ўтказилган бепул тиббий кўрикда эса 50 нафардан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Пастдарғом тумани марказий поликлиникасида ҳам партия туман кенгаши ва тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида тиббий кўрик ўтказилди. Унда саратонни эрта босқичда аниқлаш усуллари, ўзини мустақил текшириш ва соғлом турмуш тарзи ҳақида амалий тавсиялар берилди.
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ. Кўкрак бези саратони бугунги кунда дунё бўйлаб хотин-қизлар саломатлигига таҳдид солаётган энг жиддий касалликлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили миллионлаб аёллар ушбу касалликка чалиниб, уларнинг кўп қисми кеч ташхис қўйилгани сабабли ҳаёт билан видолашмоқда. Шу сабабли партиямиз ташаббуси билан мамлакатнинг барча ҳудудларида “Эрта аниқла — ҳаётни сақла!” шиори остида ижтимоий акциялар Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар кенгашлари томонидан ташкил этилди.
– Бундай тадбирлар нафақат тиббий аҳамият касб этади, балки жамиятда онкологик хабардорликни ошириш, аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилади,– дейди “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти кенгаши раиси Рустам Ҳамроев. – Партиямиз бу каби амалий лойиҳалар орқали профилактика маданиятини кучайтириш, аҳолини ўз соғлиғи учун масъулиятни ҳис этишга ундашни мақсад қилган. Акция доирасида тиббий кўриклар билан бир қаторда аҳолига соғлом овқатланиш, мунтазам ҳаракат фаолияти ва ўз вақтида тиббий текширувдан ўтишнинг аҳамияти ҳақида тарғибот ишлари ҳам олиб борилди. Вилоятимизда акция тадбирлари барча туман ва шаҳарларда изчил давом этади.
Тадбир вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси, Сурхондарё вилояти перинатал маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Термиз филиали билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Бундай тадбирлар юртимизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ўтказилмоқда.
Вилоят кенгашлари матбуот хизмати хабарлари асосида Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ тайёрлади.