Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглигини таъминлаш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Айни шу мақсадда, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд заминида муҳим амалий тадбир – “Адолатчи аёллар” қанотининг Каттақўрғон шаҳар кенгаши эришган илғор тажрибани оммалаштиришга бағишланган республика амалий семинари ташкил этилди.
Тадбирнинг нуфузи ва аҳамиятини унда партиянинг юқори даражадаги вакиллари – Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Озода Парпибоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг фаол аъзолари Нодира Жанибекова, Гулнорахон Абдувоҳидова, Манзура Салимова ҳамда мезбон сифатида Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова иштирок этгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Семинар мамлакатнинг турли ҳудудларидаги партия фаоллари, айниқса, кўп минг сонли партия аъзолари сафидаги аёл-қизлар учун ўзига хос тажриба майдонига айланди. Унда Тошкент шаҳри, Жиззах, Бухоро ва Навоий вилоятларидан ташриф буюрган илғор аёллар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини кучайтириш борасида самарқандлик сафдошлари билан тажриба алмашдилар.
Семинар аввалида Каттақўрғон шаҳридаги “Адолатчи аёллар” қанотининг фаолиятига оид тақдимот намойиш этилди. Унда келтирилган рақамлар ва таҳлиллар шаҳарда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилганидан далолат беради.
Қайд этилишича, 96 минг нафар аҳолига эга шаҳарда партия аъзоларининг сони 7 минг нафарни ташкил этади. Эътиборли жиҳати, уларнинг қарийб ярми – 3 минг нафари хотин-қизлар. Бу, ўз навбатида, шаҳар аёлларининг сиёсий жараёнларга юқори даражада жалб этилганини кўрсатади. Яна бир эътиборли жиҳати, бугунги кунда каттақўрғонлик аёлларнинг 366 нафари турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Тақдимотда оилавий ажримлар, эрта ва норасмий никоҳлар каби ижтимоий иллатларнинг олдини олиш, аёллар тадбиркорлиги ва ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш борасида эришилган ижобий натижалар алоҳида таъкидланди.
Партия Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Озода Парпибаева ўз нутқида бугунги кун фаол аёл-қизларини тарихдаги миллатимизнинг маърифатпарвар момоларига қиёслади:
– Ўтган аср бошида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Ҳожи Муин каби жадид боболаримиз қаторида миллат хотин-қизларининг саводхонлиги ва озодлиги учун курашган аёл муаллималар – жадид момоларимиз ҳам фаолият юритган. Уларнинг энг ёрқин намояндаларидан бири, шоира ва маърифатпарвар Саломат Парда қизи Мутриба айнан Каттақўрғон фарзанди эди. Демоқчиманки, бу шаҳар, муаззам Самарқанднинг бир бўлаги сифатида, азалдан илм-маърифат ва юксак маданият ўчоғи бўлган. Бугун ушбу тадбирда иштирок этаётган сиз, азизларни ана ўша фидойи момоларимизнинг муносиб авлодлари деб биламиз ва сизлар билан фахрланамиз.
Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова аёл раҳбар сифатида хотин-қизлар муаммоларини чуқур ҳис этиш бугун ҳар бир раҳбарнинг устувор вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлаб, шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўз юритди:
– Аёл раҳбар сифатида, биринчи навбатда, хотин-қизларнинг дардини ҳис қилиш, айниқса, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳ бекаларини тинглаш ва уларнинг муаммоларини биргаликда ечиш масъуллар зиммасига улкан масъулият юклайди. Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги туфайли шаҳримиз бугун улкан бунёдкорлик майдонига айланган. Сўнгги 2-3 йилда 20 та янги маҳалла идораси, 9 та хусусий МТТ ва 4 та мактаб биноси қурилди, 19 та таълим муассасаси реконструкция қилинди. Собиқ касб-ҳунар коллежи негизида ташкил этилган 2 минг ўринли туманлараро касб-ҳунарга ўқитиш маркази эса кўплаб оилали аёллар ва имконияти чекланган фуқароларга 30 дан ортиқ замонавий касбларни эгаллаш имконини берди.
