Аслида, “Ура, таржимамиз нашриётдан чиқди!”, деб севинишимиз керак ва севинамиз ҳам. Лекин…
Жорж Оруэлнинг “1984” асари янги нашриётда энди лотин имлосида босилиб чиқибди. Уч ой олдин босишга рухсат этилган экан. Лекин бугунгача на шартнома имзоланди, на қалам ҳақи тўланди. Тираж босилиб, сотилиб ҳам кетибди. Яна ичига: “Ушбу китобнинг муаллифлик ҳуқуқи бизнинг корхонага тегишли бўлиб, рухсатимизсиз китобни электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади”, деб ёзиб қўйишибди. Ёзсам, шартнома имзолаймиз, ҳақ ҳам тўлаймиз, дейишди. Эрталаб кириб “шартнома чиқариб қўйинглар, ўқиймиз, шартлари мақбул бўлса, имзолаймиз” деб кетдим, тушликка яқин келсам, йўқ. Икки соатча кутдим, “шартнома қиладиган йигит чет элда, келади, имзолаймиз” дейишяпти. Шартномалар стандарт, исталган компьютерда турибди, принтердан чиқарса, кифоя эди.
Лекин шу таржима ноширчилигида ғалати ишлар бўляпти. Бу Адлия вазирлигидаги Интеллектуал мулк агентлиги эътибор қаратадиган ҳодиса. Таржима китобларининг аввал ортига, энди бошидан бир нарсани ёза бошлашди: “Ушбу китобнинг муаллифлик ҳуқуқи «Asaxiy Books» лойиҳасига тегишли бўлиб, «Asaxiy Books» рухсатисиз китобни электрон, аудио, видео ёки бошқа ҳар қандай шаклда тарқатиш Ўзбекистон Республикаси қонунларига биноан тақиқланади”.
Интеллектуал мулк ҳуқуқи ҳақидаги қатор китобларнинг муаллифи ўлароқ айтай, муаллифлик ҳуқуқи ижодкорга – шахсга тегишли бўлади ва ҳеч қачон юридик шахсга тегишли бўла олмайди. Асарнинг муаллифлик ҳуқуқи – муаллифга, таржима матнининг муаллифлик ҳуқуқи – таржимонга тегишлидир.
Муаллифлик ҳуқуқининг ўнта таркибий қисми бор – тўрттаси номулкий ҳуқуқ, олтитаси – мулкий ҳуқуқ. Асарга бўлган ҳуқуқ – муаллиф ҳуқуқидир, яъни “1984” Жорж Оруэлнинг асаридир. “Ўткан кунлар” Абдулла Қодирийнинг асари ва минг йилдан кейин ҳам Абдулла Қодирийникидир. Иккинчиси – номга бўлган ҳуқуқ, яъни Абдулла Қодирийнинг асари номи “Ўткан кунлар”дир, ҳеч ким уни “Кечаги кунлар”, “Мозий кунлари” деб таҳрир қила олмайди. Учинчи ҳуқуқ – асарнинг яхлитлигига бўлган ҳуқуқ, яъни ҳеч ким асардан бирор жойини олиб ташлаши ёки ўзидан қўшиши мумкин эмас, бунинг учун тирик бўлса, муаллифнинг розилиги керак, ўтган бўлса аслича чиқиши шарт. Агар таҳрир қилинса, асарнинг муаллифлик ҳуқуқи таҳрирчига ўтиб қолмайди. Тўртинчиси, асар ҳосилаларига бўлган ҳуқуқ – унинг асосида кино, спектакль, мультфильм ишланса ҳам асар муаллифи тилга олинади, тирик бўлса, рухсати олинади. Булар номоддий ҳуқуқлардир.
