Дори воситаси даволаш сифатида ишлатилиши керак. Аммо рецептсиз сотилган ёки тартибсиз ишлатилган ҳар бир дори инсон саломатлиги учун хавфга айланиши мумкин.
Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳим ташаббус муҳокама қилинди — рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилади.
“Рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокамасида Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Тоҳир Полвонов қуйидаги фикрларни билдирди:
— «Рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида тайёрланган бўлиб, ушбу қонун лойиҳаси билан рецепт билан бериладиган дори воситалари ноқонуний айланмаси учун жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.
Сўнгги йилларда рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи, уларни қонунга хилоф равишда реализация қилиш ва инсон ҳаёти учун хавфли оқибатларга сабаб бўлаётган ҳолатлар кўпаймоқда.
Амалдаги Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазо чоралари номутаносиблиги ҳамда бугунги кунда профилактик самараси пастлиги ушбу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.
Рецепт билан бериладиган дори воситаларининг ноқонуний айланиши фуқароларда турли оғирликдаги заҳарланиш ёки ўлим ҳолатларини келтириб чиқаради. Статистик маълумотларга кўра, 2021–2024 йилларда дори воситаларидан заҳарланган шахслар сони 18 087 нафарни ташкил этган, шундан 177 нафари вафот этган.
2022–2024 йиллар ва 2025 йилнинг дастлабки 5 ойи давомида 288 та ҳолатда умумий қиймати 18 миллиард сўмлик 285 минг дона дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Мазкур лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (165¹-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларида) белгиланган тегишли жазо чораларига қуйидаги ўзгартиришларни киритиш таклиф этилмоқда:
– таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлмаган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача(18,7 млн. сўмдан 37,5 млн. сўмгача)ошириш (амалда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача (1,8 млн. сўмдан 3,7 млн. сўмгача) миқдорда белгиланган);
– таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун амалда белгиланган жарималар миқдорини юз баравардан икки юз бараваригача(37,5 млн. сўмдан 75 млн. сўмгача) ошириш (амалда базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача (18,7 млн. сўмдан 37,5 млн. сўмгача) миқдорда белгиланган).
Шунингдек, Жиноят кодексида (186³-моддасининг бешинчи қисми) белгиланган тегишли жазо чораларига қуйидаги ўзгартиришни киритиш таклиф этилмоқда:
– таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш, шундай ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ёки кўп миқдорда содир этилган тақдирда амалда белгиланган жарималар миқдори БҲМнинг икки юз баравардан уч юз бараваригача (75 млн. сўмдан 112,5 млн. сўмгача) қилиб белгилаш.
Қонун лойиҳасида келтирилган масалалар юзасидан ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида чет эл мамлакатлари тажрибаси ўрганилди.
Хусусан, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний сотганлиги учун Россияда 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Белоруссия, Қозоғистон, Тожикистон давлатларида бундай қилмиш учун қўшимча равишда муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Бошқа турдаги дори воситаларини рецептсиз сотганлик учун Россияда 2,5 минг долларгача, Белоруссияда 1 минг долларгача жарима ҳамда лицензияни бекор қилиш кўзда тутилган…
Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоя қилишга, дори воситаларини реализация қилиш талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга ҳамда ушбу соҳада ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, шунингдек, дори воситаларининг ноқонуний айланмаси натижасида аҳоли заҳарланиши ёки ўлими билан боғлиқ оғир оқибатлар келиб чиқишининг олдини олади.