Дарҳақиқат, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Каттақўрғон тажрибаси ўзининг серқирралиги билан ажралиб туради. Оғир вазиятга тушиб қолган аёллар учун “Навбаҳор” маҳалласида ташкил этилган “Меҳр уйи” ёки “Ермачит” ва “Яккабоғ” маҳаллаларида барпо этилган ижтимоий уйларда 70 га яқин муҳтож оиланинг бошпана билан таъминлангани бунинг яққол исботидир.
Қонунчилик палатаси депутати, “Адолатчи аёллар” қаноти Республика Кенгаши раиси Нодира Жанибекова оилалар мустаҳкамлигини сақлаш борасидаги ютуқларга алоҳида тўхталди:
– Оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, ажримлар сонини камайтириш бўйича каттақўрғонлик фаолларимиз эришаётган натижалар юқори эътирофга лойиқ. Бу ерда партиядошларимиз томонидан “Оқила аёллар ҳаракати”, “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш гуруҳлари” каби жамоатчилик тузилмалари билан ҳамкорлик самарали йўлга қўйилган. Натижада ҳар чоракда ажрим ёқасига келиб қолган 20-25 та оилани яраштиришга эришилаётгани катта ютуқдир. Бу нафақат статистика, балки сақлаб қолинган тақдирлар, ота-она меҳридан жудо бўлмаган фарзандлар демакдир.
Семинар якунида партия ташаббусларини амалга оширишда фидойилик кўрсатаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар “Адолат” кўкрак нишони, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, “Адолат” СДП ғояларини қўллаб-қувватлаган ва партия сафига кириш истагини билдирган 20 нафар ташаббускор хотин-қиз тантанали равишда партия аъзолигига қабул қилинди.
Мухтасар айтганда, тадбир шунчаки ҳисобот ва маърузалардан иборат бўлиб қолмай, чинакам амалий мулоқот майдонига айланди.
Иштирокчилар Каттақўрғон тажрибасини республика миқёсида кенг оммалаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси ва келгусидаги вазифаларни белгилаб олдилар. Бу эса, ўз навбатида, ушбу ижобий тажриба тез орада мамлакат миқёсида ўз самарасини беришига замин яратади.
Ишчи гуруҳимизнинг республика амалий семинаридаги иштироки фақатгина назарий муҳокамалар ва тақдимотлар билан чекланиб қолмади. Тадбирнинг иккинчи, амалий қисмида фаолларимиз шаҳарда ижтимоий соҳада йўлга қўйилган бир қатор муҳим лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан бевосита танишдилар.
Тадбир иштирокчиларининг навбатдаги манзили Каттақўрғон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси бўлди. Бу ерда аҳоли, айниқса, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган “Эрта аниқла — ҳаётни сақла” шиори остида ўтказилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўрик акциясининг бориши ўрганилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари ушбу хайрли ташаббуснинг аҳамияти, касалликларни, хусусан, онкологик хасталикларни эрта босқичда аниқлаш орқали минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини таъкидладилар. Улар поликлиникада яратилган шароитлар, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан танишиб, шифокорлар ва тиббий кўрикдан ўтаётган аёллар билан суҳбатлашдилар. Бу каби ижтимоий акциялар «Адолат» СДПнинг асосий тамойилларидан бири бўлган аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ғоясига тўла мос келиши алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг семинар делегатлари Каттақўрғон шаҳридаги Самарқанд педагогика техникумида бўлиб, таълим соҳасидаги янгича ёндашувлар билан танишдилар. Бу ерда улар назарий билимларни ишлаб чиқариш амалиёти билан уйғунлаштирган ҳолда касб-ҳунар эгаллаётган ёшлар билан мулоқот қилдилар.
Учрашув давомида дуал таълим шаклининг афзалликлари, ёшларнинг танлаган касблари, келажакдаги режалари ва бу борада уларни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинди.
Партия вакиллари ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқини, ўз касбининг устаси бўлишга интилаётганини юқори баҳолаб, уларнинг ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдирдилар. Ушбу учрашув ёш мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш масалалари партиянинг доимий диққат марказида эканини яна бир бор намоён этди.
Орифжон ОДИЛОВ,
“Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими.
