Яқинда судда пойтахтимизнинг Яккасарой туманида яшовчи Т.С.нинг иши кўриб чиқилди. У фирибгарлик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштирганликда айбланди.
Бугунги кунда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, ўзини-ўзи банд қилмоқчи бўлганлар давлат томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Уларга субсидиялар ажратиляпти. Ана шу имтиёз ва рағбатдан Т.С. ўзининг ғаразли ниятида фойдаланмоқчи бўлиб, фуқаро Э.И.га имтиёзли асосда субсидия олиб бериш ниқоб остида электрон калит расмийлаштирган. Гарчи у бошқа маҳаллада яшаса-да, гўёки “Арғумон” МФЙда яшаши ҳамда унга имтиёзли кредит ҳисобидан ўзини-ўзи иш билан таъминлаш мақсадида оилавий тадбиркорлик фаолият учун, дея 33 000 000 сўм кредит ажратиш мақсадида таниши орқали қалбаки тавсиянома тайёрлаган. Ана шу қалбаки тавсияномани Халқ банкининг Тошкент шаҳри филиалига электрон равишда ташлаган.
Т.С. кредит ажратиш билан боғлиқ қалбаки ҳужжатларга Э.И.ни алдаб, имзо қўйдириб олган. Сўнг қалбаки тавсиянома билан олинган 33 000 000 сўмни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Т.С. ўзининг жиноятини яшириш мақсадида банкка ҳамда ҳоким ёрдамчисига қалбаки электрон ҳисоб варақ тақдим қилган.
– Ўтган йилнинг ноябрь ойи ўрталарида қўшнимиз Т.С.га субсидия эвазига компьютер ноутбук ва шунга ўхшаш техника маҳсулотлари берилаётганини айтдим, – деди суд мажлисида жабрланувчи Э.И. – Шу масалада ундан маслаҳат сўраганимда “ёрдам бераман”, деди. Эртаси куни у билан маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси қабулига бордик. Ҳоким ёрдамчиси билан фақат Т.С. гаплашди. Мен кредит бўлса керак эмас, дедим. Шундан сўнг Т.С. яна маҳалла идорасига кириб кетди. Ким билан гаплашди, билмадим. Орадан бир неча кун ўтгач, телефон қилиб қўлимга оддий ноутбукни берди. Яна бир куни телефон қилиб, ўша ноутбукни сўради. Уйда турибди, дедим. Т.С. Компьютерни олиб чиқиб туринг, биз борамиз”, деди. У банк ходими билан келиб, компьютер билан бизни суратга олди, далолатномага имзо чекдик. Ҳатто у мени Давлат хизматлари марказига олиб бориб, электрон имзоимни олди. Ана шу электрон имзодан фойдаланиб, менинг номимдан 33 миллион сўм кредит ечганлигини “СМС” хабаридан билиб қолдим. Ҳозирда банкдан олинган кредитни Т.С. нинг ўзи тўлиқ қайтариб берди. Унга даъвойим йўқ…
Оқибатини ўйламай қўшнисига панд бериб, фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этган Т.С. суд томонидан айбли, деб топилди. Унга иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Алишер ЖАЛИЛОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг раиси