Муаллифлик ҳуқуқининг иккинчи қисми – унинг тасарруфига оид, яъни асар асосида китоб чиқарилганда уни нашр этишга рухсат бериш, ундан қалам ҳақи олиш тўла равишда муаллифнинг шартномаси асосида амалга оширилади. Бунда бир мартагами, муайян муддатгами – уч йил, беш йил, шартнома шартларида тиражи ҳам, муаллифнинг бошқа ноширларга нашр учун рухсат бериш-бермаслиги ҳам, қайта нашрлари ва ададлар қалам ҳақлари ҳам кўрсатилиши шарт.
Энди тасаввур қилинг – китоб таржимоннинг рухсатисиз, шартномасиз, қалам ҳақисиз етти-саккиз қайта нашр қилинса, бу қонунчиликнинг кескин бузилиши эмасми?!
Мурожаат қилсангиз: “Биз таржимани таҳрир қилганмиз ва ўз таҳриримиздаги матнга муаллифлик ҳуқуқимиз бор”, дейишяпти. Аввал айтганимдай, бу курраи заминда шу пайтгача таҳрир қилган таҳрирчига ёки унинг фирмасига муаллифлик ҳуқуқи ўтиб кетгани фақат Ўзбекистонда бўлса керак! Демак, газетада мақоланг чиқса, муаллифлик ҳуқуқи газетага ўтиб кетадими! Бир йил, икки йил Достоевскийнинг асарини таржима қилган Иброҳим Ғофуровнинг китоби нашриётда чиқса, энди муаллифлик ҳуқуқи ноширларда бўладими, таҳрир қилгани учун?!
Мен энди ўн йиллар давомида ё умрбод асаримни “электрон, аудио, видео ёки бошка хар кандай шаклда” чиқариш, тарқатиш ҳуқуқимни йўқотдимми?!
Бу саволни берсам, сиз таржимангизни исталган ерга биринчи кундан беришингиз мумкин, дейишяпти. Лекин агар берсангиз, биз асарни яна бошқа таржимонга бериб ё гугл-таржимонга солиб, таҳрир қилиб янги таржимада чиқарамиз, деган пўписалар пайдо бўлди.
Шу ерда яна бир “ўзбекча муаллифлик ҳуқуқи феномени” пайдо бўляпти. Таржимон ҳам ҳар куни туғилавермаслиги, бу ҳам заковат меваси эканини инкор қилишяпти. Қодир Мирмуҳамедовнинг фарзандлари оталарининг асарига қалам ҳақи сўраса, агар рухсат бермасаларинг, бошқа таржимонга бериб қайта чиқарамиз дейишибди. Қодир ака Гомернинг “Илиада”си, Бокаччонинг “Декамерон”и, Булгаков романларини таржима қилган одам. Эртага бугун Достоевскийни уч йил таржима қилиб бир миллион сўм олдим деган Иброҳим Ғофуров ҳақ сўраса, ноширлар Достоевскийнинг гугл-таржимон вариантини “таҳрир” қилиб, муаллифлик ҳуқуқини оладими?!
Менга ҳам шу каби пўписа бўлди: “Агар таржимангиз бошқа ерда чиқса, асарни бошқа таржимонга қилдириб чиқарамиз!” деган. Шу ерда бир сирни айтай: масалан, Жорж Оруэлнинг “Молхона” асари аввал – ўн йиллар олдин ҳам таржима қилинган ва ўқувчиларга ҳавола этилган экан, лекин уни на адабиётшунослар, на жамоатчилик унчалик сезмади. Мен ҳам “Молхона” менинг таржимамда чиққанини илк бор деб ёзганимда, олдинги таржимон бу асарни “Ҳайвонлар фермасининг ажойиботлари” номи остида журналда босилганини айтди. Излаб кўрдим, ҳақиқатдан… “1984” асарини ҳам мендан уч йил сўнг таржима қилиб, чиқариб кўришди. У ҳам оммалашмади, шекилли. Шунинг учун нокамтарлик бўлса-да, айтаман: таржимон ҳам ноёб ҳодисадир. Бошқа таржимон қилса-ю, саксон-тўқсон фоиз сеникига ўхшаса, кўчирмакашликдир, унга жиноий жазо мавжуд.
