ШТАТ БИРЛИКЛАРИ СОНИ МАҚБУЛЛАШТИРИЛАДИ
Жорий йилнинг 4 октябрь куни Президентимизнинг “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятига рақамлаштиришни кенг жорий этиш ҳисобига бошқарув штат бирликлари сонини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Мазкур фармондан кўзланган мақсад – республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш ҳамда бошқарув харажатларини қисқартиришдан иборат. Бинобарин, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг мақбуллаштирилган бошқарув штат бирликлари сони тасдиқланди.
Таъкидлаш лозимки, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари соҳага оид бўлмаган вазифаларни қисқартириб, фаолиятига рақамли технологияларни жорий этади. Шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш ҳамда сунъий интеллектга асосланган лойиҳаларни ишга тушириш учун техник инфратузилма яратиш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида мазкур йўналишдаги устувор лойиҳалар амалга оширилишини таъминлайди. Қолаверса, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича аҳолининг билим ва кўникмаларини ошириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш чораларини кўриб боради.
КАМБАҒАЛ ОИЛАЛАРГА КРEДИТ АЖРАТИШ ТАРТИБИ БEЛГИЛАНДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 сентябрдаги 612-сонли қарори билан “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Низом “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури асосида акциядорлик тижорат “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” томонидан камбағал оилаларга ноутбук, тадбиркорликни бошлаш учун кичик ишлаб чиқариш ускуналари ҳамда кўчма дўкон, мотороллер, скутер ва шу каби бошқа асосий воситаларни сотиб олиш мақсадида кредитлар ажратиш тартибини белгилайди.
Дастур доирасида кредит аризалари қарз олувчи томонидан мустақил равишда ёки зарур ҳолларда, “маҳалла еттилиги” кўмаги асосида платформа орқали тақдим этилади.
Гап шундаки, аризалар скоринг баҳолаш натижаларига кўра 1 иш кунида кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Сўнгра бириктирилган раҳбар аризани 5 иш кунида жойига чиққан ҳолда ўрганади. Ўрганиш натижаси бўйича фотоҳисобот ва кредит ажратиш ёки ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосани платформага жойлаштиради.
Қарз олувчиларга кредитлар, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги фоиз ставкасида устама ҳақ тўлаш шарти билан ажратилади. Яъни 15 миллион сўмгача бўлган 1 та ноутбук сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга 2 йил имтиёзли давр билан, тадбиркорликни бошлаш учун эса қиймати 30 миллион сўмгача бўлган асосий воситаларни сотиб олиш учун 5 йилгача муддатга бўлиб тўлаш шарти билан кредитлар берилади.
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази
масъул ходими