“1984”ни янги чиқарган ноширлар аввалги нашриётдаги нашрига ўхшамасин, деб таржимани аввалги нашр билан солиштириб бироз “таҳрирлаган” бўлибди, яъни “кетди” деган сўзни – “жўнади”, “бувиси” деган сўзни – “момоси” қилиб чиқибди. Муайян таҳрир қилдик, деб энди янги китобга ҳам “Муаллифлик ҳуқуқи бизнинг фирмага тегишли, бошқа ҳеч ким чиқармасин”, деб ёза бошлашибди. Яъни мен таржимамдан нусха ҳам ололмайман, бошқа нашр ҳам эта олмас эканман.
Мен Интеллектуал мулк агентлигидан бу ҳодисани шарҳлаб аниқлик киритишни сўраган бўлардим. Ноқонуний ёзув бўлса, олиб ташлансин.
Таржимон билан шартномасиз китоб нашр этиш, қайта нашрларини шартномада кўзда тутмасдан истаганча ўн йиллаб чиқаравериш ҳодисасига баҳо беришни, моддий ва маънавий томонларини ўйлаб кўришни сўраган бўлардим.
Қарасам, ҳамма нашрларда аллақачон (С) муаллифлик ҳуқуқи белгиси фақат фирмалар номи билан чоп этила бошлабди. На муаллиф бор, на таржимон.
Агар ноширлар буюк асарларни таржимонларига ҳақ бермаслик учун кечаги талабаларга “қайта таржима” қилдириб босаверса, Низом Комилов, Иброҳим Ғофуров, Шоир Усмонхўжаев ва бошқа бетакрор таржимонларимизнинг мероси тақдири қандай бўлиши номаълум.
Лекин, барибир, янги нашр барчамизга муборак бўлсин!
Карим БАҲРИЕВ, таржимон, ёзувчи
Нашриётлар фақат китоб нашрининг шакли (безаги, дизайни) учун муаллифлик ҳуқуқига эга бўлишга ҳақли. Шунда ҳам безакчи рассом (дизайнер) билан шартнома тузган бўлса. Матн учун муаллифлик ҳуқуқи – матн эгасига (муаллифга) тегишли, агар расмларини муаллифнинг ўзи чизган бўлса, расмлари учун ҳам (Сетон-Томпсон, Сент-Экзепюри каби), оригинал дизайн ғоясини ким таклиф қилган бўлса, бунинг учун ҳам муаллифлик ҳуқуқи – таклиф қилганники.
Китоб безаклари учун муаллифлик ҳуқуқи ҳам уларни ишлаган рассом(бугун дизайнер)ники. Шундай китоб безаклари бўлганки, бадиий асар саналади. Масалан, Дон Кихотнинг тасвирий образи Густав Доре иллюстрациялари туфайли ёйилган.
Нашриётлар «Китоб меники» дейишга ҳақи йўқ. Муаллифлик ҳуқуқи – муаллифники!
Ўзи муаллиф бўлмаган нарсага муаллифлик ҳуқуқини даъво қилиш – ўғрилик(бу ўринда куппа-кундузи талончилик)нинг бир тури.
Абдулла Аъзамов, академик
Ёдда тутинг
Муаллиф қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқларга эга:
* Муаллифлик ҳуқуқи – асарнинг муаллифи сифатида тан олиниши.
* Муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ – исми кўрсатилган ҳолда ёки имзосиз (тахаллус билан ёки исмсиз) фойдаланишга рухсат бериш.
- Ошкор қилиш ҳуқуқи – асарни исталган шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш (шу жумладан, асарни омма олдидан чақириб олиш ҳуқуқи).
* Муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи – асарни ёки унинг номини муаллиф шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилувчи тарзда бузилишидан ҳимоя қилиш.
* Шахсий номулкий ҳуқуқлар мулкий ҳуқуқлардан мустақилдир – ҳатто мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсларга ўтказилган бўлса ҳам, шахсий ҳуқуқлар муаллифда қолади.